Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 26 / Аудитор хабарномаси

Молия вазирлиги аудиторлик ташкилотларининг одатий хатолари тўғрисида маълум қилди

Аудиторлик ташкилотларининг лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши бўйича текширишлар жараёнида аниқланган такрорий (одатий) хатолар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар. 

 

Лицензия талаблари ва шартлари «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг1 5, 7-моддаларида,  Аудиторлик ташкилотлари тўғрисида низомнинг2 V бўлимида, Аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун аудиторлик ташкилотларига лицензия бериш тартиби тўғрисида низомнинг3 (кейинги ўринларда 365-сон Низом) VI бўлимида келтирилган.

 

Аудиторлик ташкилотларининг лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши бўйича текширишлар давомида аниқланган кўпроқ учрайдиган хатоликлар қуйидагилар деб белгиланган:

 

1. «Аудиторлик ташкилотларининг ички стандартларига қўйиладиган талаблар» 4-сонли Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартларига (АФМС)4 мувофиқ зарурий ҳисобланган аудиторлик ташкилотларидаги ички стандартлар сонининг камлиги.

 

Тавсиялар: 4-сон АФМСни ўрганиш ва риоя қилиш, чунки мазкур стандартда аудиторлик ташкилотларининг ички стандартларини ишлаб чиқишда ягона принциплар белгиланган ва ички стандартларни ишлаб чиқишда аудиторлик ташкилотларига нисбатан мажбурий талаблар ўрнатилган.

 

2. Штатдаги аудиторлар энг кам сонининг номувофиқлиги ҳақидаги билдиришномани, шунингдек, лицензия талабларига номувофиқлик (ушбу аудиторлик ташкилоти асосий иш жой ҳисобланган штатдаги аудиторлар сонининг мазкур лицензия шакли учун қонунчиликда белгиланган сондан камайиши) ҳолати пайдо бўлган (бартараф этилган) ҳолларда аудиторлик ташкилотлари раҳбарияти томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақида маълумотномани ўз вақтида тақдим қилмаслик (умуман тақдим қилмаслик).

 

Тавсиялар: Аудиторлик ташкилотлари тўғрисида низомга риоя қилиш. Низомда муайян аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган штатдаги аудиторларнинг энг кам сони белгиланган. Низомнинг 12-бандига мувофиқ:

 

● фақат ташаббус тарзида аудиторлик текширувларини амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари штатида камида 2 нафар аудиторга эга бўлиши;

 

● акциядорлик жамиятлари, банклар, суғурта ташкилотларидан ташқари хўжалик юритувчи субъектларда ташаббус тарзидаги ва мажбурий аудиторлик текширувини ўтказиш бўйича аудиторлик фаолиятини амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари штатида камида 4 нафар аудиторга, уларнинг камида биттаси халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиши;

 

● барча хўжалик юритувчи субъектларда аудиторлик текширувини амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари штатида камида 6 нафар аудиторга, уларнинг камида иккитаси халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлиши лозим.

 

365-сон Низомнинг 26-1-бандига мувофиқ лицензия олингандан сўнг штатдаги аудиторлар энг кам сони бўйича номувофиқлик пайдо бўлган ҳолларда аудиторлик ташкилоти номувофиқлик юзага келган кундан бошлаб 5 кун давомида лицензия берувчи органни ёзма равишда хабардор қилади ҳамда кўрсатилган санадан бошлаб камида 3 ой муддатда юзага келган номувофиқликни бартараф этиши ёки бошқа турдаги аудиторлик текширувини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиши ёхуд белгиланган тартибда ўз фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Аудиторлик ташкилоти томонидан штатдаги аудиторлар энг кам сони номувофиқлиги бартараф этилгунга қадар аудиторлик текширувини ўтказиши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.

 

Штатдаги аудиторларнинг энг кам сони бўйича номувофиқлик белгиланган муддатда (3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда) бартараф этилганда аудиторлик ташкилоти лицензияловчи органга тасдиқловчи ҳужжатларни (аудиторни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ, аудитор малака сертификати, меҳнат дафтарчасининг ўрнатилган тартибда тасдиқланган нусхасини) илова қилган ҳолда маълумотномани тақдим этади.

 

3. Аудиторларнинг ҳар йили, шу жумладан аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилган йилда ҳам, малака ошириш курсларидан ўтиш талабига риоя қилмаслик.

 

Тавсиялар: 2004 йил апрель ойидан бошлаб аудиторлар ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтиши талаби киритилган. Мазкур талаб аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтирган йилга ҳам татбиқ этилади.

 

«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси, Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги низомнинг 8-банди меъёрларига риоя этиш лозим, чунки уларга кўра аудиторлик ташкилотлари малака сертификати олгандан кейинги йилдан бошлаб аудиторларнинг ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтишларини таъминлаши шарт.

 

4. Аудиторлик хулосаси ва ҳисоботи таркибининг Аудиторлик фаолияти миллий стандартлари талабларига нисбатан айрим номувофиқларнинг мавжудлиги.

 

Тавсиялар: «Молиявий ҳисобот тўғрисидаги аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси» Аудиторлик фаолияти миллий стандарти (70-сон АФМС)да5 ўрнатилган аудиторлик хулосаси ва ҳисоботини расмийлаштириш ва тузиш талабларини ўрганиш ва уларга риоя қилиш.

 

Бундан ташқари, Аудиторлик ташкилотлари тўғрисида низомнинг 6-бандига асосан, аудиторлик ташкилотлари улар зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ молиявий ҳисоботлар ҳамда у билан боғлиқ бўлган молиявий ахборотларнинг қонунчиликка мувофиқлиги ва ишончлилигини аудиторлик текширувларидан ўтказади, шунингдек профессионал хизматлар кўрсатади.

 

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолашда, аудиторлик ташкилотлари, авваламбор даромадлилик (рентабеллик), капиталдан фойдаланиш даражаси, молиявий барқарорлик, тўлов қобилияти ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш даражаси, ишдаги фаоллик мезонларидан келиб чиқади. Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги низомнинг 8-бандига асосан аудиторлик ташкилотлари шунингдек қуйидагиларга мажбур:

 

● аудиторлик ҳисоботида молия-хўжалик операциялари қонунийлигини бузиш ҳолатларининг мавжудлигини ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни акс эттириши;

 

● ўтказилган аудиторлик текширувлари натижалари бўйича аудиторлик хулосалари ва аудиторлик ҳисоботлари нусхаларининг аудиторлик ташкилотида бўлишини ҳамда уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлаши;

 

● хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари мазкур субъектга зарар келтирганлигига яққол гувоҳлик берувчи ҳолатларни аниқлаган тақдирда бу тўғрида хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти (мулкдори)ни хабардор қилиши ҳамда бу ҳақда аудиторлик ҳисоботида тегишли равишда қайд этиши лозим. Зарур ҳолларда аудиторлик текширувининг натижаларини мулкдорларига (акциядорларига) етказиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда умумий мажлисни чақиришни талаб қилиши зарур.

 

Аудитнинг халқаро стандартларига (АХС) мувофиқ ­аудиторлик текшируви натижаларини расмийлаштиришда 260-АХС ва 700-799-АХСидан ишда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

 

5. Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги маълумот шаклларини тақдим этиш муддатларининг бузилиши ва уларда маълумотларни нотўғри кўрсатиш.

 

Тавсиялар: Аудиторлик фаолияти тўғрисидаги маълумот шаклини тўлдириш бўйича қоидаларга6 риоя қилиш, шунингдек, уларни Молия вазирлигига ҳисобот йили тугагандан кейин 20 кундан кечиктирмаган ҳолда 31 декабрь ҳолати бўйича ўз вақтида тақдим этиш лозим.

 

Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини  тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон)нинг 4а-иловасига мувофиқ Аудиторлик фаолияти тўғрисида маълумот Молия вазирлигига бир йилда бир марта тақдим этилади.

  

6. Аудиторлик ташкилоти томонидан унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганлиги ҳақида Молия вазирлигига ўз вақтида хабар бермаслик.

 

Тавсиялар: 365-сон Низомнинг 26-бандига мувофиқ, ­аудиторлик ташкилоти ўз почта манзили ўзгаргани тўғрисида 10 кун муддатда лицензияловчи органни хабардор қилиши лозим.

 

Шунингдек, 365-сон Низомнинг 21-бандига асосан аудиторлик ташкилоти номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган ҳолларда, тегишли ўзгариш қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг бир ой муддатда лицензияловчи органга қайта расмийлаштириладиган лицензияни ва тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беришлари шарт.

 

7. Аудитор иши сифатини ички назорат қилиш тизимининг етарли даражада ташкил қилинмаганлиги ва уни қўллаш таомиллари айримларининг бажарилмаслиги.

 

Тавсиялар: «Аудитор иши сифатини назорат қилиш» Аудиторлик фаолияти миллий стандарти (5-сон АФМС)да7 белгиланган аудитор иши сифатини назорат қилиш қоидалари ва тамойилларига, шунингдек, уларни қўллаш амалларига риоя қилиш.

 

Бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича профессионал хизматларни кўрсатиш жараёнида Аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига8 (кейинги ўринларда – 2035-сон Қоидалар) риоя қилиш лозим. Мазкур Қоидаларда ички назоратнинг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек, мижозлар номидан битимларни тайёрлаш ва амалга оширишда пул маблағлари ва бошқа мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи аудиторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби бўйича мажбурий талаблар белгиланган. Аудиторлик ташкилотларида ички назоратни ташкил этиш мақсадида юқорида кўрсатилган Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган шахс тайинланади ва бу шахс мазкур аудиторлик ташкилотининг штатдаги аудитори ва раҳбарлик лавозимини эгаллаган бўлиши лозим.

  

8. Аудиторлик ташкилоти томонидан 2035-сон Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган шахс тўғрисида маълумотнинг Молия вазирлигига ўз вақтида тақдим этилмаслиги.

 

Тавсиялар: 2035-сон Қоидаларда белгиланган талабларга риоя қилиш.

 

Аудиторлик ташкилотлари масъул шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар бир йилда бир марта Молия вазирлигига тақдим этади.

 

Молия вазирлиги.  

 

19.12.1992 йилдаги 734-XII-cон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-cон Қонун таҳририда.

 

2Президентнинг 4.04.2007 йилдаги ПҚ-615-сон Қарори билан тасдиқланган.

 

3ВМнинг 22.09.2000 йилдаги 365-сон Қарорига 3-илова.

 

4Молия вазирининг АВ томонидан 25.09.2006 йилда 1624-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

5Молия вазирининг АВ томонидан 10.03.2001 йилда 1016-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

 

6Молия вазирининг АВ томонидан 9.10.2013 йилда 2515-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 2-илова.

 

7МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.09.1999 йилда 811-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

8МВ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг АВ томонидан 3.11.2009 йилда 2035-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

Мавзувий сонни Ольга КИРЬЯКОВА олиб боради.

Прочитано: 3557 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика