Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 49 / Бухгалтерга ёрдам

Йил якунидаги ўзгартиришлар

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида» Фармони (21.11.2014 йилдаги ПФ-4672-сон) билан 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб энг кам иш ҳақи – ойига 118 400 сўм этиб белгиланди. ЭКИҲнинг ой ўртасидан ошганлиги муносабати билан бухгалтерларда энг кам иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланадиган солиқлар ва мажбурий тўловларни, устамалар, қўшимча тўловлар, компенсация ва бошқалар тўловларни ҳисоблаб чиқариш тартибига оид саволлар юзага келади. «Norma Ekspert» мутахассислари томонидан ушбу саволлар юзасидан тайёрланган тушунтиришларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Энг кам иш ҳақининг ошиши ой бошидан эмаслигини эътиборга олиб, ҳисоб-китобларда ЭКИҲнинг иккита: ўртача ойлик ёки маълум санага белгиланган қийматини қўллаш мумкин.

 

ЎРТАЧА ҚИЙМАТ БЎЙИЧА ҲИСОБЛАЙМИЗ

 

ЭКИҲнинг ўртача ойлик қиймати қуйидагиларни:

1) ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори;

2) чакана савдо, умумий овқатланиш корхоналари ва қурилиш ташкилотлари томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам миқдори;

3) якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан тўланадиган суғурта бадаллари;

4) айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим;

5) вахта усулида ишлаганлик учун устамалар;

6) кўчиб юриш ва ҳаракатланиш хусусиятидаги ишлар учун компенсациялар;

7) ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат қатновларида (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўловларини ҳисоб-китоб қилишда қўлланилади.

Бунда ўртача ойлик ЭКИҲ суммаси календарь ёки иш кунларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

Календарь кунларидан келиб чиқиб ўртача ЭКИҲ ҳисоб-китоби

 

2014 йил декабрь ойи учун календарь кунларидан келиб чиқиб ҳисобланган ўртача ойлик энг кам иш ҳақи 113 538 сўмга (107 635 х 14 кун + 118 400 сўм х 17 кун) / 31 кун) тенг.

 

1) ЯИТнинг энг кам миқдори

Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 мувофиқ ЯИТнинг энг кам миқдори бир ходимга бир ой учун белгиланган ЯИТ меъёрига асосан ҳисобланади. У ЭКИҲнинг бир бараварига, фермер хўжаликлари учун ЭКИҲнинг 50%ига тенг деб қабул қилинади. Агар энг кам иш ҳақи миқдорининг ошиши 1-санадан юз бермаган бўлса, ой учун унинг ўртача ойлик миқдори қўлланилади. Демак, 2014 йил декабрь ойи учун ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда ЯИТ меъёри 113 538 сўм, фермер хўжаликлари учун – 1 ходимга 56 769 сўмга тенг деб қабул қилинади.

 

МИСОЛ. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Декабрь ойида – 22 иш куни бор, ҳақиқатда барча ходимлар 146 кун ишлашган. Уларга декабрь ойи учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар – 3 690 минг сўм ҳисоблаб ёзилган.

ЯИТ ставкасидан ва солиқ солинадиган объектдан келиб чиқиб, Солиқ кодексига мувофиқ декабрь ойи учун ҳисобланган ҳақиқатдаги ЯИТ суммаси 922 500 сўмга (3 690 000 х 25%), ЯИТнинг энг кам миқдори эса – 753 479 сўмга (146 / 22 х 113 538) тенг бўлади. ЯИТнинг энг кам миқдори ҳақиқатдаги миқдоридан кам бўлганлиги учун қўшимча ҳисоблашлар амалга оширилмайди ҳамда 922,5 минг сўм бюджетга тўланади.

 

2) МҲТФнинг энг кам миқдори

Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга2 мувофиқ чакана савдо, умумий овқатланиш корхоналари ва қурилиш ташкилотлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қўшимча ҳисоблашлар учун МҲТФнинг энг кам миқдори белгиланади.

Агар ҳисобот чораги учун ходимлар сонининг энг кам меъёрини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган МҲТФнинг энг кам миқдори корхонадаги ҳақиқатдаги МҲТФдан ошса, қўшимча ҳисоблашлар амалга оширилади. Қўшимча ҳисоблашлар миқдори ошиқча суммадан ва тўловларнинг жами ставкасидан – ЯИТ ставкаси, фуқароларнинг суғурта бадалларини ва ЖШДСнинг энг кам ставкасини ўз ичига олувчи умумий ставкадан келиб чиқиб аниқланади (Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом3). 2014 йилда умумий ставка 39%ни (25% + 6,5% + 7,5%) ташкил қилади.

 

МИСОЛ. Шаҳардаги дўконнинг савдо зали майдони 74 кв. м ни ташкил қилади. У ҳафтасига 6 кун 12 соатдан (ҳафтасига жами 72 соат) ишлайди. Маъмурий-бошқарув ходимлари ва техник ходимлар сони – 2 киши. 2014 йилнинг IV чораги учун ҳақиқатдаги МҲТФ 4 900 минг сўмни ташкил қилади.

Бундай дўкондаги ходимлар сонининг энг кам меъёри – 4 киши, умумий сони – 6 киши (4 + 2).

Чакана савдода ишларнинг ўртача разряди 2 ни, тариф коэффициенти – 2,725 ни ташкил қилади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёри ҳисобот чорагининг ҳар бир ойи учун тегишли кўрсаткичларни кўпайтириш йўли билан аниқланади (умумий ходимлар сони х тариф коэффициенти х ЭКИҲ). Октябрь ва ноябрь ойлари учун энг кам меъёр ЭКИҲнинг 107 635 сўмлик миқдоридан, декабрь ойи учун эса 113 538 сўмлик миқдордаги ўртача ЭКИҲдан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бизнинг мисолимизда IV чорак учун МҲТФнинг энг кам меъёри 5 376 011 сўмга (6 х 2,725 х (107 635 + 107 635 + 113 538) тенг. У ҳақиқатдагидан кўп. Шу боис 476 011 сўмдан (5 376 011 – 4 900 000) қўшимча ҳисоблаш амалга оширилади. IV чорак учун 185 644 сўм (476 011 х 39%) қўшимча ҳисобланади.

 

3) Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан – ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай суғурта бадалларини тўлайдилар (Солиқ кодексининг 311-моддаси бешинчи қисми, кейинги ўринларда – СК). МВ ва ДСҚнинг 17.09.2013 йилдаги ММ/04-01-32-14/781 ва 13/1-15653-сонли қўшма хатига мувофиқ ЭКИҲ 2013 йил 15 августдан оширилганда 2013 йилнинг август ойи учун суғурта бадаллари ҳисоб-китоби календарь кунларидан келиб чиқиб ҳисобланган ўртача ойлик ЭКИҲни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган. 2014 йил декабрь ойи учун суғурта бадаллари суммасини ҳисоб-китоб қилишда ҳам шундай тартиб қўлланилади, яъни 113 538 сўмдан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

 

4) Алкоголли маҳсулотлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ҳамда автотранспортни вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим

Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган йиғим ставкаларининг ойлик миқдори доирасида ҳисоблаб чиқарилади (СКнинг 347-моддаси). Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 21-иловада йиғимларнинг чегараланган ставкалари белгиланди:

алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун (шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари учун) – савдо қилинган 1 ой учун ЭКИҲнинг 5 баравари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун – ЭКИҲнинг 3,5 баравари;

автотранспортни вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун – ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 8 баравари.

2014 йилнинг декабрь ойи учун йиғим суммасини ҳисоб-китоб қилишда 113 538 сўмга тенг ЭКИҲ қўлланилади.

 

Эслатиб ўтамизки, қатъий белгиланган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда уларга ЭКИҲнинг каррали миқдорларида белгиланган имтиёзлар суммасини ҳисоблаб чиқаришда йил бошида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори, яъни 96 105 сўм қўлланилади.

 

ЭКИҲнинг каррали миқдорларидаги имтиёзлар моддий ёрдам, қимматбаҳо совғалар ва ишдан бўшаш нафақаларига белгиланган. Шунингдек даромад олинган ҳар бир ойда ЖШДС бўйича ЭКИҲнинг 4 бараварини чегириш тарзидаги имтиёзлар СКнинг 180-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларига тақдим этилади.

 

5) Вахта усулида ишлаганлик учун устамалар

Ишлар вахта усулида бажарилганда ходимларнинг иш ҳақига устамалар вахта даврида ишлар бажариладиган жойларда бўлган ҳар бир календарь кун, шунингдек корхона жойлашган ердан (йиғилиш пунктидан) ишлаш жойигача ва орқага қайтиш учун ишлар вахта усулида бажарилган тақдирда ҳақиқатда йўлга кетадиган кунлар учун тўланади (Ўта муҳим ва узоқда жойлашган объектларда қурилиш-монтаж ишлари тармоғида вахта усули тўғрисидаги низомнинг4 5.6-банди).

Белгиланган меъёр доирасидаги устамалар ходимнинг даромади сифатида қаралмайди (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди) ҳамда тегишинча ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари олинадиган объект ҳисобланмайди. Меъёрдан ортиқча устамалар суммаси ходимнинг жами даромадига киритилади (СКнинг 174-моддаси 5-банди) ва унга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

2014 йилнинг декабрь ойида вахта усулида ишлаганлик учун устамалар меъёри календарь кунларидан келиб чиқиб ҳисобланган ўртача ойлик ЭКИҲ миқдори – 113 538 сўмга тенг қилиб олинади.

 

6) Кўчиб юриш ва ҳаракатланиш хусусиятидаги ишлар учун компенсациялар

Бундай компенсацияларнинг тўланиши Мулкчилик шакли ва олиб бораётган фаолият туридан қатъи назар корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда иш хусусияти, доимий иши йўлда кечадиган ёки кўчиб юриш ва ҳаракатланишдан келиб чиққан ҳолда устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом5 (кейинги ўринларда – 11/30-сон Низом) билан тартибга солинади. Ходимларга кўчиб юриш хусусиятидаги ишлар учун устама қатнов йўллари шароитлари ва иш хусусияти уларнинг доимий яшаш жойига ҳар куни қайтишларига имкон бермайдиган узоқда жойлашган объектларда ишланган календарь кунлар ҳамда корхона жойлашган ердан (йиғилиш пунктидан) ишлаш жойигача ва орқага қайтиш учун ҳақиқатда йўлга кетадиган кунлар учун тўланади (11/30-сон Низомнинг 7-банди). Ҳаракатланиш хусусиятидаги ишлар учун устамалар ишлаш жойигача ва орқага қайтиш учун ҳақиқатда йўлга кетадиган кунларга мутаносиб равишда тўланади (11/30-сон Низомнинг 12-банди).

Бу устамалар ходимнинг ойлик тариф ставкасидан (лавозим маошидан) фоизларда белгиланган. Бироқ солиқ солиш мақсадида унинг ойлик суммаси республикада белгиланган ЭКИҲ миқдоридан ошмаслиги лозим.

2014 йилнинг декабрь ойида устама меъёри календарь кунларидан келиб чиқиб ҳисобланган ўртача ойлик ЭКИҲ – 113 538 сўмга тенг миқдорда олинади.

Белгиланган меъёр доирасида тўланадиган устамалар ходимнинг даромади сифатида қаралмайди (СКнинг171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди) ҳамда уларга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди. Меъёрдан ортиқча устамалар – СКнинг 174-моддаси 5-бандига кўра компенсация тўловларидир, уларга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

 

Иш кунларини ҳисобга олган ҳолда ўртача ЭКИҲ ҳисоб-китоби

 

Иш кунларини ҳисобга олган ҳолда аниқланадиган ўртача ойлик энг кам иш ҳақи миқдори 2014 йил декабрь ойи учун қуйидагича бўлади:

5 кунлик иш ҳафтасида – 113 996 сўм (107 635 сўм х 9 иш куни + 118 400 сўм х 13 иш куни) / 22 иш куни). 1 декабрдан 14 декабргача – 9 иш куни, 15 декабрдан 31 декабргача – 13 иш куни;

6 ҳафталик иш кунида – 113 846 сўм (107 635 сўм х 11 иш куни + 118 400 сўм х 15 иш куни) / 26 иш куни. 1 декабрдан 14 декабргача – 11 иш куни, 15 декабрдан 31 декабргача – 15 иш куни.

Иш кунларини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик ЭКИҲ қуйидагиларни ҳисоб-китоб қилишда қўлланилади:

энг кам меҳнат ҳақи миқдори;

ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат қатновларида фойдаланганлик учун компенсация тўловлари.

 

1) Энг кам меҳнат ҳақи миқдори

Республиканинг барча ташкилотларида меҳнат ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси6 бўйича I разряддан кам бўлмаган ҳолда белгиланади (Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон Қарорининг 4-банди). I разрядга 2,476 тариф коэффициенти тўғри келади. Шу тариқа, декабрь ойида энг кам меҳнат ҳақи қуйидагини ташкил қилади:

5 кунлик иш ҳафтасида – 282 254 сўм (113 996 сўм х 2,476);

6 кунлик иш ҳафтасида – 281 883 сўм (113 846 сўм х 2,476).

 

2) Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат қатновларида фойдаланганлик учун компенсация тўловлари

Компенсациялар миқдори автомобиллар двигателининг қувватига (от кучи сонига) қараб белгиланади (Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартибининг 4-банди)7:

 

От кучи сони

 

Бир ой учун компенсациянинг  чекланган миқдори
(ЭКИҲнинг каррали миқдорида)

 

100 от кучидан юқори

 

4,5 баравари

 

70 от кучидан 100 от кучигача

 

3,5 баравари

 

70 от кучигача

 

2 баравари

 

 

 

2014 йил декабрь ойи учун компенсациянинг чекланган миқдорини аниқлашда декабрдаги иш кунларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланган ўртача ойлик ЭКИҲ ҳисоб-китобга киритилади: 5 кунлик иш ҳафтасида – 113 996 сўм, 6 кунлик иш ҳафтасида – 113 846 сўм.

Меъёр доирасидаги компенсация ходимнинг даромади ҳисобланганлиги боис унга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди). Меъёрдан ортиқча тўловларга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади (СКнинг 174-моддаси 11-банди, 306-моддаси).

 

НОМИНАЛ БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛАМИЗ

Қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи қуйидагиларни ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинади:

1) дала устамаси;

2) туман коэффициенти бўйича устамалар;

3) республика ичкарисидаги хизмат сафарлари учун компенсация тўловлари;

4) бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа.

 

1) Дала устамаси

Дала устамаси ходимларга, эгаллаб турган лавозими ва ойлик маошидан қатъи назар, дала устамаси ҳисоблаб ёзиладиган санада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан миқдорларда (коэффициентларда), бироқ ҳар ойда ЭКИҲнинг 3 бараваридан ортиқ бўлмаган ҳолда қуйидаги миқдорларда тўланади (Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг8 4-банди):

кунига 0,15 – дала шароитларида бевосита дала ишлари амалга ошириладиган объектларда ишлаганда;

кунига 0,03 – ташкилотлар (корхоналар)нинг базавий дала шаҳарчаларида ишлаганда.

2014 йил декабрь ойи учун дала устамаси ҳисобланганда 118 400 сўмга тенг ЭКИҲ ҳисоб-китоб учун олинади.

Меъёр доирасидаги дала устамасига ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди), меъёрдан ортиқча миқдорга эса ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади (СКнинг 174-моддаси 8-банди, 306-моддаси).

 

2) Баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун устамалар

Бундай устама ходимнинг ҳақиқатдаги иш ҳақига ҳисоблаб ёзиладиган туман коэффициентларини қўллаган ҳолда тўланади, шахсий устамалар ва кўп йиллик меҳнати учун мукофотлар бундан мустасно. Қонун ҳужжатларида баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудлардаги ишларга туман коэффициентларини ҳисоблаш учун энг юқори сумма – ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида белгиланган. СКнинг 181-моддасида белгиланишича, энг юқори суммаси ҳисоблаш пайтидаги ҳолатга кўра белгиланган ЭКИҲ миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Шундай қилиб, агар туман коэффициенти бўйича устама 14 декабрни қўшган ҳолда ҳисобланса, уни ҳисоблаб ёзиш учун энг юқори миқдор 430 540 сўмни (107 635 х 4), 15 декабрдан эса – 473 600 сўмни (118 400 х 4) ташкил қилади.

 

МИСОЛ. 10 декабрдан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Унга ишдан бўшашида тўланиши лозим бўлган баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун устамалар ҳисоб-китоби энг юқори сумма – 430 540 сўмдан келиб чиқиб амалга оширилади. Бутун декабрь ойида ишлаган қолган ходимларга устамани ҳисоб-китоб қилишда 473 600 сўмга тенг бўлган энг юқори сумма қўлланилади.

 

Баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун тўловларга энг кам ставкада ЖШДС солинади (СКнинг 181-моддаси). Уларга ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳам cолинади.

 

3) Республика ичкарисидаги хизмат сафарлари учун компенсация тўловлари

Хизмат сафарида ва йўлда бўлган вақт учун суткалик харажатлар хизмат сафарига юборилган ишларга жамоа шартномалари, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида кўзда тутилган миқдорларда, лекин қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда белгиланади (республика бўйича ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан коэффициентларда) (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг9 11-банди):

Тошкент шаҳрида, шаҳарлар – вилоятлар марказларида – 0,1;

бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктларда – 0,08.

Ходимнинг хизмат сафари даврида ЭКИҲ ўзгарган тақдирда солиқ солиш мақсадида суткалик харажатлар ЭКИҲ ўзгаргунга қадар ва ўзгаргандан кейинги кунлар учун алоҳида ҳисобланади.

Худди шундай тартиб ходимга турар жой хонасини ижарага олганликни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ бўлган ҳолларда, ижарага олинган хонага кетган харажатларни қоплашда ҳам қўлланилади. Улар бўйича меъёр ҳар бир сутка учун белгиланган ЭКИҲнинг 2% миқдорини ташкил қилади (мазкур Йўриқноманинг 12-банди).

Меъёр доирасидаги суткалик харажатлар ходимнинг даромади сифатида қаралмайди, Тегишинча, улардан ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари олинмайди (СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди). Белгиланган меъёрдан ортиқча тўловлар СКнинг 174-моддасига кўра компенсация тўловлари жумласига киритилади ва уларга ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади.

Турар жой хонасини ижарага олганлик харажатларини қоплашга доир меъёрдан ортиқча тўловлар (тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ бўлган ҳолларда) моддий наф тарзида олинган даромадлар ҳисобланади (СКнинг 177-моддаси) ва унга ЖШДС солинади, лекин ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисоблаб ёзилмайди.

 

4) Бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа

Меҳнат кодексининг 287-моддасига мувофиқ бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган бола туғилган санадаги энг кам меҳнат ҳақининг икки баравари миқдорида берилади (Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг10 6и).

 

МИСОЛ. Корхона ходимаси 2014 йил 10 сентябрда болалик бўлди. У боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини 2014 йил 22 декабрда тақдим этди.

Мазкур ҳолатда бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа бола туғилган санада амал қилган ЭКИҲ миқдори – 107 635 сўмдан келиб чиқиб ҳисобланади. Нафақа суммаси 215 270 сўмни ташкил қилади.

Бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Ушбу нафақадан солиқлар ва ижтимоий тўловлар ушлаб қолинмайди.

 

«Norma Ekspert»
мутахассислари тайёрладилар.
 

Прочитано: 4709 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика