Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 1 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ҚАНДАЙ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 22.12.2014 йилдаги 352-сон Қарори билан Дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказиш юридик шахслар бўлган тадбиркорлик субъектларига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилишини назарда тутади, гувоҳнома уларни тиббиёт амалиётида қўллаш учун асос ҳисобланади. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш даврида дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари томонидан Бош бошқармага тақдим этилган ариза ва ўзгаришларга тааллуқли ҳужжатлар асосида дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Ҳужжат билан шунингдек хорижий дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда улар учун рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш тартибга солинади ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни тиббий амалиётда қўллашда тадбиркорлик субъекти томонидан бажарилиши шарт бўлган талаблар ва шартлар белгиланади.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун тадбиркорлик субъекти (ёки унинг номидан ҳаракат қилувчи ишончли шахс) Бош бошқармага Қарор билан тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этади. Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги махфий маълумотлар Бош бошқарма томонидан ошкор қилинмаслиги лозим ва тадбиркорлик субъектидан Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва намуналарни тақдим этишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тўғрисида берган аризасидан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Гувоҳнома бериш тўғрисидаги аризасини ариза қабул қилинган санадан бошлаб 180 иш кунидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқилади. Бироқ кўрсатилган муддатга қуйидагилар киритилмайди:

дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертизадан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ариза берувчи томонидан тегишли ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган 45 иш кунидан ошмайдиган муддат;

клиник синовлар ўтказиш учун тегишли тартибда келишилган клиник базаларга ариза берувчи томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар намуналарини ҳамда клиник синовлар дастурларини тақдим этиш учун белгиланган 45 иш кунидан ошмайдиган муддат;

бевосита клиник синовларнинг ўтказилиш муддатлари.

Бош бошқарма тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай тадбиркорлик субъектига рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериши ёки бундай ҳужжатни беришнинг рад этилганлиги тўғрисида уни ёзма шаклда хабардор қилиши керак.

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тадбиркорлик субъекти томонидан Бош бошқармага зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган аризасига биноан узайтирилиши мумкин. Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза Бош бошқармага унинг амал қилиш муддати тугашидан олдин 3 ой мобайнида берилиши керак.

Қарорда рўйхатдан ўтказиш таомиллари амалга оширилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдорлари қуйидагича белгиланган:

 

Йиғим тури

 

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар

 

Хорижий ишлаб чиқарувчилар

 

Ариза кўриб чиқилганлиги учун

 

ЭКИҲнинг 10 баравари

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Бош бошқарманинг кўрсатилган таомилларни амалга оширишга доир харажатлари суммаси доирасида белгиланади

 

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилганлиги учун

 

ЭКИҲнинг 2 баравари

 

Рўйхатдан ўтказилган ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун

 

ЭКИҲнинг 5 баравари

 

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштирганлик учун

 

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун

 

Рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг дубликати берилганлиги учун

 

 

ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИГА ПЕНСИЯ ТЎЛАШГА ХАРАЖАТЛАР ҚОПЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2014 йилдаги 357-сон Қарори билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қуйидаги тайинланган пенсияларни тўлашга йўналтирилган маблағларини қоплаш тартибини белгилайди:

ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини;

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 12-моддаси «б»-«ж» бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни. Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар: эркаклар – иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда; аёллар – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар;

ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш. Эслатиб ўтамиз, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига, ишлар ҳажмининг қисқаришига олиб келган технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар: эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бунда ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича 2016 йил 1 январдан бошлаб корхоналар ва ташкилотлар томонидан пенсияларни тўлашга харажатларни қоплашга тўлов амалга оширилади. Ташкилотлар шунингдек меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга тайинланган пенсиялар бўйича пенсиялар тўловига харажатларни қоплайдиган тўловни, улар пенсия ёшига етгунига қадар 100 фоиз миқдорида, лекин минимал миқдордан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар.

Ходим меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини ҳар хил иш берувчиларда йўқотган тақдирда ҳар бир иш берувчи маблағларни солидар тартибда қоплайди.

Агар меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини бирламчи аниқлашда (биринчи иш берувчида) ногиронлик гуруҳи белгиланмаган бўлиб, кейинчалик эса янги олинган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси ногиронлик гуруҳини белгилаш билан бирга оширилган бўлса, пенсияларни тўлашга сарфланган Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш ногиронлик гуруҳи қайси иш берувчи даврида белгиланган бўлса, шу иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Ҳужжат билан меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги учун жавобгар ташкилот тугатилган тақдирда мазкур ажратмаларни тўлаш тартибга солинган.

Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари ва солиқ хизмати органлари харажатларнинг тўлиқ ва ўз вақтида қопланиши юзасидан назоратни амалга оширадилар. Кўрсатилган пенсияларни тўлашга харажатлар ўз вақтида қопланмаганлиги учун ўтказилиши лозим бўлган сумманинг ҳар бир кечиктирилган куни учун 0,033%и миқдорида, лекин қарздорликнинг 100%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланади.

 

БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ СМЕТАЛАРИ ҚАНДАЙ ТУЗИЛАДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 15.12.2014 йилда 2634-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом Бюджет кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, вақтинчалик харажатлар сметаларини, шунингдек бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг жамланма харажатлар сметаси ҳамда штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.

Бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчиларнинг Давлат бюджети ҳисобидан харажатлари бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида ва уларнинг харажатлар сметаларида кўрсатилган мақсадларда амалга оширилади. Бюджет ташкилотлари харажатларни қоплаш учун бюджетдан ажратиладиган маблағлардан ташқари бошқа даромад манбалари мавжуд бўлганда, мазкур кўрсатилган маблағлар бўйича ҳам даромадлар ва харажатлар сметаларини тузади.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатлар сметаларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, шунингдек штат жадвалларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мустақил равишда тузадилар.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатлар сметаларини, даромадлар ва харажатлар сметаларини, шунингдек штат жадвалларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мустақил равишда тузадилар.

Харажатлар сметалари, даромадлар ва харажатлар сметалари, штат жадваллари, шунингдек жамланма харажатлар сметалари ва штат жадваллари 1 молия йили муддатига, мавсумий ёки йил мобайнида тузилган ташкилотлар бўйича эса, уларнинг мазкур молия йилидаги фаолият кўрсатиш даврига тузилади ва амал қилади. Мазкур сметалар минг сўмда тузилади. Бюджет ташкилотларининг штат жадваллари ва бюджет маблағларини тақсимловчиларининг жамланма штат жадваллари сўмда тузилади.

Бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини рўйхатдан ўтказиш юридик шахс мақомига эга бўлган ташкилотларга рўйхатдан ўтказиш карточкаси бериш орқали амалга оширилади.

Жорий молия йилининг ўтган ой (чорак)ида ишлатилмай қолган бюджетдан ажратиладиган маблағлар қолдиғи жорий молия йилининг кейинги ойи (чораги)га харажатлар сметасига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказмасдан ўтади.

Ҳужжатда қуйидагилар бўйича шахсан жавобгарлик белгиланган:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар раҳбарлари, шунингдек улар бўйсунувидаги ташкилотлар смета-штат интизомига ва смета-штат ҳужжатларининг тақдим этиш муддатига риоя қилиниши учун;

ташкилотларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари (бухгалтерлари), молия-иқтисод бўлими бошлиқлари (штат жадвалларига мувофиқ молия-иқтисод масалалари бўйича мутахассис) – иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари (тарификация рўйхати, майдони, ҳажми, сарфланаётган коммунал хизматлари бўйича табиий кўрсаткичлар ҳажми ҳамда улар бўйича харажатларнинг тасдиқланган харажатлар сметасига ва паспорт маълумотига, шартномалар ва бошқаларга мослиги)нинг тўғрилиги ва асосланганлиги учун;

бюджет маблағларини тақсимловчилар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари (бухгалтерлари), молия-иқтисод бўлими бошлиқлари – рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилинган жамланма харажатлар сметасига келтирилган ҳисоб-китобларда кўрсатилган бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг тўғрилиги ва асосланганлиги учун;

Молия органлари ва бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг масъул ходимлари – ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларининг, шунингдек уларга киритилган ўзгартиришларнинг рўйхатдан ўтказилиши тўғрилиги учун.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 22.12.2014 йилдаги 51 (655)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ТЕКШИРИШЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ КИТОБИ ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ТЎЛДИРИЛАДИ

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 26.12.2014 йилда 2280-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра энди китобни электрон шаклда юритиш имконияти назарда тутилди.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилади. Бунда текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли бевосита хўжалик юритувчи субъектда тўлдирилади. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклига кириш www.etk.minjust.uz сайти орқали амалга оширилади.

Агар текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдиришда хатоликка йўл қўйилган бўлса, ушбу сатрга тўғрилашлар киритиш орқали янги ёзув амалга оширилади. Бунда, олдинги маълумот автоматик равишда сақланиб қолинади.

Текширув натижаси бўйича тузиладиган ҳужжатда текшириш жараёнида тўлдирилган текширишларни рўйхатга олиш китобининг шакли кўрсатилади.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 29.12.2014 йилдаги 52 (656)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 4223 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика