Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 34 / Хабарингиз бўлдими

Бўғча-пакет қилиб ортмоқлаб маиший чиқиндиларни саралаш энди истеъмолчилар зиммасида

Бу нарса Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидаларида (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорининг 3-иловаси, бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) назарда тутилган. Мазкур чора чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш мамлакатимизнинг экология ва иқтисодиёт соҳасидаги сиёсатининг бир қисмига айланиб бораётганлиги тақозоси бўлиб, давлатга мўмайгина даромад келтиради ва экология ҳолатини яхшилайди. Ҳужжат шаҳарларимиз ва аҳоли пунктларимиз озодагарчилигини ва санитария-эпидемиология ҳолати яхши сақлаб турилишини таъминлашга қаратилган.

 

Бу ишда аҳоли асосий роль ўйнайди ҳисоб. Рўзғор-маиший чиқиндиларни қайта ишлаш алоҳида бир тармоққа айланиб, унинг атроф муҳитга бўлаётган таъсири камайиши учун аҳоли мазкур жараёнда энг бошланғич босқичда, яъни маиший чиқиндини алоҳида-алоҳида қилиб саралашда фаол иштирок этмоғи керак.

Очиғини айта қолайлик, кўпчилик бу янгиликни хайрихоҳлик билан кутиб олди деб бўлмайди, унга ишонқирамай қараганлар қанча. Бундан икки йил муқаддам Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори (7.07.2012 йилдаги 579-сон) билан мамлакатимиз пойтахтида маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплаш йўлида дастлабки қадам қўйилган бўлса-да, у кутилган даражада ўзини оқламади. Эндиликда бу талаб мамлакат ҳукумати қарори билан белгиланмоқда, бу эса мазкур чораларнинг устувор аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир.

Европадаги кўпгина мамлакатларда маиший чиқиндилардан иккиламчи тарзда кенг фойдаланадилар, уларни хом ашёга айлантириб, бундан дурустгина фойда олишларини айтмайсизми? Ахлатларни одатий усулда бир жойга тўплаш ва ёқиб юбориш атроф муҳитга ҳам, аҳолига ҳам зарар келтиради. Қолаверса, бу усул чиқиндиларни қайта ишлашга нисбатан бирмунча қимматга тушади ҳам.

Кўпчилик янгиликни муҳокама этар экан, у қай йўсинда амал қилар экан, деб қизиқсинмоқда. Улар Қоидаларда белгилаб қўйилганидек, ахлатни тўртта алоҳида-алоҳида пакетга саралаш ортиқча даҳмаза келтирадиган иш деб ҳисобламоқдалар. Юртимиз аҳолиси хонадонларининг аксариятида ошхона саҳни катта эмас. Шундай экан, ахлат солинган пакетларни қаерда сақлаш, уларни қаерга олиб чиқиш лозим, ахлат машиналарида улар аралаш-қуралаш бўлиб кетмасмикан, ахлатхоналарда алоҳида-алоҳида контейнерлар қўйиладими, деган саволлар оз эмас. Одамлар ҳозирча ўзлари учун аниқ-равшан рағбат омилини ҳам кўрмаётир, шу сабабли ҳам тафаккур кўламини каттароқ олмаётир. Боз устига одамларнинг психологиясини, бу ишга ёндашув ва муносабатни ўзгартириш моҳият эътибори билан аҳоли ўртасида олиб бориладиган умуммаърифий ишдир. Янги ҳужжат билимни ялпи ошириш ва инсон омили деган ғовни енгиб ўтиш учун вақт қолдирармикан?

Қоидаларда белгиланишича, кўп квартирали уйлардаги истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни турли рангдаги пакетларда ахлатхона пунктларидаги махсус контейнерларга жойлаштирадилар. Якка тартибдаги хусусий уй-жой эгалари бундай чиқиндиларни махсус автотранспорт жадвал бўйича келгунига қадар ўз хонадонларида сақлайдилар.

Истеъмолчи қайси ижрочи билан шартнома тузган бўлса, шу ижрочи чиқиндиларни олиб чиқиб кетиб, уларни иккиламчи хом ашё қабул қилувчи ихтисослаштирилган корхоналарга белгиланган тартибда топширилишини таъминлайди. Кўп нарса одамларимизнинг бу жараёнга фаол тарзда қўшилишига боғлиқ. Бунга тузукроқ рағбат омиллари топилармикан? Экология вазияти яхшиланиб, қадрдон шаҳримиз кўчалари озода ва батартиб бўлишининг ўзи шундай рағбатлардан бири эмасми?!

 

Шу муносабат билан Европа мамлакатларида аҳолини маиший чиқиндиларни саралашга қай тартибда ўргатганликлари қизиқ. Уларнинг аксариятида қонун ҳужжатларида чиқиндиларни алоҳида-алоҳида сараланган тарзда жамлаш талабига риоя этмаганлик учун қаттиқ жарима жазолари қатори имтиёзлар ва иқтисодий рағбат омилларининг ҳам дурустгина тизими назарда тутилган.

Масалан, Нидерландияда ахлатни саралаб тўплаганлик учун экологик хайрихоҳлик купони берилади, бу купон турар жой ҳақи ва коммунал хизматлар тўловида сийлов (чегирма) кўринишида имтиёз беради. Испанияда бу ишда иштирок этаётган катта ёшлиларга маъмурларнинг ташаккурномаси, болаларга эса ширинликлар беришади. Бир қанча мамлакатларда супермаркетларда аҳолига чиқиндилар бобидаги яхши ишлари учун сийлов назарда тутилган. Швецияда маиший чиқиндиларни ихтиёрий йўсинда саралаш учун муниципалитет билан шартнома тузилаётганда коммунал тўловлар тўлашда ва ахлатни зарарсизлантиришда тегишли сийловлар шартлашиб олинади. Шу ернинг ўзида гаров тизими ишга солинади. Бу эса пластик ва шиша идишлар қайтарилиши омилидир. Маҳсулот баҳосига унинг утилизацияси қиймати ҳам киради, шу сабабли бу мамлакатда шиша ва идишларни дуч келган жойга улоқтирмайдилар. Уларни йиғиб махсус қабул пунктларига топширишади, бу пунктларда сарф қилинган маблағларнинг бир қисми қопланади. Германияда сараланмаган ахлат ташлайдиган одамларга нисбатан мўмайгина жарима жазоси қўлланилади.

 

Энди яна Қоидалардаги талабларга қайтайлик. Истеъмолчиларнинг эътиборини ҳаммадан ҳам кўпроқ ўзига қаратган нарса шу бўлдики, ахлатни мажбурий тартибда бирламчи саралашдан ташқари Қоидаларда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетишга нисбатан ҳозирги воқеликлар инобатга олинган ҳолда янгича талаблар ва ёндашувлар белгиланган. Бугунги кунда бу соҳада рақобат муҳити вужудга келтирилган, бу нарса ҳужжатда ҳам ўз аксини топган. Ҳужжат бу жабҳада хизматлар кўрсатиб келаётган тадбиркорларни чиқиндиларни утилизация қилиш жараёнига янада фаолроқ тарзда жалб этишга чорлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ижрочилар чиқиндилардан иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланиш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашишлари, ишлаб чиқариш технологияларида назарда тутилганидан бўлак ҳолларда чиқиндиларнинг аралаштириб юборилишига йўл қўймасликлари, чиқиндилардан имкон қадар иккиламчи тарзда фойдаланиш учун, реализация қилиш ёки ўтказиш учун комплекс чора-тадбирлар кўриш, уларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланаётган бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш, шунингдек иккиламчи тарзда фойдаланилмайдиган чиқиндиларни экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда кўмиб ташлаш чораларини кўришлари шарт.

Мамлакатимизнинг саноат корхоналари ўзимизда ишлаб чиқарилган, маънан эскирган ва ишдан чиққан маҳсулотларни истеъмолчилардан кейинчалик ишлаб чиқарувчи ҳисобидан утилизация қилиш учун қабул қилиб олишлари шарт, бунинг учун маҳсулотни қабул қилиб олишнинг махсус механизми ишлаб чиқилмоғи керак.

Ҳужжатда маиший чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасидаги бошқарув таркиби ҳам белгилаб қўйилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қоидаларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадилар. Улар чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи, мулкчиликнинг турли шаклидаги корхоналарнинг ташкил этилишига кўмаклашишлари, ахлат йиғиладиган пунктлар ташкил этиш жойларини белгилашлари, бундай пунктларни давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан барпо этилишини амалга оширишлари, уларни чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бериш шартларини белгилашлари ёки бошқарувчи ташкилотларга ижарага беришлари, чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратиб беришлари шарт.

Қоидаларда ахлат йиғиладиган пунктларни барпо этиш ва улардан фойдаланишга оид талаблар ҳам қамраб олинган. Истеъмолчилар ва ижрочиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги, шунингдек кўрсатилаётган хизматлар учун ҳисоб-китоб тартиби ҳужжатда муфассал тарзда расамадга солинган.

Ирина ГРЕБЕНЮК,

махсус мухбиримиз. 

 

 

 

Истеъмолчилар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиб ташлаш учун ажратилмаган жойларга, шунингдек ҳаракатдаги автотранспорт воситасидан йўлкалар ва кўчаларнинг транспорт юрадиган қисмига ташлаш тақиқланади.

Қоидаларнинг 26-банди.


Истеъмолчилар қаттиқ маиший чиқиндиларни бир маротаба ишлатиладиган пакетларга алоҳида-алоҳида жойлаб дастлабки саралашни ва уларни қуйидаги турларга ажратишни амалга оширишлари шарт:

1) пластмасса (пакетлар, идиш, тара, ўйинчоқлар, бутилкалар);

қаттиқ пластмасса – пластмассадан ясалган мебель, резина пойабзал;

юмшоқ пластмасса – шампундан бўшаган флаконлар, идишлар ва ҳоказолар;

2) металл чиқиндилари (металлдан ишланган турли маиший буюмлар ва идиш-товоқ чиқиндилари, таралар, шу жумладан консерва банкалари);

қора металл чиқиндилари (панжаралар, сим тўсиқлар, қувур қийқиндилари, арматура, маиший жиҳозлар ва хўжалик анжомлари бўлаклари);

рангли металл чиқиндилари (алюминий симлар, мис симлар, алюминийдан ишланган идишлар, уй-рўзғор буюмлари);

шиша (шишадан тайёрланган турли маиший буюмлар ва идишлар чиқиндилари, таралар, бутилкалар);

3) қоғоз чиқиндилари (қоғоз, картон ва қоғоз маҳсулотига тенглаштирилган бошқа маҳсулотлар чиқиндилари), ип-газламаларнинг қийқимлари ва бўлаклари, эски увада-латталар;

 4) қайта ишлашга ва утилизация қилишга ярамайдиган биологик ва бошқа чиқиндилар (кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндилари, шу жумладан турли хил озуқа, янги мева, полиз ва сабзавот маҳсулотларининг пўчоқлари).

Қоидаларнинг 24-банди.

 

Таркибида симоб бўлган лампалардан ёритиш учун фойдаланувчи истеъмолчилар таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини махсус ажратилган жойда тўплашни амалга оширадилар.

Қоидаларнинг 25-банди.

Прочитано: 2243 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика