Жаҳон банки гуруҳининг «2015 йилда бизнесни юритиш: Самарадорлик доирасидан кўтарилган ҳолда («Doing Business 2015: Going Beyond Efficiency) маърузасининг маълумотларига кўра* Ўзбекистон бундан аввалги йилги маърузанинг якунлари билан таққослаганда дунё мамлакатларининг бизнесни юритиш қулайлиги бўйича ушбу рейтингда 8 поғона юқорига кўтарилган.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ кўплаб тартиб-таомилларни яхшилайдиган ёки эркинлаштирадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз рейтингининг ошишига асосий сабаб бўлди.
Маърузада Ўзбекистон шу жумладан тегишли ҳужжатларни веб-интерфейси асосида тақдим этиш ва ишлов бериш имконини берадиган ахборот тизимларини жорий этиш йўли билан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган тартиб-таомилларни бажариш муддатларини жиддий тарзда қисқартирганлиги далили қайд этилди.
Ташқи савдо контрактларини ваколатли банкларда ҳисобга қўйиш тартиб-таомилининг бекор қилиниши билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари кўрсатилган контрактлар бўйича маълумотларни электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда давлат хизматларининг ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ)га электрон шаклда тақдим этиш имкониятини олдилар.
Ушбу чора-тадбирлар Президентнинг апрелда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-4609-сон Фармони, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Қарорида (21.07.2014 йилдаги 199-сон) назарда тутилган. Бироқ Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган ушбу ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишдан олинадиган асосий самаралар ҳали олдинда.
Божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштиришга йўналтирилган ислоҳотлар дастурида яна бир муҳим банд бўлди. Хусусан, Ўзбекистон божхона органлари томонидан сўраб олинадиган ҳужжатлар сонини қисқартирди, шунингдек уларни бериш ва олиш жараёнини соддалаштирди.
Чунончи, Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) 5-бандини бажариш учун Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси 2013 йил 1 январдан бошлаб интернет тармоғи орқали интерфаол хизмат сифатида товарларни электрон декларациялаш тартиб-таомилини тақдим этди, у товарларнинг божхона расмийлаштируви чоғида инсон омилини камайтириш, шунингдек божхона расмийлаштируви вақтини анча қисқартириш имконини беради. Шунингдек Ҳукуматнинг 29.12.2012 йилдаги 370-сон Қарорига мувофиқ 2013 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига ўзининг танловига кўра товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиб-таомилини электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқи берилган.
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдан 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) янги таҳрири қабул қилиниши республикадаги инвесторлар ҳолатига мақбул таъсир кўрсатди. Мазкур Қонуннинг янги таҳрири жамиятларнинг манфаатдор директорлари аффилланган шахслар билан амалга оширадиган битимлар тўғрисидаги ахборотни очиб беришга, шунингдек бундай битимлар тўғрисидаги ахборотни акциядорлик жамиятларининг тегишли йиллик ҳисоботларига киритишга нисбатан янада юқорироқ талаблар қўяди. Бундан ташқари, исталган акциядорга юқорида кўрсатилган битимлар билан боғлиқ барча ҳужжатларни сўраш ва олиш ҳуқуқи берилган. Мазкур меъёрларнинг қабул қилиниши миноритар акциядорлар ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш имконини берди, бу эса ўз навбатида рейтингда 18 бандга кўтарилишда ўз аксини топди.
Шунингдек маърузада қайд этилишича, Ўзбекистон идоралар даражасида бўйсунадиган ёки бевосита Президент ёки бош вазирга бўйсунадиган, вазифалари турли давлат органлари ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиришни яхшилаш бўлган махсус тузилмаларни ташкил этган 50 мамлакатнинг бирига айланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, солиқ солиш тизимини акс эттирадиган рейтингда Ўзбекистон 61-поғонага кўтарилди. Фикримизча, ижобий ўзгаришларнинг асосий омили солиқ ставкаларининг ҳар йили пасайтириб борилиши бўлди. Чунончи, агар 2000 йилда фойда солиғи ставкаси 38%ни ташкил этган бўлса, 5 йилдан кейин 15%гача пасайди, ягона ижтимоий тўлов ставкаси эса 40%дан 25%гача камайди. Ягона солиқ тўлови ставкаси режага асосан ва катта миқдорда пасайтириляпти. Мисол учун, 2005 йилда саноат корхоналари учун 13% миқдорида белгиланган ушбу ставка ҳозирги вақтда атиги 5%ни ташкил этди. Даромад солиғи ставкалари мунтазам равишда пасайтирилаётганлиги ҳам муҳимдир.
«2015 йилда бизнесни юритиш: Самарадорлик доирасидан кўтарилган ҳолда» (Doing business 2015: Going Beyond Efficiency) маърузасининг тўлиқ матни ва мазкур маърузанинг Ўзбекистон Республикасига бағишланган алоҳида кенгайтирилган профилини (инглиз тилида) norma.uz сайтидан юклаб олиш мумкин. Бундан ташқари, хоҳловчилар ушбу сайтда рус тилида ўтган йили «2014 йилда бизнесни юритиш: Кичик ва ўрта корхоналар фаолиятини тартибга солишни англаш» маърузасининг қисқача матни билан танишишлари мумкин.
Қўшимча ахборотни http://russian.doingbusiness.org дан олиш мумкин.
*Маърузада қайд этилган кўрсаткичлар 2014 йил 1 июндаги ҳолат бўйича келтирилган.
Алексей НИЯЗМЕТОВ,
Бекзод ҚУРБОНОВ,
экспертларимиз.