19–21 май кунлари «NORMA» профессионал ривожланиш марказида Тошкент ва минтақалардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) раҳбарлари, бухгалтерлари ва кадрлар бўйича ходимлар учун семинарлар ўтказилди.
Семинарлар грант лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган, «ННТда солиқ солиш, бухгалтерия ҳисоби ва кадрлар ишини юритишнинг хусусиятлари» курси бўйича янги ўқув-услубий дастури тақдим этилди. Унда курснинг мавзуларига доир ўқув материаллари, ҳужжатларнинг намуналари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар келтирилган. Буларнинг ҳаммаси «NORMA» ахборот-қидирув тизимининг дастурий қобиғида жойлаштирилган бўлиб, улар керакли ахборотни излашнинг кўп вариантли бўлиши, уни актуаллаштириш ва бепул тарқатиш имкониятини таъминлайди.
Семинарларни олиб борувчилар – Марказ экспертлари Надежда Коваленко ва Абдусалом Рисқуллаев тақдимотда ННТга хос бўлган бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва кадрлар ишини юритиш хусусиятлари тўғрисида сўзлаб бердилар. Бироқ, Марказнинг анъанасига кўра иш шу билан чеклангани йўқ. Машғулотларнинг анча қисми иштирокчиларнинг саволларига бериладиган жавобларга ажратилди, улар ўз ННТлари фаолиятининг долзарб масалалари бўйича бепул маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлдилар. Газетхонларни савол-жавобларнинг баъзилари билан таништирамиз.
– ННТда хизмат сафари харажатлари қандай ҳисобдан чиқарилади?
– Хизмат сафари харажатлари қуйидаги проводка билан амалга оширилади:
Дт 2200-«Мақсади бўйича мақсадли маблағлар харажатларини ҳисобга олувчи ёрдамчи ҳисобварақлар»;
Кт 6970-«Ҳисобдор шахсларга бўлган қарз».
Ҳисобдор шахслар бўйича қарз ҳисобини юритиш учун ҳисобварақлар ишчи режасига 6971-«МДҲ ва олис хорижга хизмат сафарлари» ва 6972-«Ўзбекистон Республикаси ичидаги хизмат сафарлари» қўшимча илова ҳисобварақларини киритиш мумкин.
Шуни ёдда тутиш лозимки, Ўзбекистондан ташқарига хизмат сафари бўйича узил-кесил ҳисоб-китоб, бўнак ҳисоботини қабул қилиш санасида Марказий банк курси бўйича белгиланган меъёрлар ва қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқатдаги харажатларга биноан амалга оширилади.
– Ташкилотимиз хайрия фаолиятини юритади. Бизда волонтёрлар мавжуд. Тез орада уларни хизмат сафарига юборишни режалаштиряпмиз. Биз уларга хизмат сафари пулларини тўлашимиз мумкинми?
– «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг (2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-сон) 9-моддасига кўра ҳомийлик ташкилоти кўнгиллиларнинг ушбу ташкилотдаги фаолияти билан боғлиқ харажатларини (хизмат сафари, транспорт харажатларини ва бошқа харажатларини) тўлаши мумкин.
– ННТ учун маъмурий харажатларнинг меъёри мавжуд деб эшитганман. Бу ҳақда батафсилроқ сўзлаб берсангиз.
– Бундай меъёр фақат жамоат фондлари учун белгиланган. «Жамоат фондлари тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.2003 йилдаги 527-II-сон) 24-моддасига кўра уларнинг маъмурий харажатлари барча харажатлар суммасининг 20%идан ошмаслиги керак. Бошқа ННТлар учун бундай чеклашлар белгиланмаган. Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, нотижорат ташкилотларининг барча харажатлари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бюджет, лойиҳа сметаси ёки ННТнинг бошқа ички ҳужжатларида назарда тутилиши керак.
– ННТни тугатиш даврида мол-мулк ва пулларни Давлат бюджети даромадига топшириш чоғида 6400-ҳисобварақдан фойдаланиш мумкинми?
– 6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар» ҳисобварағидан мазкур ҳолда фойдаланиш тўғри бўлмайди. У солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджет олдидаги қарзни ҳисобга олиш учун мўлжалланган. Мазкур таомил 6990-«Бошқа мажбуриятлар» ҳисобварағини қўллаган ҳолда расмийлаштирилади.
– ННТнинг тадбиркорлик фаолиятидан оладиган даромадлари солиқ солишдан озод қилинганми?
– Агар махсус қайд этилган имтиёзлар мавжуд бўлмаса, ННТда тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга йирик тижорат ташкилотлари учун белгиланган шартларда барча солиқлар солинади. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини, агар уларнинг мезонлари кичик бизнес субъектларига нисбатан қўлланиладиган қонунчилик талабларига мувофиқ келса, ННТнинг шуъба корхоналари қўллашлари мумкин.
– Ташкилотимиз бир қатор лойиҳаларни амалга оширяптики, уларда ходимлар вақтинча ишлашлари мумкин. Улар бўйича иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш зарурми?
– Ҳар бир лойиҳа бўйича, лойиҳа номини (ёки молиялаштириш тўғрисидаги битимнинг тартиб рақами ва санасини) кўрсатган ҳолда, иш вақтини ҳисобга олиш табелини расмийлаштириш мумкин. Мазкур ҳужжатда ходимларнинг фақат ушбу лойиҳа бўйича ишлаган соатлари ҳисобга олинади.
– Ташкилотимизда баъзи ходимлар турли манбалардан молиялаштириладиган бир нечта лойиҳа бўйича ўхшаш вазифаларни амалга оширадилар. Ушбу вазиятда меҳнат муносабатлари қандай расмийлаштирилиши керак?
– Ушбу ҳолда асосий меҳнат шартномасига қўшимча битимлар расмийлаштирилиб, уларда қўшимча вазифалар (ёки асосий вазифаларни кенгайтириш ҳажми), шунингдек молиялаштириш манбаи ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори кўрсатилади. Мазкур ҳолда биринчи тузилган шартнома асосий шартнома бўлиб ҳисобланади. Агар иккинчи шартноманинг давомийлиги биринчи шартноманинг амал қилиш муддатидан ошса, қўшимча битим фақат биринчи шартноманинг амал қилиш даврига расмийлаштирилади. У бекор қилинганидан (амал қилиш муддати тугаганидан) кейин молиялаштиришнинг иккинчи манбаи бўйича янги меҳнат шартномасини тузиш лозим. Учинчи, тўртинчи ва ҳоказо лойиҳалар бўйича меҳнат муносабатлари худди шу тарзда расмийлаштирилади.
* * *
Тарқалишга шошилмаслик, шунингдек охирида қизғин қарсакларнинг авж олиши – семинарлар иштирокчиларга манзур бўлганлигидан далолатдир. Уларнинг баъзилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар:
Ирина КУЛИЧИХИНА, «Альфа ва Омега» таълимни қўллаб-қувватлаш фонди» ННТ бошқаруви раиси:
– Жуда фойдали тадбир бўлди. Ўзим учун кўп муҳим ахборотни, шу жумладан амалий ахборотни билиб олдим. Илгарилари баъзи турли талқинлар ва ноаниқликларга дуч келгандим. Бу ерда барча зарур жавоблар ва тушунтиришларни олдим. Семинар ва меҳмондўстларча муносабат учун раҳмат.
Шаҳризода СУЛТОНОВА, Тошкент шаҳар «Соф Дил» қандли диабет билан оғриган ногирон болалар жамиятининг раиси:
– Семинарда бухгалтеримиз иштирок этди. Сизнинг Марказингиз билан илгари таниш бўлмагани сабабли зерикарли расмий маъруза ўқилишини кутган эди. Амалда у кўп билим берадиган машғулотларда қатнашиб, анча фойдали ва қизиқарли ахборотлар олди. Кетган вақтига ҳеч ҳам ачинмади.
Наталья ПЛОТНИКОВА, Қибрай туман «Опа-сингиллар» ногирон аёллар жамиятининг раиси:
– Афсуски, меъёрий ҳужжатлар амалда ННТдаги бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш ва кадрлар ишини юритишнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олмайди. Шу сабабли семинарингиз ташкилотимиз учун кўплаб янги ва фойдали нарсаларни билиш учун ажойиб имконият яратди. Экспертларнинг тавсия ва маслаҳатларини олдик. Баъзиларини амалиётда қўллай бошладик ҳам. Масалан, штат жадвалини қайта кўриб чиқдик. Тадбир ташкилотчилари ва уни ўтказувчиларга миннатдорчилик билдираман. Келгусида бу сингари учрашувларнинг кўп бўлишини жуда ҳам хоҳлардик.
Юрий АИТОВ, «STATUS» танасининг орқа томони ногиронларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг директори:
– «NORMA» ташкил этган тадбирда биринчи марта иштирок этдим ва жуда мамнун бўлдим. Ўзим учун кўп қизиқарли нарсаларни билиб олдим. Баъзи маълумотлар янгилик бўлди. Олинган кўникмалардан ўз ишимда фойдаланаман.
Светлана КАРГИНА, Профессионал бошқарувчилар ва уй-жой фондига хизмат кўрсатувчилар ташкилотларининг уюшмаси бош бухгалтери:
– Курс жуда қизиқарли ва фойдали бўлди. Ҳисобварақлар ва проводкалар, солиқ солиш борасида янги ахборот олдим. Ажойиб мутахассисингиз Абдусалом Рисқуллаев кадрлар ишини юритиш бўйича бир талай муҳим ва фойдали ахборот берди. Тадбирда 1UZ бухгалтерия дастури билан ҳам танишдим. Энди у ҳақда кўпроқ нарса билишни хоҳлайман ва ушбу мавзуга бағишланган семинарга ёзилдим.
Нодир БЕКМУРОДОВ, «Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази» ННТ бош бухгалтери:
– Ушбу ажойиб семинарда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ўзим учун бир талай янги ва қизиқарли нарсаларни билиб олдим. Экспертлар қонун ҳужжатларидаги янгиликлар билан боғлиқ кўп жиҳатларни тушунтирдилар, қимматли маслаҳат ва тавсиялар бердилар. Семинар ташкилотчилари ва муаллифларига муваффақиятлар тилайман ва улар бизни бу каби тадбирлар билан тез-тез қувонтирадилар деб ишонаман!
Любовь МУЗОЛЕВА, «Mehr va oqibat» жониворларни ҳимоя қилиш жамиятининг муассиси:
– Малака ошириш учун ажойиб курс бўлди. Ҳаммаси: ташкиллаштириш, аудитория, маърузачилар, иштирокчиларга ёндашув ва эътибор кўнгилдагидек бўлди. Бирорта саволни жавобсиз қолдиришмади. Кадрлар сиёсати билан боғлиқ мавзу айниқса фойдали бўлди. Ўзим учун ушбу соҳада кўплаб янги нарсалар олдим ва улардан амалиётда фойдаланяпман.
Наталья СПИРИДОНОВА, мухбиримиз.