Қизим иқтисодиёт бўйича мактаб олимпиадасида ғолиб бўлди ва учинчи ўринни эгаллади. Молия-иқтисод коллежига ўқишга киришда Таълим вазирлигининг сертификати ва мактабни қизил аттестат билан битирганлиги унга қандай имтиёзлар беради?
– Битирувчилар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига тасдиқланган қабул кўрсаткичлари доирасида тушган аризалар асосида тенг шартларда (енгиллик ва имтиёзларсиз) қабул қилинади (Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида низом1 9-банди). Умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларида 1–5-ўринларни эгаллаган битирувчилар бундан мустасно (Низомнинг 19-банди). Улар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига республика ташкилий қўмитасининг йўлланмаси бўйича қабул қилинадилар (Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида низом2 6-бандининг иккинчи хатбошиси).
1ВМнинг 7.06.2010 йилдаги 109-сон Қарорига 2-илова.
2ВМнинг 13.10.2008 йилдаги 226-сон Қарорига 5-илова.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.