Norma.uz

Бизнинг айвон сизнинг айвон эмасдир

Мустақиллик йилларида бошқа соҳалар қатори шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширила бошланди ва бундай бунёдкорлик ҳаракатлари ҳозир ҳам давом эттириб келинмоқда. Ҳатто 2003 йил Юртбошимиз ташаббуси билан «Обод маҳалла йили» деб эълон қилиниши, бу борада махсус Давлат дастурининг ҳаётга татбиқ этилганлиги юртимизда маҳалла институтининг аҳамияти нечоғли юксак эканлигидан далолат беради. Зеро, Ўзбекистонга ташриф буюраётган меҳмонлар ҳам шаҳар ва қишлоқларимизнинг бугунги қиёфаси янада замонавийлашиб бораётганини таъкидлашмоқда. 

 

Шу билан бирга баъзи якка тартибдаги уй-жой массивларида жойлашган маҳаллалардан ўтиб қолсангиз, ҳали бу соҳада қилинадиган ишларимиз мўл-кўллиги кўзга яққол ташланиб қолади. Нега дейсизми? Сабаби айрим маҳаллаларда ички кўчалар таъмирталаб, ундаги иморатлар деярли тартибсиз кўринишда қурилган, яъни ҳар ким ўз билганича бино барпо этган, хонадонлар олди чегараси (қуришни тартибга солиш чизиғи1), умумий муҳандислик-коммуникациялари ҳамда тротуарлар ўтказиш учун қолдирилган  кўча бўйи ҳудудлари хонадон эгалари томонидан темир панжаралар билан, ҳатто айрим ҳолларда ғишт ва бетон блоклар билан ўралиб, эгаллаб олинганининг гувоҳи бўласиз.

Бу ҳам етмагандек, кўплаб хонадон эгалари бу ҳудуддан шахсий автомашиналари учун турар майдончаларини қуриш, кўча чегарасидан кириш дарвозалари олдигача ёпиқ айвонлар барпо қилиш ёки маиший чиқиндилар, шох-шаббаларни сақлаш жойи каби мақсадларда фойдаланмоқдалар, бунинг оқибатида ирригация тармоқлари (лотоклар, ариқчалар) ҳам ёпиб юборилмоқда. Ҳозирги кунда нима кўп – қурилиш кўп. Ана шу қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хонадонларда қурилиш материалларини (қум, шағал, тупроқ, ғишт ва ҳ.к) кўча бўйига тўкиб қўйиш, берухсат кўчаларда ер қазиш ишларини бажариш одатга айланган. Бу ҳолат узоқ муддат давомида кўча ҳуснига доғ бўлгани устига, транспорт ҳаракати хавфсизлигига ҳам халақит беради.

Ваҳоланки, якка тартибдаги уй-жой қурилиши эгалари пиёда-транспорт ва муҳандислик-коммуникациялари, шунингдек умумфойдаланишдаги кўкаламзорларнинг сақланишини таъминлаш талабларига риоя қилишлари шарт эканлиги ШНК 2.07.01-03* «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш» норматив ҳужжатининг 26-бандида белгилаб қўйилган.

Янги барпо бўлаётган якка тартибдаги уй-жой массивларида ҳам оврупоча, янаям аниқроғи, ҳашаматли иморатлар қурилаётганига қарамай, умумий таассурот кўнгилдагидек эмас. Сабаби баъзи янгитдан қурилаётган кўча ва коммуникация тизимларининг аксарият ҳолларда аҳолининг ўзбошимчалиги билан, яъни лойиҳасиз, наридан-бери барпо этилаётгани, иморатлар умумий бир меъморчилик талаблари асосида тартибга солинмагани маҳаллаларимизни яхлит бир кўринишда, ўзаро уйғун тарзда барпо этилмаётганига олиб келмоқда. Бундай ҳолни кўриб беихтиёр «ҳар ким ўз айвонини ўз феъли ва дидидан келиб қуриб олаяпти» деган фикрга келиш мумкин.

Дарҳақиқат, «маҳалла – бедарвоза эмас». Зеро, ҳар бир фуқаро бу масалаларни тартибга соладиган қонун ҳужжатлари ва улар билан масъу­лияти белгиланган давлат ва жамоат ташкилотлари мавжудлигини билиши керак. Хусусан, кўтарилган масалалар бўйича маҳаллий ҳокимиятларнинг архитектура ва қурилиш бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳар бирлари ўзларининг низомларига кўра иш олиб боришлари керакдир.

Қолаверса, Шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш бошқармаси (бўлими) тўғрисидаги намунавий низомга (ВМнинг 11.11.2009 йилдаги 294-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра, ушбу орган зиммасига жумладан, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда ҳудудларни меъморий режалаштиришни ташкил қилиш вазифаси юклатилган (3-банд). Унга шунингдек, ўзбошимчалик билан иморат қуришда, шаҳарсозлик интизомини, қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалда бўлган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахсларни ҳамда ҳудудларида мазкур ҳуқуқ бузилишларини содир этган ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларини белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар бериш ҳуқуқи берилган (5-банд).

Масалан, фуқароларнинг уй-жойларни, хўжалик ва рўзғор биноларини қуриш қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 160-моддаси). Ёки фуқароларнинг шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиши, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслиги энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 161-моддаси).

Бундан ташқари, Якка тартибда уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомда (ВМнинг 30.12.2006 йил 272-сон Қарори билан тасдиқланган) ҳам шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш органларининг вазифалари кўрсатилган, чунончи, якка тартибда ишлаб чиқилган уй-жой лойиҳалари албатта шаҳар ёки туман архитектори билан келишилиши лозимлиги (20-банд) ва бу қурилишларда ушбу орган томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши (27-банд) ҳамда ўзбошимчалик билан бажарилган қурилишлар аниқланганда ушбу органнинг мансабдор шахси томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш қилинганлик ҳолати бўйича далолатнома тузилиши ва бундай қурилмаларни буздириб ташлашгача бўлган чоралар кўрилиши (34, 35-бандлар) белгиланган.

Шунингдек, Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси) ҳузуридаги хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш гуруҳи тўғрисида намунавий низомда (ВМнинг 04.06.2013 йил 154-сон Қарори билан тасдиқланган) жумладан, ушбу гуруҳ зиммасига кўчаларнинг, бино-иншоотларнинг архитектуравий кўринишини яхшилаш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, бадиий-эстетик жиҳатдан безаш, ҳудудни кичик меъморий шакллар ва ландшафт архитектураси бўйича лойиҳа таклифларини шартнома асосида белгиланган тартибда тайёрлаш вазифаси топширилган (5-банд).

Лекин бу борадаги ишларнинг амалдаги ижросини назорат қилиш, ҳеч бўлмаганда, ўзлари тасдиқлаб берган уй-жойлар лойиҳаларининг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини текшириб туриш, биноларнинг умумий бир архитектура талаблари асосида тикланишини тартибга солиш мониторингини йўлга қўйиш, кўча бўйларида ноқонуний қурилмалар қилинишига йўл қўймаслик каби вазифаларни тўлақонли бажара олиши учун, билишимизча, шаҳар ва туман архитектура ва қурилиш органларига бевосита шу ишлар билан шуғулланадиган қўшимча мутахассис ходим штат бирлигини очиш зарурати бор. Сабаби ҳозирда туманларда мавжуд мутахассис ходимлар сони ташкилотларнинг низомида кўрсатилган вазифаларни тўлиқ уддалашлари учун етарли эмаслигини тажриба кўрсатмоқда.

Шу билан бир қаторда бу масалада маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам катта ваколатлар берилган, хусусан, шаҳарча, қишлоқ ва овулдаги маҳалла фуқаролар йиғини тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиш сифати, иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уй атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади («Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси, ВМнинг 7.10.2013 йилдаги 274-сон Қарори билан тасдиқланган Фуқаролар йиғини тўғрисидаги намунавий низомнинг 12-банди).

Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялари эса бевосита аҳолининг уйларни, ҳовлилардаги биноларни, ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ораста сақлаш, болалар ва спорт майдончаларини жиҳозлаш, йўллар, кўприклар, кўчалар, коммунал тармоқларни қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва яроқли ҳолда сақлаш, тарих ва маданият ёдгорликларини, қабристонларни таъмирлаш ишларида ихтиёрийлик асосида қатнашишларини ташкил этиш, шу жумладан туман, шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган моддий ва бошқа маблағларни, фуқаролар йиғини маблағларини ушбу мақсадларда ишлатиш, ҳашарлар уюштириш, кўриклар ва танловлар ўтказиш ишларида фуқаролар йиғини кенгашига кўмаклашадилар (юқоридаги Намунавий низомнинг 5-банди).

Фикримизча, мазкур тилга олинган мулоҳазалар ушбу комиссияларнинг фаолиятига алоқадордир ва, албатта, бу масалаларнинг ҳал этилиши кўп жиҳатдан маҳалла аҳлининг ўзига боғлиқлиги кўриниб турибди. Ахир, ўз хонадони атрофини ораста тутиш халқимизнинг азалий одатларидан бўлиб келган ва бунинг учун маҳаллий ҳокимият органларининг топшириғини ёки аралашувини кутиб ўтириш шарт бўлмаса керак.

Шу билан бирга янгитдан барпо этилаётган якка тартибдаги уй-жой массивларида («Қишлоққурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан, «Қишлоққурилишбанк» кредитлари ҳисобига қишлоқларда Давлат дастури асосида амалга оширилаётган якка тартибдаги уй-жой массивлари қурилиши бундан мустасно) ички кўчалар ва муҳандислик коммуникациялари қурилишини аҳоли томонидан стихияли равишда бошланишига чек қўйилиши ва уларни барпо этилишини ўрнатилган тартибда тасдиқланган лойиҳалар асосида, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан пудрат усулида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек якка тартибдаги хонадонлар эгалари ўзларини рўпараларидаги қурилишни тартибга солиш чизиқлари билан белгиланган оралиқ ҳудудни қандай тасарруф этишлари кераклиги хусусида аниқ норматив талаблар зарурлигини ҳамда қўшни хонадонлар иморатлари деворлари туташган жойга норматив оралиқ масофа белгилаб қўйиш кераклигини турмуш тажрибаси кўрсатмоқда. Шу сабабли кўтарилган масалалар бўйича ШНК 2.07.01-03* «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш» норматив хужжатига тегишли қўшимчалар киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

 

1Қуришни тартибга солиш чизиғи («линия регулирования застройки») –  бино ва иншоотларни жойлаштиришда шаҳарсозлик ҳужжатларида қизил чизиқлардан ёки ер участкаси чегараларидан маълум оралиқ жой ташлаган ҳолда белгилаб қўйиладиган қуриш чегаралари (ШНК 2.07.01-03* «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш»). Бу чегара оралиғи асосан умумий фойдаланишдаги муҳандислик коммуникацияларини жойлаштириш учун мўлжалланган техник зонадир.

 

Мирқодир ҲИДОЯТОВ, жамоатчи экспертимиз. 

Прочитано: 3998 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика