Norma.uz

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти – замон талаби

Халқаро молия корпорацияси (IFC) Европа ва Марказий Осиёдаги 12 мамлакатда: Арманистон, Озарбайжон, Болқон мамлакатлари, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистонда агробизнес стандартларини жорий этиш юзасидан маслаҳатлашув дастурини амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикасида дас­тур ўз фаолиятини 2014 йил апрелида бошлаган эди. Дастур Ўзбекистонда нималар билан шуғулланмоқда, бу нарса Ўзбекистондаги бизнес аҳлига қандай афзалликлар беради? IFC дастурининг Ўзбекистондаги раҳбари Ольга Шчербина газетхонларимизга ана шу ҳақда гапириб берди.

 

– Гап агробизнеснинг қандай стандартлари ҳақида бормоқда ўзи?

– Энг аввало, сўз озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежментининг НАССР деб аталмиш тизими ҳақида бормоқда. Бу тизим XX асрнинг 60-йилларида, яъни одамнинг фазога илк парвозлари бошланган кезлари АҚШда ўйлаб топилган эди.

Орбитага чиққан космонавтлар учун маҳсулотлар тайёрлайдиган «Пилсбери» корпорацияси АҚШнинг ҳаво парвози ва фазо бўшлиғини тадқиқ қилиш миллий бошқармаси – НАСА билан биргаликда ишлаб чиқаришнинг бутун жараёнини назорат қилиб туриш керак, деган хулосага келган эди. Ана шунда ишлаб чиқаришнинг бирон босқичида озиқ-овқат хавфсизлигига бўладиган ҳар қандай таҳдид имконияти истисно этилган бўлур эди.

Бутун ишлаб чиқариш жараёнида потенциал таҳдидларнинг олдини олишга асосланган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежментининг ана шу тизимини Hazard Analysis and Critical Control Points (НАССР) деб номладилар. Ўзбекчага таржима қилинадиган бўлса, у «хатарлар ва танг назорат нуқталари таҳлили» деган маънони англатади.

Тизимли ёндашувга асосланган ва бутун озиқ-овқат силсиласида озиқ-овқат маҳ­сулотлари хавфсизлигини уз­луксиз таъминлашни кафолатлайдиган НАССР тизими ўз самарасини кўрсатди ва орадан шунча йиллар ўтиб, курраи заминимиздаги кўпгина мамлакатларда кенг оммалашди.

– НАССР принциплари Европа Иттифоқи ва Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларда мажбурий ҳисобланадими?

– Ҳозирги кунда НАССР принципларига риоя қилиш Европа Иттифоқи мамлакатларида мажбурийдир (28.01.2002 йилдаги 178/2002/ЕС регламенти озиқ-овқат бўйича қонун ҳужжатларининг умумий принциплари ва талабларини белгилайди). Божхона иттифоқига аъзо ҳар учала мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчилари (тайёрловчилари)нинг ҳаммаси 2014 йил 1 июлдан эътиборан НАССР тартиб-таомилларини жорий этишлари шарт (Божхона иттифоқининг «Озиқ-овқат маҳ­сулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги ТР ТС 021/2011-рақамли техник регламенти). Мазкур регламентга мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларнинг (тайёрловчиларнинг) ҳаммаси НАССР принципларига асосланган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизимларини ишлаб чиқишлари, жорий этишлари ва қўллаб-қувватлашлари керак. Ана шу талаблар Ўзбекистон корхоналарига ҳам тааллуқлидир. Агар улар озиқ-овқат маҳсулотларини нафақат Европага, балки Россия, Қозоғистон ва Беларусга экспорт қиладиган бўлсалар, мазкур тизимларни жорий этишлари ва қўллаб-қувватлашлари лозим бўлади.

– НАССР тизими озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига доир бошқа тизимлардан нимаси билан фарқ қилади?

– Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигининг анъанавий принципларида асосий мақсад пировард маҳсулотга тўғри келади. Бошқача қилиб айтганда, маҳсулот тайёр бўлганидан кейингина танлов асосидаги текширувга рўбарў бўлади.

НАССР тизимида хом ашё ва ­тайёр маҳсулотни, таъбир жоиз бўлса, қадам-бақадам кузатиб бориш принципи инобатга олинади. Бунда корхонадан хом ашёни фақат ишончли бўлган маҳсулот етказиб берувчилардан олиш тақозо қилинади. Негаки, сифатсиз хом ашёдан сифатли маҳсулот тайёрлаш мушкул ишдир. Худди шунингдек маҳсулот кимга етказиб берилаётганлигини ҳам жуда пухталик билан кузатиб туриш лозим. Бу нарса истеъмолчилар хавфсизлигига таҳдид солинган тақдирда маҳсулотни кимдан чақириб олиш мумкинлигини билиш учун зарурдир.

– НАССР тизимини жорий этиш асносида корхона қанақа сарф-харажатлар қилади?

– Ҳаммаси якка тартиблик асосида, ўзига қараб олиб борилади. НАССР тизимининг қиймати муайян тармоқнинг ўзига, корхона, бино, фойдаланилаётган ускуна, технологик жараёнларнинг ҳолатига, фойдаланилаётган озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги юзасидан корхонада қандай стандартлардан фойдаланилаётганлигига боғлиқдир. Агар санаб ўтилганларнинг ҳаммаси яхши ҳолатда бўлса, НАССР тизимини жорий этиш анча арзонга тушади.

Бундан ташқари, мазкур тизим самарали амал қилиши учун, уни мунтазам равишда бир маромда сақлаб туриш учун корхона томонидан содир этиладиган харажатлар ҳам бор. Ходимларни муттасил ўқитиб-ўргатиш, ҳужжат юритиш ва шу сингари ишлар билан боғлиқ харажатлар шулар жумласидандир. Ходимларнинг билим ва кўникмалари такомиллаштирилмас экан, ҳатто энг замонавий ускуналар ҳам озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлмайди.

– НАССР тизимига киритилган инвестициялар ўзини қанчалик тез оқлайди?

– Европалик экспертларнинг маълумотларига қараганда НАССР тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишга киритилган инвестициялар одатда 2–3 йил мобайнида қайтади, корхонани модернизация қилиш юзасидан катта ишлар қилинган тақдирда ҳам шундай бўлади.

– Агар НАССР тизими шунчалик наф, афзаллик келтираётган бўлса, нима сабабдан кўпгина корхоналар уни жорий этишга ошиқмаяпти? Корхоналарнинг бу борада фаоллик кўрсатишини жиловлаб турган омиллар нима?

– Корхоналарнинг НАССР тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ниятлари амалга ошиши борасида фаолликни тизгинлаб турган омиллар сирасига бошқа қатор камчиликлар қатори ахборотлар етишмаслигини, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонун ҳужжатлари пухта эмаслигини, бу борадаги ташаббусларни молиялаштириш имкониятлари чекланганлигини киритса бўлади.

Баъзи корхоналар НАССР тизими жорий этилганидан кейин 2 йил ўтиши билан корхона эга бўладиган молиявий ва амалий афзалликлар ҳақида керакли ахборотларга эга бўлмаганликлари сабабли ҳам уни шунчаки замонасозлик, модапарастлик деб ҳисоблайдилар ва шундай тизимни ишлаб чиқишга маблағ киритишга шошилмайдилар.

НАССР тизими тўғрисида кенг тарқалиб кетган афсона ва тўқималар орасида, масалан, унинг ҳаддан ташқари қиммат эканлиги, ишлаб чиқиш бағоят мураккаблиги, Ўзбекистондаги воқелик учун яроқсизлиги ҳақида айтилаётган гаплар бор. Яна талайгина корхоналар НАССР тизими фақат маҳсулотини экспорт қилувчиларгагина керак деб янглиш ўйлайдилар. У мажбурий тартибда сертификатланмоғи керак, деган нотўғри ўй-фикрда юрганлар ҳам кўп.

Дастуримиздан кўзланган мақсадлардан бири озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигининг НАССР принципларига аосланган тизимлари афзалликлари ҳамда бундай тизимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида корхоналарнинг хабардорлик даражасини оширишдан иборатдир.

– НАССРни жорий этишда корхона учун нималар рағбатлантирувчи омил бўлади?

– Европа Иттифоқида истеъмолчиларнинг ўзлари корхоналарни НАССР ҳамда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кафолатловчи бошқа тизимларни жорий этишга ундамоқдалар.

Бошқа мамлакатларда кор­хоналарни синчковлик билан аудитдан ўтказганидан кейингина уларнинг маҳ­сулот етказиб беришига ижозат этаётган йирик савдо тармоқлари кучли рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

– НАССР тизимини жорий этиш, сизнинг назарингизда, Ўзбекистондаги корхоналарига нималар бериши мумкин?

– Ўзбекистон агробизнес соҳасида катта салоҳиятга эга ва бу салоҳият муттасил ортиб бормоқда. Сабзавот ва мевалар етиштиришни олайлик. Ўзбекистон бундай маҳсулотларни ички бозорда талаб этиладиганидан бир неча марта кўпроқ етиштирмоқда. Хўш, қолган маҳсулотни нима қилиш керак? Уларни янгилигида сотиш керакми ёки қайта ишлаган маъқулми? Маҳсулотларни мамлакатнинг ўзида сотган дурустми ёки экспорт қилган яхшироқми?

Шу сабабли ҳам Ўзбекистон корхоналари учун озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги менежментини таҳлил қилиб, унинг қандай тизимларини жорий этиш халқаро бозорга чиқишга ёрдам беришини тушуниб олиш жуда муҳимдир. Бу янги сабзавот ва тар мевалар учун Global GAP бўлиши ёки улар қайта ишланган тақдирда НАССР ISO 22000, FSSC 22000 тизими бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, фермерда ёки корхонада ана шундай тизимларнинг мавжудлиги чет эллик ҳамкорларда ишончни оширади, корхонанинг истеъмолчилар ва инвесторлар олдидаги юқори савияда масъуллигидан далолат беради.

– IFC консалтинги Ўзбекистонда ўз хизматларини таклиф этаётган консалтинг компанияларидан нимаси билан фарқланади?

– Биз озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги менежменти тизимларини жорий этиш бо­расида халқаро тажрибага эга бўлган маслаҳатчиларни, бу соҳадаги энг яхши мутахассисларни танлаб олмоқдамиз. Маслаҳатчиларимиз қанчадан-қанча корхоналарда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти ти­зимлари жорий этилишини кузатиб турдилар ва мижозларимиз сертификатлаштиришдан яхши ўтдилар. Айни бир вақтда маҳаллий маслаҳатчиларни ҳам жалб этмоқдамиз, улар тажриба орттиришига кўмаклашмоқдамиз.

– IFC маслаҳатчилари тизимни корхонага жорий эта оладиларми, сертификат олишда ёрдам бера оладиларми?

– Компаниялар биз билан ҳамкорликда иш олиб борар эканлар, вақтида сифатли ёрдам олишларига ишонишлари мумкин. Аммо маслаҳатчиларнинг ўзи корхонада тизимни жорий этмайди. Ходимларнинг ташаббускорлиги ва куч-ғайрати, корхона раҳбариятининг бу ишга иштиёқи муқаррар шарт саналади. Тизимни жорий этиш корхона раҳбарияти даражасида қарор қабул қилишдан, мазкур корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва танг нуқталарини таҳлил этадиган ишчи гуруҳ ташкил этишдан бошланади. Экспертлар компаниялар олиб борилаётган иш жараёнига қаерда ўзгартиш киритиш кераклигини ва бу ишни қай йўсинда тўғри, тез бажариш мумкинлигини айтиб берадилар. Аммо компаниядаги ишлаб чиқаришнинг жамики нозик жиҳатларини шу компаниядагилардан бўлак ким ҳам яхшироқ биларди дейсиз?! 

– Сиз ҳамкорликни қайси тармоқларда олиб боришни режалаштирмоқдасиз?

– Ўзбекистон учун энг долзарб ҳисобланган тармоқларда, яъни мева ва сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида, шарбатлар ва ичимликлар тайёрлашда корхоналар билан иш олиб бориш, назаримда, ниҳоятда муҳимдир. Бошқа соҳаларда, айтайлик, гўшт-сут ва балиқчилик соҳаларида иш олиб боришда ҳам катта тажрибамиз бор.

– Ҳозирги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизимини жорий этиш ҳақида ўйлаётган Ўзбекистон корхоналарига нималарни маслаҳат берган бўлур эдингиз?

– Бундай тизимни мумкин қадар барвақтроқ жорий этишларини маслаҳат берган бўлур эдим. Мабодо қурилиш ва ускуналар харид этиш босқичида турган бўлсангиз, тизимни жорий этишни ҳозирнинг ўзидаёқ бошланг, чунки бу энг самарали ва кам чиқим усулдир. Борди-ю, корхонангиз бозорда ишлаётган бўлса, жорий этишни кечиктирманг, негаки бу нарса давр талаби билан ҳамнафас бўлишни, танглик вақтида ҳам шу даражада қолишни таъминлайди. Агар инвестиция излаётган бўлсангиз, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизимини дадил жорий этинг ва бу нарса инвесторлар кўз ўнгида нуфузингизни ошириб, жалб этувчанлик салоҳиятингизни янги босқичга кўтаради. Маҳсулотни экспорт қилиш истагида бўлсангиз, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежментининг жорий этилган ва амал қилиб турган тизими янги-янги бозорларни забт этиш йўлини очиб берувчи восита бўлиб қолади.

 

Материал агробизнес стандартларини Европада ва Марказий Осиёда жорий этиш юзасидан IFC маслаҳатлашув дастури
фаолияти доирасида тайёрланди.

Прочитано: 4037 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика