Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 20 / Ташқи иқтисодий фаолият

Тузатишлар киритинг

Хорижий компания материалларни республикадан ташқарида маҳсулотни тақсимлаш битими доирасида муайян лойиҳа учун харид қилади ва уларни рўйхатдан ўтказилган доимий муассаса манзилига олиб келади. Биз ушбу ТМБни улар бўйича алоҳида доимий муассасалар рўйхатдан ўтказилган бошқа лойиҳаларимизга беришимиз ва сарфлашимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, расмийлаштириш тартиби қандай?

 

– СКнинг 256-«Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида амалга ошириладиган фаолиятга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари» моддаси 5-бандида назарда тутилишича, «маҳсулот тақсимотига оид битим бў­йича ишларни бажаришга мўлжалланган ва лойиҳа ҳуж­жатларига мувофиқ чет эллик инвестор томонидан ёки маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган бошқа шахслар томонидан олиб кириладиган товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек чет эллик инвестор томонидан олиб чиқиладиган, мазкур битимга мувофиқ унга тегишли бўлган маҳсулот божхона тўловларини солишдан озод қилинади, божхона расмийлаштируви учун тўланадиган йиғимлар бундан мустасно. Олиб кирилган моддий-техника ресурсларидан белгиланган мақсадга номувофиқ фойдаланилганда, шу жумладан улар ўзга шахсга берилган тақдирда, бюджетга тўланиши лозим бўлган барча божхона тўловлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олинади».

Худди шундай норма Қан­дим кон гуруҳи участкаси, Хау­зак ва Шоди участкалари, шунингдек Қўнғирот участкаларига оид маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги 2004 йил 16 июндаги Битим дои­расида ва Ўзбекистон Рес­публикаси Жанубий-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақаси ҳудудларидаги конлар бў­йича 2007 йил 23 январдаги маҳсулот тақсимотига оид Битим доирасида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви қоидаларида1 ҳам мавжуд. Унинг 41-бандида белгиланишича, олиб кирилган товарларнинг белгиланмаган мақсадда ишлатилиши, шунингдек уларни бошқа шахс­ларга бериш ҳолларида, тегишли божхона органи қо­нун ҳужжатларига мувофиқ, давлат бюджетига тўланиши керак бўлган барча божхона тўловларини белгиланган тартибда ундиради.

Қонун ҳужжатларининг ушбу меъёрларидан келиб чиқадики, МТБ (маҳсулот тақсимотига оид битим) бў­йича ишларни бажариш доирасида доимий муассасага олиб келинадиган товарлар, хом ашё ва материалларни олиб кириш чоғида берилган барча божхона имтиёзлари мақсадли ҳисобланади ва давлат томонидан назорат қилинади. Уларни бошқа лойиҳа (шартнома) бўйича сарфланадиган товар-моддий бойликлар сифатида фойдаланиш учун қайта йўналтириш зарурати туғилганда бундай таомилнинг аниқ тартиби белгиланмаганлигини назарда тутиш керак. Бироқ қонун ҳужжатларида божхона расмийлаштируви якунланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин БЮДга тузатишлар киритиш тартиби белгиланган. Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга2 кўра улар қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

божхонада расмийлаштиришда йўл қўйилган хатоларни тузатиш зарурати туғил­ганида;

ушбу БЮД бўйича расмийлаштирилган товарга ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ташқи иқ­тисодий фаолиятнинг бошқа субъектига берилганида;

контракт (шартнома, битим) шартлари ўзгарганида;

товарларни ташишга мўл­жалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганида;

товарлар қайтарилганда;

БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш учун етарли асос бўладиган бошқа ҳол­ларда.

Бундай амалларни бажариш учун товар эгаси ёки божхона брокери ДБҚ ҳудудий бошқармаси бошлиғига ариза билан мурожаат қилиши керак, унда декларацияга тузатиш киритишнинг аниқ саба­би кўрсатилади. Унга қуйидаги­лар илова қилинади:

1) шартнома (битим) нусхаси;

2) дастлабки расмийлаштирилган БЮДнинг 3, 5, 6-сон нусхалари (экспорт режимида расмийлаштирилган БЮДнинг бешинчи нусхаси бундан мустасно);

3) БЮДни божхонада расмийлаштиришда фойдаланилган ҳисобварақ-фактура нусхалари ва товарга илова қилинувчи бошқа кузатув ҳужжатлар;

4) зарур ҳолларда – импортга расмийлаштирилган БЮДда кўрсатилган шартнома бўйича келган товарлар суммаси ва улар ҳақи тўланганлиги ҳақидаги ваколатли банк маълумотномаси;

5) зарур ҳолларда – экспортга расмийлаштирилган БЮДда кўрсатилган шартнома бўйича тўловлар келиб тушганлиги ҳақида ваколатли банкнинг ҳисоб-китоб маълумотномаси.

Қарор қабул қилиш учун зарур бўлганда аризачи томонидан тақдим этилган бош­қа ҳужжатлар ҳам қабул қили­нади.

БЮДга тузатишлар киритиш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш масалалари бўйича мурожаат қилиш муддатлари БЮДни сақлаш муддатидан ошмаслиги керак. Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғриси­даги йўриқномага (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ расмийлаштирилган БЮДлар қатъий молиявий ҳисобот ҳужжатларини сақлаш учун белгиланган тартибда сақланади. БЮД электрон ва қоғоз шаклларини, шунингдек уларнинг электрон нусхаларини сақлаш муддати экспорт божхона режимига мувофиқ олиб чиқиладиган товарлар учун 10 йилни, қолган божхона режимлари учун эса 5 йилни ташкил этади.

ДБҚ бошқармаси бошлиғи аризани ҳудудий божхона органи ҳузурида тузиладиган, доимий ишлайдиган махсус комиссиянинг кўриб чиқиши учун юборади. Комиссия юкни олиш ёки жўнатиш билан боғлиқ барча материалларни синчиклаб ўрганади. БЮДга тузатиш киритиш заруратини туғдирган сабабларга асосий эътибор қаратилади. Комиссия ўз қарорини мазкур масалани ҳал қилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмай чиқаради.

Юқорида баён этилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкин:

агар мол-мулк Ўзбекистонга доимий муассаса манзилига МТБни амалга ошириш ло­йиҳаси доирасида мақ­садли фойдаланиш учун олиб келинган ва унга доир ишлар айни шу МТБ доирасида ўтказиладиган ёрдамчи пудрат контракти асосида рўйхатдан ўтказилган ўша норезидент компаниянинг дои­мий муассасасига берилаётган бўлса, ушбу ҳолда божхона имтиёзларидан мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганлигини эътироф этиш хатари катта бўлмайди. Бироқ ушбу ҳолда ҳам мазкур МТБ бўйича имтиёзлардан мақсадли фойдаланиш ҳисобини юритадиган божхона органини хабардор қилиш шаклини келишиш керак;

агар худди шу шартларда олиб келинган мол-мулк ўша норезидент компаниянинг дои­мий муассасасига берилаётган бўлса, бироқ бунда унинг фаолияти худди шу МТБ билан боғланмаган бўлса, ушбу ҳолда мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик эътироф этилади ва божхона божларини тўлаш бўйича барча мажбуриятлар тикланади.

Шу тариқа, мақсадли фойдаланиш шартларига риоя этилган, божхона органи хабардор қилинган ва (ёки) тузатиш киритиш таомили ўт­казилган ҳолдагина мол-мулк­ни бериш мумкин. Норезидент компаниянинг мол-мул­ки қайси доимий муассаса манзилига олиб кирилганидан қатъи назар, ўша компаниянинг мулки ҳисобланиши сабабли, уни бир доимий муас­сасадан бошқасига бериш чо­ғида солиқларни ҳисоб-ки­тоб қилиш пайтида харажатларни ҳисобга олиш мақсадида қа­бул қилиш-топ­шириш далолатномасини рас­мийлаштириш тавсия қи­линади.

Аудиторлик амалиётида бир доимий муассаса мол-мулкни бошқа муассасага бериб, уни фақат БЮД асосида харажат сифатида ўзида ҳисобга киритган вазиятлар учрайди. ТМБни олган доимий муассаса ҳам фойдаланилган мол-мулкни фойда солиғи ҳисоб-китобида харажатларга киритган. Солиқ мажбуриятларига таъсир кўрсатадиган бундай ҳолларга йўл қўймаслик учун доимий муассаса пухта миқдорий омбор ҳисобини юритиши ва лойиҳа бўйича ишларга ТМБни ҳисобдан чиқаришга доир тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак.

\1ДБҚ, ТИАИСВ, ИВ ва «Ўзстандарт» агентлигининг АВ томонидан 19.04.2010 йилда 2097-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.

2ДБҚнинг АВ томонидан 24.09.2010 йилда 2143-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«BAКER TILLY TASHKENT» АЖ МЧЖ
бошқаруви раиси.

Прочитано: 2836 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика