Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 34 / Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан

Суд орқали ҳимояланиш имконияти ортмоқда

Мамлакатимизда ҳуқуқий ҳимоя имкониятлари кенгайиб бораётгани ва мустаҳкамланаётгани ҳар бир фуқаронинг ўзини эркин ҳис этиши, энг муҳими, эртанги кунга бўлган ишончи ортишига хизмат қилмоқда. Президентимиз
Ислом Каримов раҳнамолигида барпо этилган ҳуқуқий-демократик, эркин фуқаролик жамияти ана шундай имкониятлар учун мустаҳкам замин яратаётир.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин ЁДГОРОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати суд тизимидаги ўзгаришлар, ҳуқуқий ҳимоянинг замонавий имкониятлари ортаётгани самаралари ҳақида бўлди.  

 

– Истиқлол туфайли мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган суд ҳокимияти шакллантирилди, – дейди Х.Ёдгоров. – Бу борада судларни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилгани муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2000 йил 14 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони одил судловнинг сифати янада яхшиланишида муҳим омил бўлди. Мазкур Фармон асосида судлар ихтисослаштирилди, яъни умумий юрисдикция судлари негизида жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Бу уларнинг ишларни малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича иш фаолияти самарадорлигини оширди.

2001 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган фуқаролик ишлари бўйича судлар фуқаролар ҳамда фуқаро ва юридик шахслар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, томонларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали иш олиб бормоқда.

Соҳадаги ишларнинг ошкоралигини таъминлаш ҳамда уни соддалаштириш мақсадида буйруқ тартибида иш юритиш институти жорий этилгани фуқаролар ва юридик шахсларга катта қулайлик яратди. Шу асосда маълум тоифадаги низосиз талаблар бўйича судья суд буйруғи чиқариш ваколатига эга бўлди. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ўртасидаги низоли бўлмаган фуқаролик муносабатларини ортиқча оворагарчиликсиз тартибга солиш имкониятини яратди. Ишни даъво тартибида кўриш билан боғлиқ ортиқча сарфланадиган вақт ва харажатларнинг олди олинди. 2013 йилда бир миллиондан ортиқ суд буйруғи чиқарилганлиги бунинг далилидир.

Ҳозирги кунда кўпчиликнинг эътиборини тортаётган, келгусида фуқароларга Интернет орқали судга мурожаат қилиш имкониятини яратадиган электрон судлов тизими ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириб, муддатини қисқартириш имконини беради. Бу фуқароларнинг вақти, маблағи тежалиши, ҳуқуқлари ўз вақтида тикланишига кенг йўл очади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида «Фуқаролик судловини такомиллаштириш: самарали суд бошқаруви» лойиҳаси тайёрланди. Ҳозир ушбу лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, шу асосда «E-Sud» электрон судлов миллий ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур ахборот тизими орқали судларда электрон ҳужжат алмашинуви жорий этилмоқда. Чунки тизим тарафларга суд хабарномаларини ва ҳужжатларини ахборот-коммуникация технологиялари воситалари орқали жўнатиш, суд ҳужжатларини ишлаб чиқилган намуналар асосида тайёрлаш, суд мажлисларининг ягона тақвимини жорий этиш, суд ҳужжатлари сақланадиган ягона маълумотлар базаси ва суд ҳисоботларини тузишни автоматлаштириш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Бугунги кунга келиб мазкур тизим орқали 17 мингдан ортиқ суд буйруғи бериш ҳақида ариза келиб тушди. Улар судья ва суд ходимлари томонидан ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқилди.

Шу ўринда мазкур жараёнга бир назар ташласак: суд девонхонасида жойлашган компьютерга келиб тушаётган даъво аризалари мониторда намоён бўлиши билан девонхона ходими уни махсус тармоқ орқали суд раисига электрон усулда жўнатади. Раис ўз навбатида уни тегишли судьяга узатади. Бу бир неча дақиқани олади ва бу жараёнда компьютердаги келиб тушаётган ишлар сони кўрсатилган рақам камайиб боради. Судья ишни қабул қилиб олгач, қисқа вақтда бир неча ўнлаб иш бўйича суд буйруғи чиқаради. Энг муҳими, тизимни ўзида жорий этган юридик шахслар, масалан, солиқ инспекцияси, электр тармоқлари каби идоралар жараённи кузатиш, ишнинг натижасини зудлик билан билиши мумкин.

Мазкур тизим орқали судга мурожаат қилишнинг афзаллиги шундан иборатки, судга даъво талаби билан мурожаат қилишни истаган фуқаро тизимга кириб, судга мазкур даъво талаби билан мурожаат қилишда қандай ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги, даъво аризани қандай расмийлаштириш, давлат божи тўлови миқдори, қўшимча тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар борасида тўлиқ маълумот, яъни ҳуқуқий ёрдам олади. Хусусан, тизимнинг ўзи фуқаро даъво ариза турини танлаши билан низони судда кўриб чиқиш учун лозим бўлган маълумотларни сўрайди. Даъво ариза топширилгач, суд томонидан кўриб чиқишга қабул қилинганлиги ёки қабул қилиш рад этилганлиги ёхуд ҳаракатсиз қолдирилгани ҳақида маълумот суд веб-саҳифасида акс эттирилади. Натижада судга мурожаат қилган фуқарода суднинг тегишли ажрими билан танишиш ва уни олиш имкони пайдо бўлади.

Бундан ташқари, тизимнинг яна бир қулайлиги, бу тарафлар даъво аризаси топширишига қадар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан тегишли масалалар юзасидан қабул қилинган ҳужжатлар билан танишиши мумкинлигидир. Бу даъво талабининг қаноатлантирилиши эҳтимолини баҳолаш имкониятини беради. Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш назарда тутилган бўлиб, тизимнинг ўзи суд процессуал ҳужжатларини деперсонализациялайди, яъни шахссизлантиради.

Тизимда Интернет тармоғига уланиш имконияти бўлмаган фойдаланувчилар ҳамда судга мурожаат қилган фуқароларнинг судья ёки суд раисининг қабулини кутиб сарсон бўлмасликлари, ўзларини қизиқтирган масала бўйича маълумот олишлари инобатга олинган. Махсус ахборот киосклари олиниб, улар «E-Sud» тизими синовдан ўтказилаётган фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди биносига жойлаштирилди. Фуқаро мазкур киоск орқали ўзини қизиқтирган масала тўғрисида, шунингдек, мурожаати қачон судда кўрилиши, агар кўрилган бўлса, суд қарори, унинг қонуний кучга кирган ёки кирмаганлиги, ижрога юборилгани ёки юборилмаганлиги ҳақида тўлиқ маълумот олиши мумкин.

«Е-Sud» тизимида судьялар ишни электрон ҳолда, қоғоз папкаларни юритмаган ҳолда ўрганиши, кўриб чиқиши, қарор қабул қилиши фақат иқтисодий фойда келтиради.

«Е-Sud» тизимининг «Электрон ҳисобот»и эса фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиришга мўлжалланган. Ушбу тизимни республика судлари бўйича жорий этиш орқали фуқаролик ишлари бўйича судлар статистик ҳисоботларини марказлаштириш ва биринчи инстанция судьяси иштирокисиз йиғиш ҳамда шакллантириш мумкин бўлади.

Умуман, «Е-Sud» электрон суд иш юритуви тизими суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш орқали инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини янада ишончли, ортиқча сансалорликларсиз ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтиради.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар тузилишида қандай ўзгаришлар амалга оширилди ва бу фуқароларга қанчалик қулайлик яратмоқда?

– Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йил ичида фақат фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари уч-тўрт баробар кўпайди. 2014 йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 106 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. Шунингдек, 470 мингдан ортиқ суд буйруғи чиқарилган. Суд буйруғи чиқарилган аризалар бўйича 426 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириш белгиланган. Фуқаролик ишларининг 86 фоизи бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, шундан 89 фоизи бўйича даъво қаноатлантирилган.

Бу фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти, судларга бўлган ишончи, иш кўламининг ошиб бораётганидан далолатдир. Бу ишларни малакали ва сифатли кўриб чиқишни янада яхшилаш, шу билан бирга, туман судлари тузилмасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 4 октябрдаги «Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлди. Чунки шу асосда қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 туманлараро (туман) суди тузилиб, судларнинг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди. Жорий йилнинг ўтган даврида Фориш, Бойсун туманлари судлари ва Пайариқ, Касби, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманлараро судлари иш бошлади.

Янги тузилаётган фуқаролик ишлари бўйича туман ва туманлараро судларини тўлдириш ҳамда иши нисбатан кўп бўлган амалдаги судлар ходимларининг сонини кўпайтириш учун судьяларининг сафи 71 нафарга кенгайтирилмоқда.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди. Мазкур тузилма судьялар мустақиллиги ҳамда уларнинг фақат қонунга бўйсуниши тамойилига қатъий риоя этган ҳолда, судларнинг ижро интизоми билан боғлиқ ишларини назорат қилмоқда. Бу одил судловни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатаётир. Шунингдек, Суд амалиётини умумлаштириш бўлими негизида ахборот-таҳлил бўлими тузилди. Унинг ходимлари суд амалиётини умумлаштириш натижаларига оид таҳлилий материаллар тайёрлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, амалдаги қонун ҳужжатларининг суд амалиётида бир хилда ва тўғри татбиқ этилиши юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажармоқда. Бу ишларнинг тизимли равишда ўрганилиб, таҳлил этиб борилиши, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларининг кўрилиши суд ишлари самарадорлиги ошиши ва, албатта, ягона суд амалиёти юритилишига хизмат қилмоқда.

 

Хулоса қилиб айтганда, суд ишларининг ўз вақтида кўрилиб, ҳал этилаётгани, бу борада замонавий имкониятлардан фойдаланилаётгани халқимиз учун яратилган катта қулайлик бўлиши билан бирга, халқаро ҳуқуқ амалиётига ҳам тўлиқ мос келади. Бу суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини юксак даражада ҳимоялашга хизмат қилмоқда.


ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 1540 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика