Norma.uz

Бир қарзга иккита неустойка

ИШНИНГ МОҲИЯТИ 

Хусусий фирма (Сотувчи) ва МЧЖ (Харидор) 2014 йил январида 45 млн сўмлик озиқ-овқат товарларини етказиб бериш шартномасини тузишди. У имзоланган кундан бошлаб 5 кун мобайнида Харидор олдиндан шартнома суммасининг 60%ини, етказиб берилган кундан бошлаб 10 кун мобайнида қолган 40%ини тўлаши керак эди.

Харидор олдиндан тўловни ўз вақтида тўлади. Сотувчи етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажарди. Бироқ Харидор унга қолган 40%ни ўтказмади. Сотувчи унга қолган суммани тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Харидор даъвога жавоб бермаганлиги боис Сотувчи хўжалик судига 17 млн сўм асосий қарз, тўловни кечиктирганлик учун 1,7 млн сўм пеня, 187 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди. Бундан ташқари, суд мажлиси давомида даъвогар қарздордан қонуний неустойка – асосий қарз суммасининг 15%и миқдорида жарима – 2 550 минг сўмни ундириш тўғрисида қўшимча талабнома тақдим этди.

Биринчи инстанция судининг 5.05.2014 йилдаги ҳал қилув қарори билан хусусий фирманинг даъво талаблари қисман қондирилди. Апелляция ва кассация инстанцияларида мазкур иш кўрилмади.

 

СОТУВЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ 

Сотувчи ўз шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажарди ва товарни ўз вақтида етказиб берди. Бироқ Харидор унга тўлиқ ҳақ тўламади. Шу сабабли у 17 млн сўм, олди-сотди шартномасида назарда тутилган пеня, шунингдек суд ва почта харажатларини тўлаши шарт. Бундан ташқари, жавобгардан Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 263-моддаси ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 32-моддасига кўра даъвогар фойдасига жарима тарзидаги қонуний неустойка – 2 550 минг сўмни ундириш лозим.

 

ХАРИДОРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Олди-сотди шартномасига кўра биз олдиндан 28 млн сўм тўладик. Вақтинчалик молиявий қийинчиликлар туфайли МЧЖ қолган 17 млн сўмни сўндира олмади. Жавобгар пеня суммасини камайтиришни сўрайди. У қонуний неустойка ундирилишига рози эмас. Шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун пеня ундирилаётганлиги боис жарима солиш асоссиздир.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини ҳамда жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, ФКнинг 14 ва 324-моддаларига асосланиб, Харидор томонидан қарз тан олинганлигини ҳамда ёзма далиллар билан тасдиқланган асосий қарз, пеня ва суд харажатлари қисмида даъво талабларининг асослилигини ҳисобга олди, жавобгарнинг важларини асоссиз деб ҳисоблади. Айни шу сабабли қуйидагича қарор қабул қилди:

1) даъво талаблари асосий қарз ва пеня қисмида тўлиқ ҳажмда қондирилсин ва жавобгардан даъвогар фойдасига 17 млн сўм ва пеня – 1,7 млн сўм ундирилсин;

2) 2 550 минг сўм жарима кўринишида қонуний неустойка ундириш рад этилсин;

3) суд харажатлари – 187 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари жавобгардан ундирилсин.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 236-моддасига кўра мажбуриятлар шартнома шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса тарафларнинг келишуви билан белгиланадиган нархда товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади (МКнинг 437-моддаси). Шу сабабли кўрилаётган низода асосий қарзни тўлаш тўғрисидаги даъво талаблари тўлиқ асосланган.

Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради (ФКнинг 333-моддаси биринчи қисми). Мажбуриятни бажармаганлик учун жавобгарлик турларидан бири неустойка ҳисобланади. Қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади (ФКнинг 260, 261-моддалари).

Олди-сотди шартномасида назарда тутилишича, ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун Харидор Сотувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4%и миқдорида, бироқ унинг 10%идан кўп бўлмаган суммада пеня тўлайди. Бунда ОХС Пленумининг «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарори (15.06.2007 йилдаги 163-сон) 4-бандига кўра неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан – Марказий банк белгилайдиган такрорий молиялаш ставкасидан кам бўлмаслиги лозим. Ушбу қоидадан келиб чиқилганда 1 700 000 сўм пеня ундириш асослидир.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун 24-моддасининг иккинчи қисмига асосан, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25–32-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади. ОХС Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон) 10-бандида назарда тутилишича, агар хўжалик шартномасида шартнома интизомини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланган бўлса, тарафларнинг жавобгарлиги шартномага асосан қўлланилади. Агар шартномада шартнома интизомини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, фақат шу ҳолатлар учун жавобгарлик шартномага асосан қўлланилади. Шу сабабли «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддаси қоидалари кўрилаётган етказиб бериш шартномасига нисбатан қўлланиши мумкин эмас. Шартномада ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун пеня тарзида жавобгарлик назарда тутилганлиги боис, ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима қўллаб бўлмайди. Шу сабабли суд 2 250 минг сўм жарима тарзидаги қонуний неустойкани ундиришни рад этиб, даъво талабларини қисман қаноатлантириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилди.

Харидор Сотувчининг даъвосини кўриб чиқиб, кўп учрайдиган хатога йўл қўйди. Бу эса унинг пеня ва суд харажатлари тарзидаги қўшимча харажатлар қилишига олиб келди. Қонун ҳужжатларида бундай ҳолларда хатти-ҳаракат қилишнинг етарлича дастаклари мавжуд. Даставвал етказиб бериш шартномасига якуний ҳисоб-китоб муддатини кўпайтирадиган ўзгартириш киритиш билан қарз масаласини ҳал қилиш мумкин. Бундан ташқари, МЧЖ қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши мумкин эди: ФКда назарда тутилган мажбуриятларнинг ижроси ёки ижрони таъминлаш усулларини (воз кечиш ҳақини, кафиллик, гаров ва бошқалар) ўзгартириш тўғрисида келишувга эришиши; қарз олиш йўлини тутиши; сотувчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши.

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

 

Ҳужжат тили билан

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади.

Қарздор мажбуриятларнинг ба­жарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Фуқаролик кодекси,
261-модда.

Прочитано: 2347 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика