Norma.uz

Васиятнома тузиш ҳақида батафсил

Ҳар қандай ақл-ҳуши жойида бўлган киши баъзан вафот этганимдан кейин бутун мол-мулким нима бўлади деб беихтиёр ўйлаб қолади. Албатта, ҳар ким ҳам ушбу палла иложи борича кечроқ келишини истайди. Афсуски, ўлим сабабли яқин қариндошлар доим ҳам қайғуга ботавермайди. Баъзан ғамга шерик бўлиш ва вафот этган киши учун қайғуриш ўрнини бойлик орттириш хоҳиши эгаллайди. Шу сабабли тўғри тузилган васиятнома ҳаётлик чоғидаёқ кишига барча муаммоларни ҳал этишда, мол-мулкининг тақдирини белгилашда ёрдам беради.

 

ЎЗ ҲУҚУҚИНГИЗНИ БИЛИНГ

Васият – кишининг вафот этган тақдирда мулкини тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродасидир. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фирма, ташкилот, орган ва бошқалар васиятнома туза олмайди (Фуқаролик кодексининг (ФК) 1120-моддаси).

Бундан ташқари, киши тўлиқ фуқаролик салоҳиятига эга бўлиши (ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуниши ва уларни бошқара олиши) керак.

Васият қилувчи қуйидагиларга ҳақли:

қариндошлик ёки оилавий алоқаларининг бор-йўқлигидан қатъи назар меросхўр ёки меросхўрларни тайинлаш;

ўз мол-мулкини юридик шахслар, давлат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиш;

қонун бўйича меросхўрларнинг исталганини меросга бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилиш;

бутун меросга ёки унинг маълум қисмига васиятнома тузиш;

меросхўрни меросдан маҳрум қилиш;

меросхўрни номулкий тусдаги муайян ҳаракатларни бажаришга мажбур қилиш (қаерда ва қандай дафн этиш, шахсий қоғозларини қандай тасарруф этиш ва ҳоказо);

васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишини ўз ичига оладиган васиятнома тузиш (агар мерос очилган пайтга келиб бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади);

исталган вақтда васиятномани бекор қилиш, унга ўзгартиришлар киритиш ёки янги васиятнома тузиш.

 

ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Бироқ васият қилувчининг ҳуқуқлари батамом чексиз эмас. Унинг ҳуқуқини чеклайдиган ёки, аниқроқ қилиб айтсак, камайтирадиган меросдаги мажбурий улуш тушунчаси мавжуд. Натижада васият қилувчининг сўнгги хоҳиши тўлиқ ҳажмда бажарилмайди.

Қонун ҳужжатларида васият қилувчининг хоҳишига кўра кишиларнинг маълум гуруҳлари жабр чекишлари мумкин бўлган вазият назарда тутилиб, улар ҳимоя қилинади. Ҳатто васият қилувчи уларни васиятномада кўрсатмаган ёки меросдаги улушдан маҳрум қилганда ҳам меросдан улуш олишлари кафолатланган муайян шахслар мавжуд. Улар – мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар (ФКнинг 1142-моддаси). Улар қонун бўйича ворис бўлганларида олишлари мумкин бўлган мероснинг камида ярмини оладилар.

 

ВАСИЯТНОМА ТУРЛАРИ

Васиятнома фақат ёзма шаклда тузилади ва тегишли мансабдор шахс томонидан тасдиқланади. Шартли васиятнома меросхўрлар учун муайян шартларни белгилаши мумкин. Ворислик ҳуқуқи уларда фақат ушбу шартлар бажарилганидан кейин пайдо бўлади. Меросхўрни тайинлаш ёки ворислик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармойишга киритилган ғайриқонуний шартлар ҳақиқий бўлмайди. Васиятномага киритилган бўлиб, меросхўр ўз саломатлигининг аҳволига кўра ёки бошқа объектив сабаблар туфайли бажара олмайдиган шартлар меросхўрнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФКнинг 1121-моддаси).

Махфий васиятнома тузиш мумкин, унинг мазмуни фақат васият қилувчининг вафотидан кейин маълум бўлади (ФКнинг 1125-моддаси бешинчи қисми).

ФКнинг 1124-моддасига кўра васиятнома ёзма шаклда тузилиб, уни тузиш жойи ва вақти кўрсатилади. Фақат нотариал тасдиқланган ва нотариал тасдиқланган васиятномага тенглаштириладиганларигина шундай ҳужжатлар деб эътироф этилади.

Васиятномани васият қилувчи ўз қўли билан имзолаши керак. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Қуйидагилар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.

 

СУВДА ВА ҚУРУҚЛИКДА

Тузилган васиятнома мажбурий тасдиқланиши керак. Ҳаётий вазиятлар ғоятда хилма-хил бўлишини ҳисобга олиб, васиятномани, ФКнинг 1126-моддасига кўра, муайян шахслар тасдиқлашлари мумкин, яъни:

● нотариус (фақат у махфий васиятномаларни тасдиқлайди ва ошкор этади);

● маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи тегишли бўлимининг ваколатли шахси (нотариус йўқ бўлган аҳоли пунктларида);

● госпиталнинг бош врачи, унинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари ёки навбатчи врачи, қариялар уйининг директори ёки бош врачи;

● Ўзбекистон байроғи остидаги кеманинг капитани;

● экспедиция бошлиғи;

● ҳарбий қисмнинг командири;

● озодликдан маҳрум этиш жойи бошлиғи;

● тергов ҳибсхонаси бошлиғи.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб қилинмайди (26.12.1996 йилдаги «Нотариат тўғрисида»ги 343-I-сон Қонуннинг 45-моддаси).

 

ВАСИЯТНОМА ИЖРОСИ

ФКнинг 1131-моддасига мувофиқ васият қилувчи васиятноманинг ижро этилишини ўзи васиятномада кўрсатган, меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга топшириши мумкин. Ижро этувчининг розилиги унинг ўз қўли билан васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим.

Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёхуд бошқа шахсга топширишга ҳақлидирлар. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, васиятномани ижро этувчи бир ёки бир неча меросхўрнинг талаби билан суд томонидан тайинланиши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи меросхўрларни олдиндан хабардор қилган ҳолда васият қилувчи томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан истаган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эга. Ижро этувчи меросхўрларнинг аризасига биноан суднинг чиқарган қарори билан ҳам ўз мажбуриятларидан озод қилиниши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи:

меросни муҳофаза қилиши ва уни бошқариши;

барча меросхўрларни ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларни мерос очилганлиги тўғрисида ҳамда улар фойдасига васият мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш учун имкон қадар барча чора-тадбирларни кўриши;

мерос қолдирувчига тегишли суммаларни олиши;

мерос қолдирувчининг хоҳиш-иродаси ва қонунга мувофиқ меросхўрларга уларга тегишли мол-мулкни бериши;

меросхўрлар зиммаларига юклатилган васият мажбуриятларини ижро этишларини таъминлаши;

васият мажбуриятларини бажариши ёхуд васиятнома бўйича меросхўрлардан васият мажбуриятларини ижро этишларини талаб қилиши лозим.

Ижро этувчи меросни бошқариш ҳамда васиятномани ижро этиш билан боғлиқ суд ишларида ва бошқа ишларда ўз номидан қатнашишга ҳақли, шунингдек бундай ишларда иштирок этишга жалб этилиши мумкин.

Васиятномани ижро этувчи ўз функцияларини унга юкланган мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган оқилона муддат мобайнида амалга оширади. Ҳар қандай ҳолда ҳам кўрсатилган муддат мерос очилган кундан бошлаб 1 йилдан ошиб кетмаслиги керак.

Васиятномани ижро этувчи меросни бошқариш ва васиятномани ижро этиш бўйича зарур харажатларни мерос ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга. Васиятномада уни ижро этувчига мерос ҳисобидан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Васиятнома ижро этиб бўлингач, васиятномани ижро этувчи меросхўрларнинг талабига биноан уларга ҳисобот тақдим этиши шарт.

 

БУНИ БИЛИШ КЕРАК!

1. Васиятнома билан қамраб олинмаган мол-мулк қонун бўйича барча меросхўрларга умумий асосларда мерос бўлиб қолади (ФКнинг 1123-моддаси).

2. Васиятномани талқин этишни нотариус, васиятномани ижро этувчи ёки суд амалга оширади.

3. Бунга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан ёки шаклни бузиб тузилган васиятнома ҳақиқий эмасдир.

4. Жисмоний ёки руҳий таъсир остида тузилган ёки васият қилувчи ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган ҳолатда бўлганда тузилган васиятнома ҳам ҳақиқий эмас деб топилади.

 

Васиятномани исталган вақтда ёзиш, қайта ёзиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин.

 

Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

 

Прочитано: 11343 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2019-11-22 15:32:07, Гость_Шовкат:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика