Божхона кўриги давомида назорат-техника воситаларидан унумли фойдаланган cурхондарёлик божхоначилар 42 дона ноёб ва қадимги тангаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди.
«Айритом» божхона комплекси орқали юртимизга кириб келаётган афғонистонлик фуқаро Садриддин (қоидабузарнинг исм-шарифи ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясини тўлдирар экан, божхона инспекторига ёнида ҳеч қандай тақиқланган ва яширилган буюмлар йўқлигини маълум қилади. Аммо унга тегишли қўл юклари назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, юклар орасида кийим-кечакларнинг тугмалари одатдаги тугмалар тасвиридан фарқли равишда, экранда шубҳали тарзда намоён бўлади.
Шундан сўнг кийим-кечакларнинг тугмалари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар гўёки тугма сифатида қадаб қўйилган, аслида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида қора бўёққа бўялган тарихий кумуш ва мис тангалар бўлиб чиқди. Божхоначилар Садриддиннинг эгнидаги пальто ва шимини ҳам кўздан қочиришмади. Қарангки, бу кийимларга ҳам тугмалар эмас, яширинча олиб ўтиш кўзланган тангалар «кўрк» бағишлаб турган экан.
Суриштирув чоғида сири фош бўлган қоидабузар ушбу қадимий тангаларни ўзи истиқомат қилаётган уй харобалари орасидан топиб олганлигини маълум қилган. Ўз қилмишини тангалардан кийимларига безак сифатида фойдаландим дея хаспўшлашга уринган Садриддин багаж илгакларига илинган тангаларни қандай изоҳлашни билмай, ер чизиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22721-моддаси иккинчи қисми талабларига зид хатти-ҳаракатларни амалга оширганлиги, яъни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган қадимий тангаларни божхона назоратидан яшириб, хуфиёна ва тангаларни топишни қийинлаштирадиган бошқа усуллардан фойдаланганлиги сабабли қонунбузар маъмурий жавобгарликка тортилди ва тегишли миқдорда жарима жазоси белгиланди.
Сурхондарё вилояти бадиий экспертиза бўлимининг ўрганиш хулосасига кўра, мазкур 42 дона қадимги тангаларнинг баъзилари милоддан аввалги II-III асрларга тааллуқли бўлиб, Юнон-Бақтрия давлатида муомалада бўлган, баъзилари эса IX-X асрлардаги Сомонийлар давлатига тегишли эканлиги аниқланди ва уларнинг қиймати салкам 16,5 млн сўмга баҳоланди. Эндиликда нумизматика ишқибозлари мазкур тангаларни Сурхондарё вилояти археология музейининг нумизматика бўлимида томоша қилишлари мумкин.
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.