Суғурта ташкилотлари учун 2012, 2013, 2014 йилларда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар солиш объекти бўлиб нима ҳисобланади?
– 2012 йилда суғурта ташкилотлари учун мажбурий ажратмалар солиш объекти бўлиб қуйидагилар ҳисобланган1:
● бюджетдан ташқари Пенсия ва Республика йўл жамғармаларига – Солиқ кодексининг (СК) 150-моддасига мувофиқ белгиланадиган даромад. СКнинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмаган*;
● Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ажратмалар солиш объекти бўлиб даромад ҳисобланган. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ажратмалар солиш объектини рўйхати СКнинг 132-моддаси билан белгиланган бошқа даромадлар суммасига камайтириш назарда тутилмаган.
2013 йилда улар учун ажратмалар солиш объекти бўлиб қуйидагилар ҳисобланган2:
● бюджетдан ташқари Пенсия ва Республика йўл жамғармаларига – СКнинг 150-моддасига мувофиқ белгиланадиган даромад. Бошқа даромадлар (СКнинг 132-моддаси) ва ҳаётни суғурталаш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари), қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари, шунингдек СКнинг 150-моддаси 2 ва 4-бандларида кўрсатилган даромадлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмаган* (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун, бундан кейин – ЎРҚ-343-сон Қонун, билан СКнинг 313 ва 317-моддалари учинчи қисмига ўзгартишлар киритилган);
● бюджетдан ташқари Таълим ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига – даромад. Ажратмалар солиш объекти рўйхати СКнинг 132-моддаси билан белгиланган бошқа даромадлар суммасига ва ҳаётни суғурталаш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари) суммаси, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммаларига, шунингдек СКнинг 150-моддаси 2 ва 4-бандларида кўрсатилган даромадлар суммасига камайтирилмаган, чунки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган.
2014 йилда қуйидагилар суғурта ташкилотлари учун ажратмалар солиш объекти ҳисобланади3:
● бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига – СКнинг 150-моддасига мувофиқ белгиланадиган даромад.
Бошқа даромадлар (СКнинг 132-моддаси) ва ҳаётни суғурталаш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари), қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари, шунингдек СКнинг 150-моддаси 2 ва 4-бандларида кўрсатилган даромадлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди* (СКнинг 313 ва 317-моддалари учинчи қисмига ўзгартиришлар ЎРҚ-343-сон Қонун билан киритилган; СКнинг 325-2-моддаси учинчи қисми 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун билан киритилган).
Суғурта ташкилотлари 2012 ва 2013 йиллар учун солиқ органларига топширилган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг ҳисоб-китобларини таҳлил қилишлари керак. Уларда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқликлар аниқланган тақдирда қайта ҳисоб-китоб топширилиши керак.
*Диққат! Мазкур материалда 2012 ва 2013 йилларда амал қилган меъёрий қоидаларга ҳаволалар келтирилган (СКнинг 313 ва 317-моддалари учинчи қисми).
1Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон Қарорига 22-илова.
2Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон Қарорига 22-илова.
3Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 22-илова.
Таҳририятдан. Маслаҳатда тилга олинган ўтган йиллар учун меъёрий ҳужжатларни «NORMA» АҚТ маълумотлар базасидан топиш мумкин.
Шарофиддин РЎЗМЕТОВ,
экспертимиз.