Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 20 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Тор йўналишда теран билим

Бухгалтер касбининг йўналишлари кўп. Гарчи уларни қар­дошлик ришталари боғлаб турса-да, лавозим, бурч ва мажбуриятларида қатор тафовутлар бор. Тажрибали бухгалтер, кадрлар билан ишлашда кўп йиллик стажга эга бўлган Ирина Захарова бу касбнинг энг кенг тарқалган ихтисослашувлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

 

– Бухгалтерлар тайёрлайдиган олий ўқув юртларимиз бу мутахассисларнинг бухгалтерия ҳисоби йўналишлари бўйича ихтисослашувини назарда тутмайди. Йирик бухгалтерия хизматлари амалиётида мутахассисларни ҳисоб соҳасининг муайян бир участкасига мустаҳкамлаб қўйиш тажрибаси шаклланган. Табиийки, бундай шароит­да тор йўналишдаги, аммо ўз соҳасини беш қўлдек яхши биладиган мутахассислар шаклланади.

 

ИҚТИСОДЧИ БУХГАЛТЕР

Бу яхши ҳақ тўланадиган мутахассислардан бири бў­либ, мол-мулк ва бошқарув ҳи­собини олиб боради. Унинг вазифалари сирасига таннархни, фойдани ҳисоб-китоб ва таҳлил қилиш, кўпинча ишларнинг бажарилиши ва мукофотлаш кўрсаткичларини таҳлил қилиш вазифаси киради. У, зарур бўлса, контрагентларга ҳисобварақ тақдим этади, баҳодаги чегирма-сий­ловларни ҳисоблаб чиқаради ва дебиторлик қарзи­ни ҳи­собдан чиқаради.

Ана шу иш учун унда иқ­ти­содиёт ёки молия борасида олий маълумот бўлиши керак, ундан бухгалтерия ҳи­со­бини шунчаки юритиш ма­ҳоратидан ташқари, операцияларнинг моҳиятини тушуниш ҳам талаб этилади. Амалиётда бундай мутахассис бош бухгалтер лавозимини эгаллайди. Одатда бу лавозимга кўтарилгунига қадар у бухгалтерия ҳисобининг турли участкаларида ишлаб тажриба орттирган бўлади.

 

КАССИР БУХГАЛТЕР

Анча кенг тарқалган йў­налиш бўлиб, тўлов қабул қилувчи кассаси бўлган деярли барча компанияларда мавжуд. Бу мутахассиснинг асосий вазифаси корхонанинг ҳисоб-китоб варағи ва кассасига келиб тушаётган пул маблағларининг тўлиқ ҳисобини юритиш ҳамда бундай тушумларнинг асослилигини назорат қилиш, нақд пул сақланишини таъминлашдан иборат. Бухгалтерия ҳисоби борасида унда чуқур билим бўлиши шарт эмас, аммо у бундай ҳисобнинг асосини билмаса бу вазифада ишлай олмайди. Иш ҳақи ҳисоб-китоби бўйича бухгалтер вазифасини ҳам у кўпинча қўшиб олиб боради.

 

ИШ ҲАҚИ БЎЙИЧА БУХГАЛТЕР

Иш ҳақининг тўлиқ ҳисоб-китобини олиб боради, бинобарин иш ҳақини ҳисоблаб чиқаради, ундан ижтимоий ва бошқа тўловлар, солиқларни ушлаб қолади, таътил пуллари, нафақа, касаллик варақаси ва хизмат сафари тўловлари, моддий ёрдамни ҳисоблаб чиқаради. Солиқ ва статистика ҳисоботлари учун маълумотлар тайёрлаб, ҳисоботни ваколатли идораларга топширади. Ишхонада кадр­лар бўлими бўлмаса, кадрларга оид иш юритишни ҳам у қўшиб олиб боради.

Бундай мутахассис одатда бухгалтерия ҳисоби ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосини билади. Моҳиятан иккита касбни қўшиб олиб боради у. Кўпгина тадбиркорлар битта шундай мутахассис бўлишини маъқул кўрганлари учун ҳам кадр­лар билан шуғулланадиган инс­пекторни ишга олишга рағ­батлари бўлмайди.

 

ТОВАРЛАР ЁКИ ХИЗМАТЛАР БЎЙИЧА БУХГАЛТЕР

Бундай мутахассисга савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида талаб катта. У товарлар ва хизматлар реализацияси ҳуж­жатларини ёзиб тайёрлайди, уларни кирим қилади, инвентаризация якунларини таҳлил этади, асосий воситаларни қайта баҳолашдан ўтказади, бизнес билан боғлиқ жараёнлар қайта ташкил этилишини амалга оширади. Айни шунинг учун ҳам бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш соҳасида чуқур билимли бў­лиши шарт.

Товарлар (хизматлар) бў­йи­ча бухгалтернинг фа­қат ўз соҳаси билангина шуғул­ланадиганлари кам учрайди. Кўпинча унинг вазифасини бош бухгалтер бажаради.

 

ТАФТИШЧИ БУХГАЛТЕР

Бу мутахассис компаниянинг молия ва хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларни тафтиш қилади, натижаларни расмийлаштириб, тегишли идораларга тақдим этади. У шунингдек тафтиш қилин­ган объект раҳбарларига аниқ­ланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мас­лаҳатлар беради.

Бундай мутахассислар, одат­да, назорат қилувчи идораларда, аудиторлик компания­ларида ишлашади. Уларда бухгалтерия ҳисоби бўйи­ча катта тажриба, қонун ҳужжат­лари бобида эса қарийб қо­мусий билим бўлади.

 

КАЛЬКУЛЯТОРЧИ БУХГАЛТЕР

Умумий овқатланиш соҳаси­да бу мутахассисни жуда қадрла­шади. Калькуляторчи бухгалтер соҳада маҳсулотлар ва таомлар таннархини ҳисоб-китоб қилиш, калькуляциясини чиқариш билан шуғулланади. Кўпинча таом­но­ма тайёрлаш ва ишлаб чиқиш, товар ҳисоботларини тайёрлаш, таннархни ҳисобдан чиқариш сингари ишлар унинг вазифалари жумласига киради. Бу лавозимга аксарият ҳолларда иш­лаб чиқариш соҳасида тажрибаси бор бухгалтерларни қабул қилишади.

 

– Бир касб доирасидаги талайгина касбларни санаб ўт­дингиз. Аммо қонун ҳужжатларида касбларнинг бу тахлит ихтисослашуви назарда тутилмаган. Айтинг-чи, бундай ходимларнинг меҳнат дафтарчасига нима деб ёзишади?

– Дарҳақиқат, Лавозимлар классификаторида* мен айтиб ўтган мутахассислар йўқ. Одатда ишга қабул қилишда ходимлар билан ишловчи инспектор «бош бухгалтер» ёки «бухгалтер» деб кўрсатади, холос. Меҳнат шартномаси ҳамда лавозим йўриқномаларида ходимнинг мажбурият ва вазифалари муфассал баён этилади.

– Нима сабабдан баъзи компаниялар штатида бухгалтер биттагина бўлади? Бу тўғрими ўзи?

– Ҳаммаси фаолият соҳаси ва ҳажмига боғлиқ. Баъзан битта мутахассиснинг ўзи етиб ортади. Таассуфки, кўпгина тадбиркорлар уддалаб бўлмайдиган ишга уринишади: мен бу ўринда улар битта бухгалтерни ишга олиб, уни икки ва ҳатто уч киши учун ишлатадиган ҳолатларни назарда тутмоқдаман. Кўпинча бош бухгалтер бир йўла ҳам кассирлик қилади (қонунда бу қатъиян ман этилган), ҳам кадр­лар билан иш олиб боради. Бунинг устига унинг малакаси юқори бўлмаслиги ҳам мумкин – меҳнат бозорида юқори малакали профессионаллар унча кўп эмас. Мабодо штатда 80 дан ортиқ киши бўлса, барча ходимлар иш ҳақи ҳисоб-китобининг ўзи бир неча кунни олади. Бундай мутахассис катта босимдаги иш залворига чидай олмайди, асаблари ҳам дош бермаслиги мумкин. Оқибатда хатоликка йўл қўйиши эҳтимоли ортади. Тадбиркорларга кадрлар, мутахассислар борасида иқтисод қилиш бизнес ишингизга зарар етказмаслигини ўйланг деб маслаҳат берган бўлур эдим.

 

*Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори (ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон Қарори билан тас­диқланган).

 

Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
суҳбатлашди.

Прочитано: 2447 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика