Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 2 / Солиқ тўловчилар эътиборига

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тушунтиради

2015 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларидаги ўзгаришлар, шунингдек солиқ солишнинг айрим масалалари тўғрисида ахборот

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сонли ва 2014 йил 11 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-381-сонли қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 9 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим Фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ПФ-4677-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2270-сонли қарорига мувофиқ, 2015 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларидаги асосий ўзгаришлар, шунингдек солиқ солишнинг айрим масалалари тўғрисида маълум қилади.

 

I. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича

1. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 8-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг базавий ставкаси 2014 йилдаги солиқ ставкасига нисбатан 0,5 фоизли пунктга пасайтирилди ва 8 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,5 фоиз қилиб белгиланди.

Тижорат банклари учун солиқ ставкаси 2014 йил даражасида – 15 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари (фойда солиғини 7,5 фоиз ставкада тўлаш кўзда тутилганлар) учун пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича белгиланган ставка 5 фоизга камайтирилиши сақланиб қолинди.

2. Экспорт қилувчи корхоналар учун ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар экспортининг (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги улушига боғлиқ ҳолда фойда солиғи ставкасини пасайтириш тартиби сақланиб қолинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатда келтирилган хом ашё маҳсулотлари мустасно. Экспорт улуши:

сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

3. Аукционлар ўтказишдан, гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 2014 йил даражасида 35 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

4. Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга солиқ ставкаси 10 фоиз миқдорида сақланиб қолинган.

 

II. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг бир бараваригача «0» даражали ставкани назарда тутувчи тўрт поғонали (2014 йилда 3 поғонали бўлган) солиқ ставкаларини қўллаш тартиби жорий этилди.

Бунда, солиқ ставкалари даромаднинг бошқа гуруҳлари бўйича 2014 йил ставкаларига нисбатан бир фоизли пунктга оширилди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 9-иловасига мувофиқ қуйидаги миқдорларда тасдиқланди:

 

Солиқ солинадиган даромад

 

Солиқ ставкаси

 

энг кам иш ҳақининг бир бараваригача миқдорда

 

даромад суммасининг 0 фоизи

 

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан (+1 сўм) беш бараваригача миқдорда

 

даромад суммасининг 8,5 фоизи

 

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан
(+ 1 сўм) ўн бараваригача миқдорда

 

беш баравар миқдордан солиқ + энг кам иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошадиган сумманинг 17 фоизи

 

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан
(+ 1 сўм) ва ундан юқори миқдорда

 

ўн баравар миқдордан солиқ + энг кам иш ҳақи миқдорининг ўн бараваридан ошадиган сумманинг 23 фоизи

 

 

Бунда, солиқ солинадиган даромадлар гуруҳлари бўйича солиқ солиш шкаласи йил бошига – 2015 йил 1 январга белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (118 400 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмайди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини ҳисоблаб чиқариш мақсадида, энг кам иш ҳақи миқдори йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисобга олинади (йил бошидан бошлаб тегишли даврнинг ҳар бир ойи учун энг кам иш ҳақининг жами суммаси).

Белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган, бюджетга тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларидан «0» ставка бўйича солиқ солинадиган даромадни (энг кам иш ҳақини) чегирган ҳолда 1 фоиз миқдорида ҳисоблаб чиқариладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам ставка бўйича солиқ солинадиган жисмоний шахсларнинг алоҳида даромад турларини солиққа тортиш мақсадида энг кам ставка 8,5 фоиз миқдорида қўлланилади.

 

III. Ягона солиқ тўлови бўйича

1. Ягона солиқ тўловининг ставкалари микрофирмалар ва кичик корхоналар учун (савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 10-1-иловасига мувофиқ, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун 10-2-иловасига мувофиқ ҳамда айрим тоифадаги корхоналар учун 10-3-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2014 йилги даражада 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди, бундан 10-1-илованинг 2-11-бандларида назарда тутилганлар мустасно.

Саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2014 йилги даражада 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа ташкилотлари, телерадио­эшиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2014 йилги даражада 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

2. 2015 йил 1 январдан бошлаб, микрофирма ва кичик корхоналар ҳисобланадиган қурилиш ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 2014 йилдаги 6 фоиз ўрнига 5 фоизга туширилди.

3. Компьютер дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси умумий ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этадиган корхоналар учун 5 фоиз миқдорида ставка сақланиб қолинди.

4. Экспорт қилувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови бўйича 2014 йилда амал қилган, реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматларнинг, (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги экспорти улушига боғлиқ ҳолда солиқ солишнинг регрессив шкаласи сақланиб қолинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлари мустасно. Экспорт улуши:

сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

5. Гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи микрофирма ва кичик корхоналар, шунингдек ломбардлар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 2014 йил даражасида 30 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

6. Қуйидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун:

тайёрлов ташкилотлари, брокерлик идоралари (қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширадиган корхоналар бундан мустасно) ҳисобланадиган, шунингдек воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматларини кўрсатишга доир бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматларини кўрсатувчи корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 33 фоиз миқдорида;

қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширадиган корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 13 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Бунда, ушбу бандда кўрсатилган микрофирма ва кичик корхоналар учун солиқ солинадиган база ҳақ суммаси (ялпи даромад) кўринишида аниқланади.

7. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини реализация қилиш учун турғун савдо шохобчаларини ижарага беришга ихтисослашган (ижарага беришдан олинадиган даромад 60 фоиздан юқори бўлган) корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2014 йилги даражада солиқ солинадиган базага нисбатан 30 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

8. Умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 10 фоиз, умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига хизмат кўрсатувчи ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари учун эса – солиқ солинадиган базага нисбатан 8 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

9. Қуйидаги жойларда жойлашган чакана савдо корхоналари учун (чакана дорихона ташкилотлари бундан мустасно):

аҳоли сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда – ягона солиқ тўлови ставкаси 4 фоиз миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида – ягона солиқ тўлови ставкаси 2 фоиз миқдорида;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – ягона солиқ тўлови ставкаси 1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

10. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб улгуржи-чакана савдони амалга оширувчи савдо корхоналари учун (бундан дорихона ташкилотлари мустасно) ягона солиқ тўлови ставкаси унификация қилиниб, 5 фоиз миқдорида белгиланди.

Улгуржи савдони амалга оширувчи савдо корхоналари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2014 йил даражасида 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

11. «Шаробсавдо» ихтисослаштирилган ҳудудий базалари учун чакана ва улгуржи товар айланмаси бўйича ягона солиқ тўловининг 2014 йилдаги 5 фоиз ставкаси сақланиб қолинди.

12. Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи дорихона ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси жойлашган жойига қараб қуйидагича белгиланди:

аҳоли сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда – 3 фоиз миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида – 2 фоиз миқдорида;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – 1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

13. Аҳоли пунктларини бориш қийин бўлган ва тоғли туманлари таркибига киритиш «Аҳоли пунктларини бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудлар таркибига киритиш тартиби тўғрисида»ги йўриқномага (Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 11 ноябрда 1868-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади.

14. Чакана савдо корхоналари мустақил юридик шахс ҳисобланмайдиган ва турли аҳоли пунктларида жойлашган, улар бўйича ягона солиқ тўловининг турли ставкалари белгиланган бир нечта савдо шохобчаларига эга бўлса, улар томонидан ҳар бир савдо шохобчаси бўйича товар айланмасининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш ҳамда мазкур аҳоли пунктлари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлаш тартиби сақланиб қолинди.

15. Хизмат кўрсатиш соҳаси, умумий овқатланиш ва савдо корхоналари пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда реализация қилинган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича белгиланган ставкани 5 фоизга камайтирилиши сақланиб қолинди.

16. Ягона солиқ тўлови тўловчилари учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблашда ягона база этиб, улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммани белгилаш тартиби сақланиб қолинди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шунингдек, чакана савдо корхоналари учун айнан шу турдаги фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаш тартиби сақланиб қолинди.

17. Лотереялар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи корхоналар (мазкур фаолият тури доирасида) учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 33 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

 

IV. Қатъий белгиланган солиқ бўйича

1. Юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 11 ва 12-иловаларига мувофиқ тасдиқланди.

2. Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойи бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкаси:

Тошкент шаҳри учун – 1 кв.метр учун ойига ЭКИҲнинг 0,1 баравари миқдорида;

Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 1 кв.метр учун ойига ЭКИҲнинг 0,06 баравари миқдорида;

бошқа аҳоли пунктлари учун – 1 кв.метр учун ойига ЭКИҲнинг 0,04 баравари миқдорида сақланиб қолинди.

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан болалар ўйин автоматлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкаси:

Тошкент шаҳри учун – ҳар бир жиҳозланган ўрин учун ойига ЭКИҲнинг 3,0 баравари миқдорида;

Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар учун – ҳар бир жиҳозланган ўрин учун ойига ЭКИҲнинг 2,0 баравари миқдорида;

бошқа аҳоли пунктлари учун – ҳар бир жиҳозланган ўрин учун ойига ЭКИҲнинг 1,0 баравари миқдорида сақланиб қолинди.

3. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб маиший хизматлар (шу жумладан, сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр, косметолог хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар) кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари фаолиятни амалга оширилган жойига қараб қуйидагича белгиланди:

Тошкент шаҳрида – ойига ЭКИҲнинг 3,5 баравари миқдорида;

Нукус шаҳри ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – ойига ЭКИҲнинг 1,5 баравари миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида – ойига ЭКИҲнинг 0,5 баравари миқдорида.

Бунда, сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр, косметолог хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатадиган якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари, фаолиятни амалга оширилган жойига қараб 2014 йилга нисбатан ЭКИҲнинг 0,5 бараварига пасайтирилди.

4. Бошқа фаолият турлари бўйича якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2014 йил даражасида сақланиб қолинди.

5. Қатъий белгиланган солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси йил бошига – 2015 йил 1 январга белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (118 400 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмайди.

 

V. Қўшилган қиймат солиғи бўйича

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

 

VI. Акциз солиғи бўйича

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 13-1 ва 13-2-иловаларига мувофиқ тасдиқланди.

Акциз солиғи ставкалари республикада ишлаб чиқариладиган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) – 5 фоизга, бошқа вино, фильтрли сигареталар – 10 фоизга, спирт, коньяк, ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотлари, пиво – 15 фоизга индексация қилинди.

Шунингдек, 2015 йил 1 январдан республикада ишлаб чиқариладиган фильтрли, фильтрсиз сигареталар, папиросларнинг минг донаси учун 19 196 сўм миқдорида акциз солиғининг ягона ставкаси белгиланди.

 

VII. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича

1. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 14-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2014 йилда амал қилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ўртача 1,2 бараварга индексация қилинди.

2. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўловчилар, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун бир хил солиқ ставкаси жорий қилиниши ҳисобига (ушбу қарорнинг 14-иловаси 2-4 бандларида кўрсатилганлар мустасно) унификация қилинди. Шу билан бирга, ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари солиқ ставкалари ҳам мазкур қарорнинг 14-илова 1-банди таркибига киритилди;

алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқаришда фойдаланган сув ҳажмларининг 1 куб метри учун 10 000 сўм миқдорида ҳамда бошқа мақсадлар учун 1 куб метр ер усти сув манбалари учун 61,9 сўм ва ер ости сув манбалари учун 78,6 сўм миқдорида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлашлари белгиланди. Бунда, мазкур корхоналар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни солиқ солиш тартибидан (умумбелгиланган ёки соддалаштирилган солиқ солиш тартиби) қатъи назар тўлайдилар.

 

VIII. Ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ ва махсус тўловлар

а) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 15-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2014 йилда амал қилган ставкалар даражасида сақланиб қолинди.

б) бонуслар бўйича.

Имзоланадиган бонус ва тижоратбоп топилма бонуси ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 16-1 ва 16-2-иловаларига асосан тасдиқланди.

2015 йилда:

фойдали қазилмаларни разведка қилиш ва қидириш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун энг кам иш ҳақининг 100 дан 10 000 бараваригача миқдорда белгиланган имзоланадиган бонуснинг энг кам ставкаси;

тижоратбоп топилма бонуси ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 0,1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

в) қўшимча фойда солиғи бўйича.

Айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 17-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Табиий газ бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари 2014 йил даражасида сақлаб қолинган.

Бунда, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб катодли мис, полиэтилен гранулалар, цемент (оқ цемент ва муқобил ёқилғи – кўмир асосида ишлаб чиқарилган цементдан ташқари) ва клинкер (муқобил ёқилғи – кўмир асосида ишлаб чиқарилган клинкердан ташқари) бўйича қўшимча фойда солиғининг солиқ солинадиган базасининг ҳисоб-китоб нархлари оширилиб, қўшимча фойда солиғи ставкалари 2014 йил даражасида сақланиб қолинди.

 

IX. Мол-мулк солиғи бўйича

1. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 18-иловасига мувофиқ 2014 йилдаги 4,0 фоиз миқдори сақланиб қолинди.

Белгиланган (меъёрий) муддатларда ўрнатилмаган ускуналар учун мол-мулк солиғи икки баравар ставкада тўланади.

2. Экспорт қилувчи корхоналар учун мол-мулк солиғи бўйича 2014 йилда амал қилган, реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматларнинг (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги экспорти улушига боғлиқ ҳолда солиқ солишнинг регрессив шкаласи сақланиб қолинди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлари бундан мустасно. Экспорт улуши:

сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

Бунда, белгиланган (меъёрий) муддатларда тугалланмаган қурилиш ва ишга туширилмаган ускуналар қийматига нисбатан пасайтирилган ставкалар қўлланилмайди.

3. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 19-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Мазкур илованинг 1-бандида келтирилган мол-мулклар учун инвентаризация қийматига нисбатан солиқ ставкаси 1,3 фоиз (2014 йил 1,2 фоиз) миқдорида белгиланди.

2015 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,4 фоиздан 1,6 фоизга, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 1,8 дан 2,2 фоизга оширилди.

2015 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахслар мол-мулкининг баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 328,0 минг сўм миқдорида (2014 йил – 18 480,0 минг сўм), бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса 8 833,0 минг сўм миқдорида (2014 йил – 8 030,0 минг сўм) мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда ундирилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 кв.м ҳажмида белгиланади.

Жисмоний шахслар томонидан солиқ солинадиган объектлардан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда ёхуд уларни юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахслар томонидан турар уй-жой фонди объектлари нотурар жой фонди тоифасига ўтказилганда ёки улар томонидан нотурар жой фонди объектлари (бинолар, бинодаги хоналар) мулк сифатида харид қилинганда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

 

X. Ер солиғи бўйича

1. Ер солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 20-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2014 йилда амал қилган солиқ ставкалари ўртача 1,15 бараварга индексация қилинди.

Ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ундириладиган ер солиғи ставкаси суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғининг базавий ставкаси ва 20-иловадаги 1-жадвал бўйича ер участкасининг сифат характеристикаси (балл-бонитет)ни ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентидан келиб чиқиб аниқланади.

Қарорнинг 20-иловаси 7 ва 8-жадвалларида келтирилган ставкаларга ер участкалари жойлашган жойидан келиб чиқиб, қуйидаги коэффициентлар қўлланилади: Тошкент шаҳри атрофида 20 км радиусда – 1,30, Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти ва вилоят марказлари атрофида 15 км радиусда – 1,20, туман марказлари атрофида 10 км радиусда – 1,15 ва бошқа шаҳарлар атрофида 5 км радиусда – 1,10.

Ер участкаларигача бўлган масофа автомобиль йўллари бўйича шаҳарлар ва туман марказларининг маъмурий чегараларидан бошлаб белгиланади. Агар ер участкаси икки шаҳар яқинида жойлашган бўлса, шаҳарнинг юқорироқ функционал вазифасига мувофиқ келадиган коэффициент қўлланилади.

Жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти учун берилган ер участкаларидан солиқ юридик шахслар учун тасдиқланган ставкалар бўйича ундирилади.

2. 2015 йил 1 январдан жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблашда белгиланган норматив доирасидаги ер участкалари учун 5 ва 6-жадвалларда келтирилган базавий ставкалари бўйича, белгиланган нормативлардан юқори ер участкаларига эса базавий ставкаларга 1,5 кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади.

Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш мақсадида ер участкаларининг қуйидаги нормативлари қўлланилади:

Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар бўйича – 0,06 гектар;

бошқа аҳоли пунктлари бўйича (деҳқон хўжаликларидан ташқари) – 0,1 гектар.

 

XI. Ягона ер солиғи бўйича

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 21-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиқиб ягона ер солиғини тўловчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкаси 2014 йил даражасида қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматига нисбатан 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Бунда, жамоат иморатлари ва ҳовлилари билан банд бўлган ерлар бўйича баҳолаш 2,0 коэффициентини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Белгиланган мезонларга мувофиқ, ягона ер солиғи тўловчилари жумласига кирувчи балиқчилик хўжаликлари ягона ер солиғини суғориладиган ерларнинг туман бўйича ўртача норматив қийматидан келиб чиқиб тўлайди.

 

XII. Маҳаллий солиқлар ва йиғимлар бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 22-иловасига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг энг юқори ставкалари қуйидагича белгиланди:

1. Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи соф фойданинг 8 фоизи миқдорида сақланиб қолинди.

2. Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкалари қуйидагича белгиланди:

бензин ёқилғиси – 1 литр учун 290 сўм / 1 тоннага 385 200 сўм;

дизель ёқилғиси – 1 литр учун 290 сўм / 1 тоннага 352 400 сўм;

суюлтирилган газ – 1 литр учун 200 сўм;

сиқилган газ – 1 куб метр учун 240 сўм.

Бунда, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали бензин ва дизель ёқилғиси реализация қилишда транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ 1 литр ҳисобида, бошқа ҳолларда эса 1 тонна ҳисобида ҳисоблаб чиқарилади.

3. Айрим турдаги товарлар (алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар) билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ставкалари сақланиб қолинди.

4. Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим 2014 йилда белгиланган миқдорда сақланиб қолинди.

 

XIII. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий ажратмалар ва тўловлар бўйича

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ва Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг солиққа тортиш объектлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг
23-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 24-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Республика йўл жамғармасига йиғим Ўзбекистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Украинада ишлаб чиқарилган, ихтисослаштирилган савдо тармоғида харид қилинадиган янги автотранспорт воситалари бўйича – харид қийматининг 3 фоизидан кам бўлмаган миқдорда сақланиб қолинди.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган солиққа тортиш объектларидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2014 йил даражасида 1,6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига белгиланган солиққа тортиш объектларидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2014 йил даражасида 1,4 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига белгиланган солиққа тортиш объектларидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2014 йил даражасида 0,5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича хўжалик субъектларига қонун ҳужжатлари билан аввал татбиқ этилган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларга татбиқ этилади.

 

XIV. Ижтимоий жамғармаларга мажбурий тўловлар

1. Ягона ижтимоий тўлов ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 25-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2. 2015 йил 1 январдан микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан 2014 йилда амалда бўлган 25 фоиз ўрнига 15 фоиз миқдорида белгиланди.

Бунда, мазкур тоифа корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов суммаси қуйидаги миқдорларда тақсимланади:

 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

 

14,8 %

 

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

 

0,1 %

 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши

 

0,1 %

 

 

Бошқа тўловчилар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 2014 йил даражасида 25 фоиз миқдорида сақланиб қолинди. Бунда, ягона ижтимоий тўлов суммаси қуйидаги миқдорларда тақсимланади:

 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

 

24,8 %

 

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

 

0,1 %

 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши

 

0,1 %

 

 

3. 2015 йил учун фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ставкаси 2014 йилда амал қилган 6,5 фоиз ўрнига 7,0 фоиз миқдорида белгиланди.

 

XV. Солиқ солишнинг алоҳида масалалари бўйича

1. Юридик шахслар учун кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадларига солиққа тортишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниб, унга мувофиқ мазкур даромадлар шартнома бўйича ўрнатилган ижара тўлови суммасидан келиб чиққан ҳолда, аммо давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари бўйича ҳисоблаб чиқилган миқдордан кам бўлмаслиги лозим.

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 26-иловасига мувофиқ тасдиқланиб, 2014 йил даражасида сақланиб қолинди. Хусусан, ижара тўловининг энг кам ставкалари:

турар жойни ижарага беришда 1 кв.метр учун Тошкент шаҳрида – 3 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 2 000 сўм ва бошқа аҳоли пунктларида – 1 000 сўм;

нотурар жойларни ижарага беришда 1 кв.метр учун Тошкент шаҳрида – 6 000 сўм, Нукус шаҳри ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда – 4 000 сўм ва бошқа аҳоли пунктларида – 2 000 сўм;

енгил автомобилларга (йўловчилар, юк ташиш учун мўлжалланган ва ўриндиқлари сони ҳайдовчини ҳисобга олмаган ҳолда 8 та жойдан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси) 1 автотранспорт воситаси учун – 220 000 сўм;

микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобилларига 1 автотранспорт воситаси учун – 430 000 сўм ижара тўловининг энг кам миқдорларидан иборат.

2. Ундиришни солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига қаратиш учун солиқ қарзининг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 28-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Ундиришни солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига қаратишда солиқ қарзининг энг кам миқдорлари йил бошида – 2015 йилнинг 1 январида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (118 400 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда ҳам қайта кўриб чиқилмайди.

3. Мобил алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов 2014 йил амалда бўлган ойига 600 сўм ўрнига 750 сўм миқдорда белгиланган бўлиб, маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 27-иловасига мувофиқ тақсимланади.

4. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси томонидан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларига (балансида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари мавжуд юридик шахсларни ўз ичига олган ҳолда) сотадиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига солиққа тортилмайдиган махсус инвестиция устама ҳақи 1 куб метр учун 400 сўм миқдорида белгиланди.

5. Ўзбекистон Республикасининг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган доимий муассасаларни ташкил этиб, фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентларига тузилган шартномаларни амалга ошириш доирасида товарлар олиб кириш ҳуқуқи берилди.

6. Минтақаларнинг ўзини ўзи молиявий таъминлаш даражасини ошириш, давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари ва бошқа даромадлар бўйича тушумлар:

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ (2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорнинг 11-иловасида назарда тутилган);

якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ (2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорнинг 12-иловасида назарда тутилган);

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғига акциз солиғи;

чакана савдо тармоқларида сотиладиган олтиндан ясалган заргарлик буюмларига акциз солиғи;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли қарорининг 29-иловасига мувофиқ давлат божлари, йиғимлар ва жарималар бўйича тушумлар тўлиқ ҳажмда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари даромадларига ўтказилади.

Мобил алоқа хизматини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми, абонентнинг рўйхатга олинган жойига қараб Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

7. Ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўлашни иш берувчилар ҳисобидан амалга ошириш тартиби 2016 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

 

XVI. Имтиёзлар бўйича

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 9 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим Фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ПФ-4677-сонли Фармонига мувофиқ, 2015 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ўзгартиришлар киритилди. Хусусан:

● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-3750-сонли Фармонининг 8-банди биринчи хатбошида кўзда тутилган «Микрокредитбанк»ка берилган имтиёзлар, жумладан фойда ва мол-мулк солиқлари ҳамда банк фойдасига ундирилган мулкни сотишда қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилиниши бўйича имтиёзлар муддати 2018 йилнинг 1 январигача узайтирилди;

● микрофирма ва кичик корхоналарни ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишни янада рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги «Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4232-сонли Фармонининг 1-банди биринчи хатбошига ўзгартириш киритилиб, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан республиканинг касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузилганда, банд ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатларида белгиланган чекланган нормативи 20 фоиздан 50 фоизга оширилди;

● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4354-сонли Фармонининг 8-бандида назарда тутилган микрофирмалар ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50 фоизини мажбурий сотишдан озод қилиниши бўйича имтиёзни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича товарларни экспорт қиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар учун истиснолар жорий этилди;

● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармонининг 8-банди учинчи хатбошига ўзгартириш киритилиб, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида, агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда ягона солиқ тўлови ва ягона ижтимоий тўловни ушбу тўловларнинг тасдиқланган энг кам миқдорларини ҳисобга олмаган ҳолда тўланишини назарда тутади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2270-сонли қарорининг 36-сонли иловасига асосан 2015 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

● 2018 йил 1 январга қадар қуйидаги имтиёзларнинг:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги «Бюджет ташкилотларини молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 414-сонли қарорининг 4-бандида белгиланган қўшимча даромад олувчи бюджет ташкилотларига берилган имтиёзлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 12 июндаги «2001/2002 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги 250-сонли қарорининг 9-бандида белгиланган тўлов-контракт асосида кадрларни тайёрлаш учун тушадиган маблағлардан олий таълим муассасаларини (моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини замонавий таълим воситалари билан таъминлаш, олий таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш учун мақсадли фойдаланиш шарти билан) солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалардан озод этиш бўйича имтиёзлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 июндаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида»ги 158-сонли қарорининг 1-бандида белгиланган профессионал футбол клублари, Ўзбекистон Футбол федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини солиқлар ва йиғимларнинг барча турларини (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) тўлашдан озод этилиши (бўшаб қоладиган маблағларни футболни ривожлантиришга мақсадли йўналтириш шарти билан) бўйича берилган имтиёзларнинг муддатлари узайтирилди;

● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 мартдаги «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1512-сонли қарорининг 1-банди учинчи хатбошидаги «ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин» сўзлари чиқариб ташланди. Яъни, «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси корхоналарига контракт тузиш пайтида вужудга келган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархлар бўйича эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғини ноль ставка бўйича ҳисоблаган ҳолда) ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) харид қилишига истисно тариқасида рухсат бериш тартибида ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг камида 80 фоизини экспортга йўналтириш шарти бекор қилинди;

● Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 24 мартдаги «Тошкент шаҳрида Инха Университетини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-2155-сонли қарорининг 11-банди иккинчи хатбошига ушбу университетнинг давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши бўйича қўшимча киритилди;

● Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибининг 3-банди «е» кичик бандига киритилган ўзгартиришларга асосан, микрофирма ва кичик корхоналар томонидан экспорт қилишдан тушган хорижий валютани мажбурий сотиш бўйича имтиёз қўлланилмайдиган товарлар рўйхати кенгайтирилди. Унга кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсимликларни, табиий газни (шу жумладан транзит), мис штейни, цементацион мис (чўкинди мис), мис таёқчалар ва профиллар ҳамда мис симлар бўйича экспорт қилишдан тушган хорижий валюта тушумларидан мажбурий сотув имтиёз қўлланилмаган ҳолда амалга оширилади. Бунда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсимликлар экспортидан келадиган валюта тушумларидан 25% миқдорида мажбурий сотув амалга оширилади.

 

XVII. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги
«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сонли Қонунига мувофиқ, қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси;

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 5-моддасига киритилган ўзгартириш микрофирма ва кичик корхона Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларининг, академик лицейларининг ҳамда олий таълим муассасаларининг битирувчилари билан меҳнат шартномалари тузган тақдирда, банд бўлган ходимларнинг белгиланган ўртача йиллик сонини кўпи билан 20 фоиздан 50 фоизга оширилишини назарда тутади.

Солиқ тўловчи томонидан бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик учун маъмурий жавобгарлик чоралари шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175 ва 264-моддаларига юқорида келтирилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи тегишли қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-моддаси қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Солиқ тўловчи томонидан бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик, –

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунига мувофиқ, Солиқ кодексининг 46 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан:

1. Солиқ кодекси нормаларини Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддасида белгиланган нормаларга мувофиқлаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 3-моддаси еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилмаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради».

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4453-сонли Фармонининг 5-бандида барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўла ҳажмда 2014 йилнинг охирига қадар босқичма-босқич ўтказилиши белгиланганлиги муносабати билан Солиқ кодексининг 45-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди:

«Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этади».

3. Текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар учун молиявий санкциялар суммаларини тўлашнинг ягона тартибини белгилаш мақсадида Солиқ кодексининг 54-моддаси учинчи қисмига тегишли қўшимча киритилди.

Хусусан, давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда амалга ошириш ҳуқуқини назарда тутадиган тартиб юридик шахслар сингари якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

4. Солиқ кодексининг 56-моддаси биринчи қисми Солиқ кодексининг 58-моддасидаги нормаларга мувофиқлаштирилди ва солиқнинг бюджетга тўланган ҳамда тўлаш учун ҳисобланган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ солиқнинг ортиқча тўланган суммаси деб эътироф этилиши белгиланди.

5. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзини мажбурий ундириш, жумладан, қарздорликни солиқ тўловчи-қарздорнинг дебиторларидан ундириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Солиқ кодексининг 64-моддаси биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилди:

«Ушбу Кодекс 61-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида солиқ қарзини узмаган юридик шахслар солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида давлат солиқ хизмати органларига дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши шарт.

Давлат солиқ хизмати органлари дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини олган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммага қаратади».

6. Солиқ кодексининг 79, 81, 271-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, кўчмас мулкни объектлар бўйича ҳисобга қўйиш, мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини топшириш ва уни тўлашни ушбу мулк жойлашган жойида амалга оширишни ҳамда солиқ тўловчининг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даврида юзага келганда солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш муддатини аниқлаштиришни назарда тутади.

Бунда, солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмасдан тақдим этади.

7. Солиқ кодексининг 277-моддасидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган давлат солиқ хизмати органларига кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотни тақдим этишни белгиловчи норма чиқарилганлиги муносабати билан, худди шу каби норма Солиқ кодексининг 84-моддасига кўчирилган ва ушбу тартиб жисмоний шахсларга тегишли ер участкаларига ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Бунда, Солиқ кодексининг 84-моддаси тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ҳар йили 1 февралгача ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида 1 январь ҳолатига кўра маълумот бериши, шунингдек ер участкаси ва бошқа кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар йил давомида юзага келганда – мазкур кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт».

8. Солиқ кодексининг 130 ва 132-моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан ҳамда нотижорат ташкилотларининг асосий фаолияти тури уларнинг устав вазифалари асосида аниқланишини инобатга олган ҳолда мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар, фоизлар, роялти ҳамда даромадлар олиш имконини берувчи мол-мулкни ва мулкий ҳуқуқларни бошқа шахсларга фойдаланишга бериш, шунингдек талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахснинг фойдасига воз кечишдан олинган даромадлар, нотижорат ташкилотлар учун бошқа даромад деб эътироф этилади ва унга Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солинади.

9. Солиқ кодексининг нормаларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 145 ва 147-моддаларига бошқа ва чегирилмайдиган харажатлар, жумладан суғурта мукофотлари (бадаллари) харажатлари билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.

Юридик шахснинг мол-мулкни суғурта қилиш бўйича харажатлари жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари деб эътироф этилиши ва уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солиниши муносабати билан Солиқ кодексининг 171-моддаси 13-бандидан «мол-мулкни суғурта қилиш» сўзлари чиқариб ташланди.

10. Солиқ кодексининг 146-моддасига киритилган ўзгартириш мазкур Кодекс нормаларини бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришни назарда тутиб, бунда тегишли харажатлар таркибини аниқлашда амортизация бир неча усуллар билан ҳисобланишидан келиб чиққан ҳолда ушбу усулларни қўллаганда ижобий фарқ юзага келиш мумкин бўлган ҳолатлар инобатга олинган.

11. Халқаро шартнома қоидаларини қўллашни соддалаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 155-моддасига киритилган ўзгартиришлар, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўланадиган даромадларга (2 ва 4-бандлари бундан мустасно) мазкур шахснинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ тўлов манбаида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ушлаб қолинмаган ёки унинг пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда амалга оширилишини назарда тутади.

12. Солиқ маъмурчилигини соддалаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 187-моддасига жисмоний шахслар даромадлари бўйича улар олинган жойидан қатъи назар давлат солиқ хизмати органларига маълумотнома тақдим этиладиган даромадлар рўйхати бўйича аниқлаштириш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотнома жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари бўйича, уларнинг олинган жойидан қатъи назар тақдим этилмайди:

дивидендлар, фоизлар тарзидаги даромадлар;

Солиқ кодексининг 181-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадлар;

жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида белгиланган энг юқори ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадлар.

13. Солиқ кодексининг 208-моддасига киритилган қўшимча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра тижорат банклари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан қурилаётган кўчмас мулк объектларини реализация қилиш оборотларини қўшилган қиймат солиғидан озод этилишини назарда тутади.

14. Юридик ва жисмоний шахслар учун табиий газнинг ягона қиймати белгиланганлиги муносабати билан Солиқ кодексининг 217-моддасига аҳолига сотиладиган газга қўшилган қиймат солиғининг «0» ставкасини бекор қилиш бўйича ўзгартириш киритилди.

15. Солиқ кодексининг 223 ва 225-моддаларига солиқ даври ҳамда микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҚҚС бўйича ҳисоб-китоб тақдим этиш муддатининг ўзгариши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҳисобот даври бир ой этиб белгиланди.

Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчи микрофирма ва кичик корхоналар учун солиқ даври – йил чораги сақлаб қолинди ва қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

16. Солиқ кодексининг 240-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳисоб-китобларни ҳар чоракда тақдим этилиши муносабати билан акциз солиғи муддатларининг (ҳар ўн кундан ҳар ойга) қисқаришини назарда тутади.

Шу муносабат билан ҳар ўн кунлик тўловлар бекор қилинган ҳолда солиқ даври мобайнида жорий тўловлар киритилди.

Акциз солиғи бўйича жорий тўловларнинг суммасини аниқлаш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даври биринчи ойининг 10-кунигача давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даври учун акциз тўланадиган товарларни реализация қилишнинг тахмин қилинаётган ҳажми ҳамда акциз солиғининг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган акциз солиғининг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этадилар.

Акциз солиғи бўйича жорий тўловлар ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай йил чораги бўйича акциз солиғи суммасининг учдан бир қисми миқдорида тўланади.

Акциз тўланадиган товарларни реализация қилишнинг тахмин қилинаётган ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган акциз солиғи суммаси солиқ даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғи суммасига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ камайтирилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жорий тўловларни бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғининг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб пеня ҳисоблаган ҳолда қайта ҳисоблашга ҳақли.

Акциз солиғини тўлаш ҳисоб-китобларни топшириш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади.

17. Солиқ кодексининг 254-моддасига киритилган ўзгартириш тижоратбоп топилма бонуси, агар аввал мазкур кон бўйича тижоратбоп топилма бонуси тўланмаган бўлса, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳуқуқини олишда тўланишини назарда тутади.

18. Солиқ тўловчида солиқ даври мобайнида жорий тўловларни тўлаш мажбурияти юзага келган ҳолда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловлар суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт бўлган муддатни аниқлаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 264-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Бунда, солиқ тўловчилар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тақдим этадилар.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4609-сонли Фармони асосида Солиқ кодексининг 286 ва 369-моддаларига киритилган ўзгартиришлар ер солиғи ва ягона ер солиғи тўлови даврийлигини йилига уч мартадан икки мартага қисқартиришни назарда тутади.

Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тааллуқлилиги бўйича ер солиғи ва ягона ер солиғини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар – йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи;

ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар – солиқнинг қолган суммаси.

20. Фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашнинг ягона тартибини белгилаш мақсадида, Солиқ кодексининг 296-моддасига ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган базанинг қуйидаги суммага камайишини назарда тутадиган тегишли қўшимчалар киритилди:

суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тариқасида олинган маблағлар суммасига;

бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммасига.

21. Суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари томонидан ўз маҳсулотларини автомобилларга газ қуйиш шохобчалари орқали, шунингдек биржада охирги истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказиб бериш орқали сотилишидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 301-моддасига тегишли қўшимча киритилди.

22. Солиқ кодексининг 306-моддасига киритилган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар учун ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объектини аниқлашни назарда тутади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар учун ягона ижтимоий тўловнинг ва суғурта бадалларининг солиқ солиш объекти уларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилгунига қадар охирги иш жойи бўйича олинган, Ўзбекистон Республикасида бюджет муассасалари ходимлари учун иш ҳақи оширилиши ҳисобга олинган ҳолда қайта ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

23. Солиқ кодексининг 308-моддаси иккинчи қисмига киритилган қўшимча Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, умумий юрисдикция судларининг ва хўжалик судларининг судьялари, шунингдек прокуратура органларининг мансаб даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларининг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадларига нисбатан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқарилмаслигини назарда тутади.

24. Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини бошлаши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида Солиқ кодексининг 311-моддасига янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан суғурта бадалларини тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилишини назарда тутадиган тегишли қўшимча киритилди.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 311-моддасига Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг суғурта бадалларини тўлаш бўйича мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг зиммасига юклатилишини назарда тутадиган қўшимча киритилди. Суғурта бадалларини тўлаш Солиқ кодексининг 310-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган муддатларда, яъни ҳар ойда, кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

25. Солиқ кодексининг 316-моддасига киритилган ўзгартириш солиқ солиш шартларини тенглаштирилишини ҳамда солиқ солишнинг умумий тартибидан Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича истисноларни камайтиришни назарда тутади. Мазкур ўзгартиришларнинг киритилиши йўл ишларини бажарувчи барча корхоналарга солиқ солишнинг ягона тартибини белгилаш имконини беради.

26. Солиқ кодексининг 349-моддасига киритилган қўшимча қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашни назарда тутади.

Яъни, мазкур корхоналар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни солиқ солиш тизими (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби)дан қатъи назар тўлайди.

27. Солиқ кодексининг 264 ва 271-моддаларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома тақдим этишда қўшимчалар киритилганлиги ҳамда ушбу солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар ҳар чоракда эмас, балки йилига бир марта тақдим этилиши муносабати билан Солиқ кодексининг 354 ва 363-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

28. Солиқ кодексининг 355 ва 356-моддаларига киритилган ўзгартиришлар товарлар (ишлар, хизматлар) қийматида ҳисобга олинадиган солиқларни киритилмаган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни аниқлашнинг ягона тартибини белгилайдиган аниқлаштирувчи норманинг киритилишини назарда тутади.

Ягона солиқ тўловини тўловчи юридик шахслар солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлаш билан бирга акциз солиғи ва транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни (мазкур солиқ тўловчилари учун) ҳам тўлайди.

29. Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Солиқ кодексининг 375-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади».

30. Айрим имтиёзлар талаб этилмаганлиги ва самарасиз бўлганлиги учун Солиқ кодексининг 7 та моддасидаги (158, 179, 282, 290, 308, 324 ва 367) баъзи имтиёзлар бекор қилиниши назарда тутилган. Имтиёзларнинг бекор қилиниши Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунининг 5-моддасига мувофиқ 2015 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.

 

XVIII. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрдаги
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-381-сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-381-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг 14 та Қонуни, 7 та Кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 1 та боби ва 5 та моддасига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2085-сонли қарорига мувофиқ, Солиқ кодексининг 335-моддасига Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини) давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмаслигини назарда тутадиган ўзгартириш киритилди.

Лицензиялашни ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатларни бериш механизмларини янада соддалаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2164-сонли қарори қабул қилинган ва унда қатор тадбирлар белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида гастроль-концерт фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ҳамда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш учун лицензия концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга бирлаштирилди. Шу муносабат билан Солиқ кодексининг 63 боби ва 180, 388, 389, 390-моддаларига ўзгартиришлар киритилди.

 

ДСҚ раисининг
биринчи ўринбосари
А.Юлдашев.

Прочитано: 15204 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2016-12-24 09:40:20, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!
2017-04-03 16:27:05, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика