Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 49 / Мавзуга қайтиб

Бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлашимиз керакми?

Хусусий дорихонамиз савдо комплекси ҳудудида бир нечта савдо объектлари орқали чакана савдо фаолиятини амалга оширади. Савдо объектлари бўйича ер ҳамда мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатимиз мавжуд. Бу объектлар бўйича ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда коммунал тўловларни ўзимиз тўлаймиз.

Яқинда мазкур савдо комплекси ҳудудидан яна учта дўкон сотиб олдик, улар бўйича фақат мулк ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжати мавжуд, ерга эгалик қилиш ҳуқуқимиз йўқ. Бу мулкдан эса фақатгина мол-мулк солиғини ва коммунал тўловларни тўлаймиз. Бу ерда 3-4 ой давомида таъмирлаш ишларини амалга оширдик, лекин фаолият юритилмади.

Аммо савдо комплекси маъмурияти биздан бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини биз савдо дўконларини сотиб олган вақтдан бошлаб тўлашимизни талаб қилмоқда.

Қуйидаги саволларимизга жавоб олишни истардик:

1. Савдо комплекси инфратузилмасидан фойдаланганлик тушунчасига нима киради (биз савдо комплекси ҳудудини супуриб-сидиришдан бошқа хизматларни кўрмаяпмиз)?

2. Инфратузилмадан фойдаланганлик учун ҳар ойлик тўловни қайси майдондан тўлашимиз керак: дорихонанинг фойдаланиладиган майдониданми ёки ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномада кўрсатилган майдондан келиб чиқибми?

3. Савдо комплекси маъмуриятининг бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини биз савдо дўконларини сотиб олган вақтдан бошлаб тўлашимизни талаб қилиши қонунийми? Ваҳоланки, ҳозирги вақтда ушбу дўконларни бирлаштириш, реконструкция қилиш, қайта ихтисослаш ишлари бажарилди, тегишинча, ушбу объектлар дорихона сифатида иш бошлагани йўқ ва умуман, ҳеч қандай фаолият олиб бормаяпти, дорихона фаолиятини юритиш учун тегишли лицензия олиш ишлари олиб борилмоқда холос.

М.Низаматдинов,

хусусий дорихона бухгалтери.

Нукус шаҳри. 

 

– Таҳририятимизга жойлардан тадбиркорлик субъектлари билан бозор маъмурияти ўртасида бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлаш масаласи юзасидан баҳс-мунозаралар давом этаётганлигидан далолат берувчи мурожаатлар келиши тўхтамаяпти. Ушбу мавзуга газеталаримизнинг қуйидаги материаллари бағишланган эди: «Бозор баҳслари: инфратузилмадан фойдаланганлик учун ижара тўлови» («СБХ», 25.02.2014 йилдаги 8 (1020)-сон); «Базарные распри, или об арендной плате за пользование инфраструктурой рынка» («НТВ», 11.03.2014 йилдаги 10 (1022)-сон); «Бозор баҳслари давом этмоқда» («СБХ», 23.09.2014 йилдаги 38 (1050)-сон).

Мавзунинг ўта долзарблиги юқорида келган хатдан ҳам кўриниб турибди. Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомда (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.01.2011 йилда 2185-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 2185-сон Низом) бозорлар ва савдо комплекси ҳудудида савдо фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар бозорлар ва савдо комплексининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган қуйидаги тўловларни тўлашлари белгиланган:

бир марталик йиғимлар;

ижара тўловлари.

Бунда «ижара тўловлари» деганда бозорлар, савдо комплекслари ва улар филиалларининг тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ва ижара тўловлари ундирилиши маъмурият ва ижарачи ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган ижара шартномасига асосан амалга оширилиши белгиланган (2185-сон Низомнинг 8-банди).

Аммо Президентимизнинг «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (26.04.2010 йилдаги ПҚ-1326-сон, кейинги ўринларда – ПҚ-1326-сон Қарор) ва 2185-сон Низомни амалда қўллаш юзасидан Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан сўнгги 3 йил учун ҳар йили Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларида (кейинги ўринларда – Минимал миқдорлар)1 юқорида саналган тўловларнинг икки туридан ташқари, учинчи тўлов ҳам пайдо бўлмоқда, бу «бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови»дир.

Минимал миқдорлар тасдиқлангунига қадар ҳеч қайси меъёрий ҳужжатда, шу жумладан ПҚ-1326-сон Қарорда ва 2185-сон Низомда ҳам «Бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» деган тушунча мавжуд эмас.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ижара муносабатлари мамлакатимизнинг «Ижара тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади, унга кўра, ижара деганда шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш учун берилиши тушунилади.

Агар бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида кўрсатилаётган коммунал хизматлар, иссиқлик энергияси, сув таъминоти, электр энергияси таъминоти, телефон хизмати ва бошқа хизматлар инфратузилма деб баҳоланиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир мулк эгаси бўлган хўжалик субъекти, шу жумладан бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам ушбу хизматлар учун уларни тақдим этаётган тегишли ташкилотларга шартнома асосида тўловни амалга оширадилар.

Шунингдек ижара муносабатларининг объектлари аниқ белгилаб берилган «Ижара тўғрисида»ги Қонун талабларидан келиб чиқилса, «бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмаси» деган ижара объекти реал ҳаётда мавжудлигини асослаб бўлмайди. Яъни, «бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик» деб номланган ижара объектига нималар кириши номаълум бўлиб қолмоқда.

Шунинг учун ҳам бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланиш деганда савдо комплекси томонидан айнан қайси хизматлар кўрсатилишини аниқлашнинг имкони йўқ.

Солиқ маслаҳатчиси амалиётида Молия вазирлигидан 2014 йил 21 ноябрда олинган тушунтиришга кўра бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ундирилиши фақатгина бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти ва ижарачи ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган ижара шартномасига асосан амалга оширилиши мумкин. Бу эса мазкур тўлов бирор-бир шартномасиз ундирилиши мумкин эмаслигини билдиради. Давлат солиқ қўмитасидан 2012 йил 14 майда олинган тушунтиришга кўра бозорлар ва савдо комплекслари ҳудуди деганда қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг вилоят, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан савдо комплексларига берилган ҳужжатда кўрсатилган ер майдони тушунилади. Яъни бу тўлов мулкнинг эгаллаган жами майдонидан келиб чиқиб тўланади.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг тушунтиришларида агар савдо комплекси маъмурияти билан бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини тўлаш бўйича шартнома тузилиши мажбурий бўлса ва иккинчи томон шартнома тузишдан бош тортса, савдо комплекси маъмурияти шартномасиз ҳам тўловни талаб қилиши эмас, балки Фуқаролик кодексининг 377-моддасига асосан шартнома тузиш мажбуриятини юклашни сўраб судга мурожаат қилиши мумкинлиги кўрсатилган.

2185-сон Низомнинг 1-бандида ушбу Низом қоидалари бозорлар ва савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари ҳамда уларнинг ҳудудида савдо фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилиши белгиланган. Бу эса янги сотиб олинган, лекин ҳали ишга туширилмаган савдо комплекси ҳудудидаги дўконлар бўйича бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови шу дўконларда фаолият юритишни бошлаганингизга қадар сизга татбиқ этилмаслигини англатади.

Хатда баён этилган ҳолатда хусусий дорихона томонидан мулк ва ер солиқлари тўланиб келинаётгани ва бунда ер ҳамда мулк объектларига хусусий дорихонада эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлганлиги ва, тегишинча, ушбу ер ва мулк объектлари савдо комплексига тегишли эмаслиги сабабли у (хусусий дорихона) бозорлар ва савдо комплекслари инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови тўловчиси ҳисобланмайди.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови» тушунчаси мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида фаолият олиб борувчи хўжалик субъектлари учун мажбурий тўлов бўлиб ҳисобланмайди.

 

Бозорлар, савдо комплекслари маъмурияти ва тадбиркорлар ўртасида бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўлови бўйича амалиётда юзага келаётган кўплаб баҳсли вазиятларни бартараф этиш мақсадида 2551-сон билан рўйхатдан ўтказилган Минимал миқдорлар тўғрисидаги идоравий меъёрий ҳужжатни уни қабул қилиш учун асос бўлган, ундан юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига мослаштириб, унга тегишли ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга 2014 йил ниҳоясига етаётганини ҳисобга олиб, янги 2015 йил учун Минимал миқдорлар тасдиқланишида амалиётда баҳсли ҳолатларни юзага келтирувчи қоидалар чиқариб ташланади деб умид қиламиз.

 

12012 йил учун Минимал миқдорлар ушбу давлат органларининг АВ томонидан 6.03.2012 йилда 2336-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори, 2013 йил учун – АВ томонидан 16.01.2013 йилда 2412-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори, 2014 йил учун – АВ томонидан 30.12.2013 йилда 2551-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.


Мурод МУҲАММАДЖОНОВ,
«Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари
ташкилоти эксперти.

Прочитано: 6800 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика