Корхонамизда давлат солиқ органлари томонидан 2009–2013 йиллардаги молия-хўжалик фаолиятимиз бўйича режали текшириш ўтказилганда бюджетга 2 750 минг сўм солиқ ва мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланди.
Биз йўл қўйган хато учун раҳбар ҳам, бухгалтер ҳам маъмурий жавобгарликка тортилишини айтишмоқда.
ДСИ ходимларининг икки кишини жавобгарликка тортиши тўғрисидаги талаби тўғрими?
МЧЖ директори.
Тошкент вилояти.
– «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади. Қонуннинг 7-моддаси иккинчи хатбошисига асосан корхона раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
а) бош бухгалтер раҳбарлигида бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
б) бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига ёки таркибига бухгалтерия субъекти ҳам кирадиган хўжалик бирлашмасининг марказлаштирилган ҳисобга олиш бўлимига юклаш;
в) бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.
Бундан ташқари, ушбу 7-модданинг учинчи хатбошисига асосан раҳбар қуйидагиларни таъминлаши шартдир:
1) ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;
2) хўжалик операцияларини назорат қилиш тартибини;
3) бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва аниқ юритилишини;
4) ҳисоб-китоб ҳужжатларининг сақланишини;
5) ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисобот тайёрланишини;
6) солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар тайёрланишини;
7) ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини.
Шу тариқа, корхона раҳбари ва бош бухгалтери зиммаларига раҳбарлик қилиш, ташкилий, фармойиш бериш, назорат қилиш-кузатиш функциялари ва моддий бойликлар ҳаракати билан боғлиқ мажбуриятлар юкланган корхонанинг мансабдор шахслари ҳисобланади.
Демак, раҳбар тўлиқ ва ишончли бухгалтерия ҳисобини, солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатларни тайёрлашни, ҳисоб-китоблар ўз вақтида бўлиши ва ҳоказоларни таъминлаши шарт. Агар корхонада бухгалтерия ҳисобини юритиш хизмати ташкил этилган бўлса, директор билан бир қаторда, бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши учун бош бухгалтер ҳам жавобгар бўлади.
Демак, қонун ҳужжатларига мувофиқ директор ва бош бухгалтер бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб-китоблар юритиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка бир вақтда тортилиши тўғрисидаги ДСИ ходимларининг талаби тўғри.
Жавобни «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.