Norma.uz

Вақтида тўланмаган тўлов

Тўрт қаватли кўп квартирали уйда тўққиз млн сўмга нима қилса бўлади? Тошкентдаги ХУМШлардан бирининг ижрочи директори бу саволга бир олам иш қилиш мумкинлигини айтди. Хусусан томнинг ярмини замонавий, пишиқ материал билан жуда пухта ёпиш мумкин экан. Шунингдек барча йўлакларни қойилмақом қилиб таъмирдан чиқариш ёки ертўланинг ярмини рисоладагидек таъмирлаш мумкин экан.

 

ЎЗГАЛАРНИНГ ҚАРЗИ

Тўққиз млн сўм – бу аслида олтмиш икки квартирадан иборат кўп қаватли бир уйдан ташкил топган ХУМШга бирлашган соҳиби хонадонларнинг умумий мол-мулкини сақлаш учун мўлжалланган мажбурий бадаллар бўйича қарзидир. Моҳиятан олганда, бу пулларни қарздорлар инсофли тўловчилардан тортиб олиб, бирйўла тўрт қаватли уйда яшайдиганларнинг хотиржамлигини, шинам ҳаётини барбод этдилар. Зотан, бундай қарз бўлмаганида, мазкур уйнинг техник ҳолати анчагина яхшиланган бўлур эди.

Умумий мол-мулк таъминоти учун бадалларни вақтида тўлаш мажбурияти ҳақида тариқча ҳам ташвиш қилмаётган қўшнилар жатига ХУМШ аъзоларида тўлов миқдори ортиб бормоқда, ширкат эса аварияли ҳолатларни аранг эплаб, режалаштириб қўйилган ишларни бажаришга чоғи келмаяпти. Демак, тўловларни вақтида тўламаётганлар уйнинг техник ҳолатини яхшилаш йўлига ғов-тўсиқ бўлиб, ҳақиқий боқимондага айланиб бормоқда. Улар инсофли, виждонли квартира эгалари (булар орасида пенсионерлар, кам таъминланган одамлар ҳам бор – бари бадалларни вақтида тўлашга ҳаракат қилади) ҳисобидан уй-жойга тааллуқли жамики неъматлардан фойдаланиб келмоқда.

Яқин-яқинларгача аҳолининг саволлари ва шикоятларига ширкатдагилар бир хил жавоб берар эдилар: «Пул йўқ. Қарзларингиз катта». Уйдаги баъзи квартиралар бўш, ҳувиллаб ётади, эгалари бу ерда турмайди. Баъзи турар жойлар ижарага берилган. Ижарага берилган жойларнинг ҳам, бўш ётган жойларнинг эгаларини топиш мушкул. Тўғри, ХУМШдагилар қўл қовуштириб ўтирмаётирлар. Қарздорлар билан изчил иш олиб борадилар, хонадонма-хонадон айланиб чиқадилар. Тегишли жойларга, квартира эгаларига хатлар ёзадилар. «Қорасини кўрсатмай юрган» бундай одамларнинг рўйхати кўпчилик эътибори учун осиб қўйилади. Бироқ бундай чора-тадбирлар амалда тузукроқ натижа бермаётир, таъбир жоиз бўлса, уларга чивин чаққаничалик ҳам таъсир этмаётир. Судга даъво аризаси билан мурожаат қилишгина бундайларни озгина бўлса ҳам эпақага келтирмоқда. Шу сабабли ҳам эндиликда бу усулдан фаолроқ тарзда фойдаланилмоқда.

Кейинги пайтларда уйда таъмирлаш ишлари анча жонланиб қолди. ХУМШ йўлакларга кодли қулфи бўлган металл эшиклар ўрнатди, йўлакларда таъмирлаш ишларини ўтказиш, томни капитал таъмирлаш тараддудида. Бу ишларнинг ҳаммаси кредит ҳисобидан амалга оширилмоқда. Давлат молия ташкилотларини ширкатларга ёрдам бериш ишига жалб қилди. Кредитни фоизи билан қайтариш керак: демак, бадаллар миқдори янада ортади, ХУМШнинг инсофли, виждонли аъзолари ҳам ўзи учун, ҳам бадал тўламай тараллабедод қилиб юрган қўшнилар учун ҳақ тўлашига тўғри келади.

Келаси йили мазкур уйда давлат маблағлари ҳисобидан ертўлани капитал таъмирлашни мўлжалламоқдалар. Беихтиёр шундай хулоса чиқариш жоиз кўринади: бу тўрт қаватли уй яхши, соз ҳолатда бўлишидан давлат ҳаммани орқага судраётган бир гуруҳ «ошга ўртоқ, бошга тўқмоқ»ларга нисбатан кўпроқ манфаатдор экан-да?! Башарти бу ерда мажбурий бадалларни вақтида тўлаш бўйича зиммасидаги мажбуриятларини ҳамма бажарган тақдирда, бюджет маблағларини капитал таъмирлашга сарфлашга ҳожат бўлмас ва улар бошқа зарур талаб-эҳтиёжларга йўналтирилган бўларди.

 

САБАБИ БОРМИ?

Бадалларни тўлашдан бўйин товлаб юрган, шартли равишда ўртамиёна деб қараладиган мулкдорни ижтимоий нуқтаи назардан кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз. Бу турмуши ночор одам эмас, пенсия пулини галдаги пенсияни олгунча аранг етказадиган, ёлғиз яшайдиган пенсионер ҳам эмас (пенсионерлар пенсияни олгани ҳамони бадалларни тўлашга ошиқадилар). Қарздорлар орасида ўзига тўқ, тўловга қобилиятли фуқаролар оз эмас: улар ишга хусусий автомашинада қатнайдилар, квартирадан бўлак данғиллама иморатли участкалари бор. Бадал тўлашга келганда эса, пуллари етишмасмиш. Бунақа майда-чуйда билан шуғулланишни улар ўзлари учун бир даҳмаза деб билсалар керак, балки. Бундай квартира эгаларининг баъзилари, қарангки, бир неча йиллардан бери қарз.

 Вазиятни ўрганиш кўп қаватли уйда тўлов-бадал тўламасликнинг сабабларини таснифлаш имконини беради. Буларни объектив ва субъектив сабабларга бўлиш мумкин. Гапни объектив сабаблардан бошлаймиз.

1. ХУМШ умумий йиғилишида тасдиқланган ишлар режаси бўйича умумий мол-мулкни таъмирлаш вақтида ўтказилмаётганлигини рўкач қилиб оқибатида тўлов тўлашдан бош тортадилар. Ширкат кўпинча маблағ етишмаслиги туфайли бундай ишларни бажара олмайди. Оқибатда шундай вазият юзага келмоқдаки, одамлар таъмирлаш ишлари ўтказилмаётганлиги сабабли бадал тўламайдилар, таъмирлаш ишлари эса одамлар тўлов тўлашни истамаётганликлари учун ўтказилмаётир. Аварияли ҳолатлар борасида ҳам аҳвол айни шундай. Бинобарин ширкат бундай ҳолатларни тезкорлик билан бартараф эта олмайди – бунинг учун одамлар нақд пул тўплашга мажбур бўлмоқда. Бу эса инсофли, виждонли тўловчиларнинг бадал пулларини вақтида тўлаб турибмиз, шундай экан, нега яна қўшимча пул йиғиш зарур қабилидаги норозилигига сабаб бўлмоқда.

2. Тўловлар тўланмаётганлигининг жиддий сабабларидан бири ХУМШнинг фаолиятсизлиги, зиммасидаги бевосита мажбуриятларни бажаришга ноқобиллиги ёки бундай қилишни истамаслигидир. Уйни ободонлаштириш тўғрисида ғамхўрлик қилишдан ҳам кўпроқ ўз чўнтагини қаппайтиришни ўйлайдиган шубҳали шахслар, ғирром, инсофсиз одамлар ширкатга бош бўлиб қолган кезлари шундай бўлади. Одамлар берган пуллари беҳуда совурилаётганлигини, кўп қаватли уйнинг техник ҳолатини яхшилашга йўналтирилмаётганлигини кўриб, тўлов тўлашдан бўйин товлайдилар. Айтайлик, кўп қаватли уйнинг томидан йил бўйи чакка ўтиб, қуйи қаватларгача сув силқиб тушса, квартиралар тузукроқ ёки умуман исимаса, йўлаклар ҳамиша ифлос, ҳовлиларда ахлат тоғдек ­уюлиб ётса, ертўлани нуқул сув босса ва шу сингари кўнгилсиз ишларнинг охири бўлмаса-ю, ариза ва шикоятлар натижа бермаётган бўлса, нима ҳам қилишсин бечоралар?!

3. Квартира эгалари мазкур квартирада турмайди, уларни топиш эса ниҳоятда мушкул.

4. Квартира мулкдори моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги, хусусан оғир касаллиги, тўй қилганлиги, иш ҳақини бериш чўзилиб кетганлиги, ишдан маҳрум бўлганлиги, кредит тўлаганлиги туфайли унда бадалларни тўлашга пул йўқ ҳоллар ҳам бўлади.

