Бизнинг ҚК менежери этиб қўшни республика фуқароси тайинланди. Агар унинг ҳозир бўлиши иш фаолияти билан боғлиқ бўлса, у ўз автомобилида Ўзбекистонда қанча муддатга келиши мумкин? Божхонада қандай тўловларни амалга ошириш ва қандай ҳужжатларни расмийлаштириш лозим?
ҚК бухгалтери.
МУДДАТЛАР
– Товарларни вақтинча олиб кириш режимига жойлаштириш мумкин бўлган муддат, чет элликнинг автотранспорт воситасини ҳам айни унга жойлаштириш лозим, Божхона кодексининг 23-моддасида белгиланган. У 2 йилдан ошмаслиги керак, бироқ товарларнинг айрим тоифалари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ бундан узоқроқ муддатлар белгиланиши мумкин. Чет эл фуқаросининг шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган автотранспорт унинг эгасининг республикада бўлишнинг тахмин қилинаётган муддати тўғрисидаги ёзма аризаси асосида белгиланадиган даврга вақтинча олиб кирилиши мумкин.
Мазкур режимда белгиланишича, товарлар вақтинча мамлакат ҳудудида бўлади ва белгиланган муддат мобайнида улардан ўзгармас ҳолатда фойдаланилади. Лекин ушбу шартни айнан қабул қилмаслик керак, чунки вақтинча олиб кирилган автомобиль фойдаланиш жараёнида эскиради. Шу сабабли уни таъмирлаш керак, бироқ мукаммал (капитал) даражада эмас. Асосийси, республикадан олиб чиқиш чоғида божхона органлари автомобилингизни қатъий тарзда идентификациялашлари мумкин бўлсин.
ТЎЛОВЛАР
Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш қоидаларининг11-банди «б» кичик бандига кўра шахсий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган автотранспортни вақтинча олиб келганларида, хорижий фуқаролар ва Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилиш 1 йил мобайнида 3 ойгача бўлган муддатга берилади. Агар ушбу муддат тугагач автомобиль олиб чиқиб кетилмаган тақдирда, унга нисбатан вақтинчалик четдан олиб келишнинг бундан кейинги муддати учун даврий божхона тўловлари қўлланади, бунда четдан олиб келган шахснинг номига БЮД расмийлаштирилади.
Қайтариб олиб чиқиб кетиш таъминланмаганда ёки кўрсатиб ўтилган даврда автотранспорт воситасининг тегишли божхона режими расмийлаштирилганда, қайтариб олиб чиқиб кетишнинг муддати ўтган ҳар бир куни учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ
Автомобилни вақтинча олиб кириш режимида жойлаштириш у тўғрисида маълумотларни Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага2 мувофиқ йўловчи божхона декларациясининг 6-бандида акс эттириш йўли билан эълон қилинади. Декларациялаш чоғида автомобилнинг давлат рақами ва русуми кўрсатилади.
Айтиш жоизки, илгари транспорт воситасининг эгаси, ушбу маълумотлардан ташқари, аввало двигателнинг ҳажми, автомобиль чиқарилган йил, шасси, кузов, двигатель рақамлари, божхона режими, реестр рақами ва нотариал идора ва ҳоказоларни кўрсатиши керак эди.
1ВМнинг 13.04.2013 йилдаги 106-сон Қарорига 2-илова.
2ДБҚнинг АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.