ЯСТ тўловчиси бўлган кичик фирмамиз ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. Ўзимизга қарашли савдо дўконимиз мавжуд эмас. Фирма раҳбарияти томонидан савдо ҳажмини ошириш мақсадида аҳолига товарларни интернет-дўкон орқали сотишга қарор қилинди, яъни товарлар харидорларнинг буюртмалари бўйича кўрсатилган манзилга етказиб берилади ва нақд пул билан ҳақ олинади. Шу йўсинда бир савол туғилиб қолди: товарлар сотувидан тушган тушумни фирмамизнинг кассасига тўлаб берадиган жисмоний шахсга, хусусан, якка тартибдаги тадбиркорга воситачилик шартномаси асосида товарларни комиссияга берса бўладими?
Ойдинхон Бозорова, МЧЖ бош бухгалтери.
Тошкент шаҳри.
– Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарори билан тасдиқланган) 3-бандининг учинчи хатбошисига кўра воситачилик савдоси бу – чакана савдо фаолиятининг воситачилар томонидан воситачилик шартномалари бўйича сотиш учун уларга берилган товарлар сотилишини назарда тутувчи тури ҳисобланади. Жумладан, воситачилик савдоси чакана савдо фаолияти тури бўлиб, воситачилар томонидан уларга воситачилик шартномалари бўйича реализация қилиш учун берилган товарлар сотилишини тақозо этади.
Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарори билан тасдиқланган) чакана савдо назарда тутилган.
Шундан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан воситачиликка берилган товарларнинг реализация қилиниши қонунга хилоф бўлиб ҳисобланмайди.
Жавобни солиқ маслаҳатчиси Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.