5. Одамлар берган маблағларининг ҳаракати, сарфиётида очиқ-ошкоралик йўқлиги, тарифлар асоссиз равишда оширилганлиги, тўловлар нималардан таркиб топганлиги ҳақида, уларни нимага ишлатиш мўлжаллангани хусусида, жорий ва капитал таъмирлашга оид қарорлар қай тартибда қабул қилинаётганлиги, даромадлар ва харажатлар сметаси умумий йиғилишда қай йўсинда тасдиқланиши тўғрисидаги ва шунга ўхшаш ахборотлардан уй аҳли вақтида хабардор этилмаслиги ҳам сабаб. Бундай ширкатларда одамлар тарифларни бағоят юқори деб ҳисоблаб, тўловларни тўлашдан бош тортадилар.

Субъектив сабаблар орасида қуйидагиларни қайд этиб ўтиш мумкин.

1. Хизмат кўрсатиш тарифлари жуда қиммат. Одамлар бошқа ХУМШдаги тарифлар билан таққослаб, уларда анча арзон деб айтадилар.

2. Мажбурий бадал миқдори бухгалтерияда нотўғри ҳисоблаб чиқарилган. Бунда материаллар, жорий ва капитал таъмирлаш ишларини бажариш қиймати ошириб кўрсатилади.

3. Тўловларни вақтида тўлашга одамларнинг ё фурсати бўлмайди, ёки улар буни унутиб қўядилар. Жой мулкдори жумладан шундай баҳона қилади: «Ҳозир ёнимда пул йўқ, эртага ёки қўлимга пул тушганда тўлайман».

4. Одамлар истамаганлари учун ҳам уларда тўловларни тўлашга рағбат бўлмайди.

 

ЯХШИ ГАПГА КЎНМАСА

Тўловлар тўлашда тартиб ўрнатиш учун нималар қилиш керак, деган саволга амалиётдан жўяли жавоб топиш мумкин. Бундай тажриба, хусусан, одатда битта уйдан ташкил топган ХУМШларда кўпроқ учрайди. Ана шундай ширкатларда одамларнинг ўзаро келишуви нисбатан осон, муносабатларни ўрнатиш ҳам бирмунча енгил. Ўз-ўзини бошқарув кўнгилдагидек кечади, ҳамма бадалларни ҳамма ўз вақтида тўласагина, ишлар тўлиқ бажарилиши мумкинлигини тўлов тўламаётганларга тушунтириш осон.

Бундай ХУМШларнинг раҳбарлари ишни аввало одам ўзидан бошлаши керак деб айтишади. Қўни-қўшнининг тинчлиги, фаровонлиги йўлида улар енг шимариб ишлаши зарур. Шунда одамлар кўп қаватли уйлари бошқарилиши ва хизмат кўрсатилишига, пуллар ўз ўрнида ишлатилишига ишонч ҳосил қиладилар. Тўлаган бадаллари амалий ишларда мужассам топаётганлигини кўргач, мулкдорлар тўлов ва бадалларни вақтида тўлаш орқали кўп қаватли уйлари янада яхшироқ бўлишига ҳаракат қиладилар. Ишончга эришиш, бинобарин бадаллар келиб тушишини таъминлаш учун ширкат умумий йиғилиш ўтказиб, бажарилган ҳар бир иш юзасидан ҳисобот бериб бориши, одамларни тўлаган пулларидан қанчаси харж этилгани ва қанчаси қолгани ҳақида ахборот бериш лозим демакдир.

Қарздорлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлган ширкатлар қаттиққўллик билан чора кўрилишига мойил бўлмайдилар. Ишни яхшилик билан ҳал қилинишини ўйлайдилар, холос. Улар ҳаммага бир хил муносабатда бўлишни ножоиз деб биладилар. Шу сабабли ҳам улар ўз имкониятлари доирасида тўлов тўлашдан ўзини олиб қочадиган одамлар гуруҳига нисбатан муайян таъсир чораларини кўрадилар.

Бундай ширкатларда қарздорларнинг ҳаммаси муайян тоифаларга бўлинган. Хусусан:

уйда яшамайдиганлар;

қурби етса ҳам, тўлов (бадал) тўлашни хоҳламайдиганлар;

молиявий имконияти кўтармайдиган, кам таъминланган оилалар ва ёлғиз яшайдиган кишилар.

Бадал тўламаётганларнинг ҳаммаси учун энг кенг тарқалган таъсир чораси «омад хати» деб аталувчи мактуб йўллашдир. Бу мактуб амалдаги Уй-жой кодекси, Фуқаролик кодекси, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон Қонун) моддаларига ҳавола қилинган ҳолда умумий мулк таъминоти учун мажбурий бадалларни вақтида тўлаш зарурлигини ашаддий қарздорларга ёзма шаклда эслатишдир. Ундан ташқари, тўлов тўланиши зарурати ҳақида оғзаки эслатиш усулидан ҳам фойдаланилади. Шу мақсадда қарздорларга телефон орқали қўнғироқ қилинади. Қарздорларнинг фамилиялари ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида ошкора айтилади. Қарздорларнинг иш жойига мурожаат қилиш, судга даъво аризалари киритиш амаллари ҳам қўллаб келинмоқда.

Тўғри, ҳар иккала тараф учун тўловлар тўланмаганлиги билан боғлиқ муаммо судловга қадар таомил тартибида ҳал бўлгани маъқул. Экспертлар қарздор билан олдин суҳбат ўтказиб кўришни тавсия этадилар. Бу ишни ширкат раиси, бошқарув аъзоси ёки ижрочи директор эмас, балки юрист қилгани кўпроқ самара беради. Зотан у тўлов интизомини бузувчиларнинг эътиборини қарздорликни ундириш бўйича даъволар сўзсиз бажарилишига қаратади, тўловдан бўйин товлаб юрган одам ўзига жабр қилишини лўнда тушунтиради. Тўлов тўламаётган одам суд мажлисларида иштирок этиши учун вақт ва маблағ сарфлайди, эҳтимол адвокатга кетадиган чиқимни кўтаришига, давлат божи тўлашига, бошқа чиқимлар қилишига тўғри келар. Юрист билан ўтказилган бундай суҳбатлар тўлов интизомини бузувчиларни қарзни тўлашга рағбатлантириши, уларни инсофга келтириши мумкин.

Мутахассислар ишни яхшилик билан битириш юзасидан тавсиялар ҳам берадилар.

Тўлов тўламаётганлар билан Россияда олиб борилаётган иш тажрибасига биздаги айрим ХУМШлар қизиқиб қолдилар. Гап фалаж қилиб даволаш ҳақида бормаётир – бу усул бизда, Шарқда маъқул топилмаган. Россияда инсофли тўловчиларни рағбатлантириб бориш кенг кўламда расм бўлмоқда. Бу чора қарзларни узиш бобида қарздорлар учун жуда яхши омилдир. Мазкур усул ҳаммабоп, камчиқим, синовдан ўтган бўлиб, дуруст самара бермоқда.

Масалан, ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида бошқарув раиси энг яхши тўловчиларга фахрий ёрлиқлар топшириб, миннатдорчилик изҳор этади. Йилнинг бошларидаги йиғилишда энг яхши тўловчиларни, яъни умумий мулкни сақлаш ва асрашига мўлжалланган бадалларни вақтида ёки бўнак тарзида тўлайдиганларни рағбатлантириш ҳақида қарор қабул қилиш мумкин. Йил охирида эса «Энг инсофли тўловчи» танловини ўтказиб, ғолибларга қимматли совғалар тақдим этса бўлади. Умумий йиғилишда совға қайси маблағлар ҳисобидан сотиб олинишини ҳам белгилаб олиш мумкин. Ширкатда ортиқча пуллар бўлмайди, шу сабабли совға сотиб олиш харажатларда алоҳида кўрсатилиши ва сметада назарда тутилиши лозим. Ё бўлмаса, ширкат йил охиригача нималарнидир тежашга муваффақ бўлиб, шу тежалган пулларни энг яхши тўловчилар учун совға олишга йўллаши керак.

Бордию, ширкат таркибига кўп қаватли, бир неча уй кирса, улардан қайси бирида қарздор кам бўлса, ёки қарздор бўлмаса, шунга ёрлиқ топшириш, қолаверса, «Қарзи йўқ уй» деган унвон таъсис этиш мумкин. Режадан ташқари қандайдир ишни бажарган уйни (агар ширкат битта уйдан ташкил топган бўлса, йўлакни) мукофотлаш йўлини ҳам унутмаслик керак. Йўлакни таъмирлаш, эшик, домофон ўрнатиш, эски дераза ромларни янгилари билан алмаштириш, йўлакларга люстра ўрнатиш, манзарали расмлар илиб қўйиш шундай ишлар сирасига киради.

Мабодо уй шартнома бўйича бошқарувчи компания хизмат кўрсатишига ўтказилган бўлса, табиийки, бундай компания ҳам мажбурий бадаллар вақтида келиб тушишидан манфаатдор. Акс ҳолда у ХУМШ буюртмаси асосидаги ишни бажара олмайди. Шу сабабли ҳам булар қарздорлар билан биргаликда иш олиб боришлари лозим. Чунончи, бошқарувчи компания тўловларни тўлашда пешқадамлик қилган ­муайян уйни, йўлакни, айрим квартира эгаларини тақдирлаши мумкин. Уларга, айтайлик, қандайдир ишларни сийлов билан бажариш хусусида сертификат бериши мумкин. Шу йўл билан ХУМШнинг, бинобарин квартиралар мулкдорларининг маблағлари тежаб қолинади. 

Прочитано: 2649 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика