Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 16 / Божхона

Дори-дармонлар билан чегарадан ўтиш

Жиддий тери хасталиги – витилигога чалинганман. Менга Хитойда ишлаб чиқарилган дорини қабул қилишни маслаҳат беришди (ишлаб чиқарувчиси – Foshan Fengliaoxing Pharmaceutical Cо. Ltd.). Одамларнинг гапига қараганда у яхши самара бераркан. Зарурий уч ойлик курсга таблетка ва лосьоннинг 12 ўрами керак бўлади. Хитойда дорининг тўлиқ комплекти 100 АҚШ долларидан кўп турмас экан. Яқин орада амакиваччамнинг оиласи дам олиш учун Хайнанга бормоқчи. Агар мен уларга ушбу дорини олиб келишга буюртма берсам, улар чегарадан ўтаётганда муаммолар юзага келмайдими? Чегара орқали унинг қанча миқдорини олиб ўтиш мумкин? Муаммога дуч келмаслик учун улар Хитой дорихонасидан нима олишлари лозим?

В.Цай.

 

Менинг қон босимим ошиқ юради. Сафарларда доимо ўзим билан барча зарур дориларни олиб юраман. Тез орада қариндошларимни кўриб келиш учун Ригага бормоқчиман. Дорилар учун бирор-бир идоранинг рухсатномасини олишим керакми ёки рецепт­нинг ўзи етарлими?

А.Приходько.

 

Агар ёнида рецепт бўлса, укам Россиядан гормонал препарат олиб келиши мумкинми? Дори тақиқланмаган, онам­нинг тизза кўзидаги оғриқларига даво сифатида керак. Божхона расмийлаштируви учун нималар зарур бўлади? Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатномаси талаб қилинадими?

Н.Каримова.

 

Ўзбекистонга олиб кириш чоғида подаграга қарши ва диабетик препаратларга ­доир чекловлар ва тақиқлар татбиқ этилиш-этилмаслигини қаердан билиш мумкин? Уларни отам учун Новосибирскдан олиб келишни танишларимга тайинлаган эдим.

Альфия С.

 

Дориларни (ўзим истеъмол қилишим учун 10 тага яқин ўрам) Тошкентдан Лондонга олиб боришда божхонада муаммолар юзага келиши мумкинми? Дорилар ўзим учун керак, чунки узоқ муддат у ерда бўламан, маҳаллий дорихоналардан рецепт олиш учун югуриб юришни эмас, балки ҳар ­доим ёнимда барча зарур дорилар захираси бўлишини истайман. Уларни декларацияда кўрсатиш шартми? Уларнинг рецептлари бўлиши керакми? Олиб ўтиладиган дориларнинг миқдори чекланганми?

Х.К.

 

 

 

– Газетхонларнинг саволларига жавоб беришдан аввал шуни эслатиб ўтамизки, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга (25.04.1997 йилдаги 415-I-сон) кўра божхона органлари республикага юридик ва жисмоний шахслар олиб кирадиган, тиббий амалиётга жорий этилган ва сотиш учун рухсат берилган дориларнигина рўйхатдан ўтказадилар. Бундай дориларнинг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг давлат реестрида келтирилган.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХС УЧУН ЛИМИТ

Шахсий фойдаланиш учун мўлжал­ланган дори-дармонларнинг мамлакатимизга олиб келиниши ДБҚнинг 9.10.1998 йилдаги 115-сон кўрсатмаси билан тартибга солинади. Унга 3-ило­вада Айрим жисмоний шахслар томонидан қўллаш мақсадида Ўзбекистон Республикасига бир марта олиб кириш учун рухсат берилган дори воситалари ва тиббий буюмлар нормаси (бундан кейин – Норма) кўрсатилган. Унга кўра, мисол учун, подаграни даволаш учун воситаларни олиб кириш лимити 8 ўрам билан, инсулин ва бошқа диабетга қарши воситалар – 30 ўрам билан чекланган.

Бир марта олиб кириш учун рухсат берилган препаратлар миқдори бир ўрамда 10 ампула ёки 30 таблетка (капсула, бошқа дозаланган дори шакллари)дан кўп бўлмаган тахминий ҳисоб-китобдан келиб чиқиб кўрсатилган. Бир ўрамда бундан кўп миқдорда дори шакллари бўлган тақдирда ампула ёки таблеткаларнинг умумий сонига қаралади.

 

Маълумот учун! Дориларни шахсий фойдаланиш учун (нотижорат мақсадларида) олиб киришда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатномаси талаб қилинмайди. Бунда «шахсий фойдаланиш учун», яъни Норма билан белгиланган шартларга мувофиқликка жиддий эътибор берилади. Унинг лимити дорига йўриқнома билан белгиланадиган даволаш курсига муайян воситанинг қанча миқдори талаб этилишига қараб аниқланади. Бундай аниқлаш қийин бўлганда ёки уни аниқлаб бўлмаганда, касалликнинг оғирлиги ва узоқ давом этишини ҳисобга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган асосий дори воситаларининг рўйхатига асосланиш керак.

 

Агар сиз дорини бошқа мамлакат ҳудудига олиб бораётган бўлсангиз, уни олиб кириш масаласи юзасидан ушбу давлатнинг Элчихонаси ёки Консуллигига мурожаат қилишингиз керак.

 

АЛОҲИДА ТУРДАГИ ДОРИЛАР

Одатда йўловчилар божхона чегараси орқали шахсий фойдаланиш учун дориларни эркин ҳолда олиб чиқишлари ва олиб киришлари мумкин. Бироқ ушбу қоидадан истисно ҳам бор. Уни эса албатта ёдда тутиш керак, зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмаслиги барчага маълум. Мисол учун, препарат таркибида ҳатто энг кам дозаларда наркотик воситалар ёки психотроп моддалар бўлса, уни олиб ўтганлиги учун жисмоний шахсга нисбатан кам деганда маъмурий жазо (жарима ва дорини мусодара қилиш), кўп деганда эса жиноят иши қўлланиши мумкин. Шу сабабли, агар қўлдаги юкингиз ёки багажда кучли таъсир кўрсатувчи (наркотик, психотроп) моддали дорилар бўлса, уларни албатта декларациялаш лозим. Уларнинг мавжудлиги Т-6 божхона декларациясининг 5-банди «б» кичик бандида қайд этилиши, батафсил маълумотлар эса Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) мувофиқ 6-бандда кўрсатилиши керак.

Ўзбекистонда назорат қилинадиган наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўй­хатлари Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисида»ги Қарорига (31.07.2000 йилдаги 293-сон, бундан кейин – ВМнинг 293-сон Қарори) 2–5-иловаларда кўрсатилган. Жисмоний шахслар шахсан қўллаш учун бундай дориларни фақат чекланган миқдорда олиб киришлари мумкин. Бунда ёнларида кучли таъсир қилувчи дори тиббий мақсадлар учун мўлжалланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлиши керак. Одатда у рецепт ёки шифокор берган маълумотнома, касаллик тарихидан кўчирма бўлади.

Сизнинг дорингизга нисбатан уларни Ўзбекистонга олиб киришда чек­лов ёки тақиқлар татбиқ этилиш-этилмаслигини билиш учун унда наркотик ва психотроп моддалар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида дорининг таркибини ўрганиш зарур. Чунончи, кекса кишилар орасида анча оммабоп бўлган валокордин ва корвалол таркибида фенобарбитал наркотик моддаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган психотроп моддалар рўйхатига (III рўйхат) (ВМнинг 293-сон Қарорига 4-илова) киритилган. Бугунги кунда ушбу Рўйхатда 82 та препарат бор. Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган наркотик воситалар рўйхатида (I рўйхат) (ВМнинг 293-сон Қарорига 2-илова) 159 та дори бор. Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган наркотик воситалар рўйхатида (II рўйхат) (ВМнинг 293-сон Қарорига 3-илова) 61 та препарат кўрсатилган. Рўйхатларда санаб ўтилган барча препаратлар бўйича назорат қуйидагиларга татбиқ этилади:

қандай фирма номлари (синонимлар) билан белгиланган бўлмасин, уларда кўрсатилган барча воситалар ва моддаларга;

мазкур кимёвий бирикма доирасида мавжудлиги эҳтимоли бўлганда, наркотик воситаларнинг изомерларига (агар улар қатъий равишда чиқариб ташланмаган бўлса);

наркотик воситаларнинг мураккаб ва оддий эфирларига;

агар мавжудлиги эҳтимоли бўлса, барча наркотик воситаларнинг тузларига.

 

Маълумот учун! Хорижда харид қилаётганда таркибида наркотик воситалар ва психотроп моддалар бўлиши эҳтимоли юқори бўлган қуйидаги дориларнинг таркибини синчиклаб ўрганиш лозим: кучли оғриқ қолдирувчи; ухлатувчи дорилар; тушкунлик ва бошқа асабий-руҳий касалликларни даволаш учун препаратлар; вазнни назорат қилиш ва иштаҳани тушириш учун дорилар. Чунончи, II рўйхатда кодеин бор, у жуда кўп дорилар, шу жумладан йўталга қарши таблеткалар таркибига киради.

 

Агар сиз дори воситаларини хорижда сотиб олишни режалаштираётган бўлсангиз ва хорижий тилдаги аннотацияни тушуна олишингизга ишончингиз бўлмаса, препарат таркибини (шу жумладан Интернет ёрдамида) олдиндан билиш ва тилга олинган Рўйхатлар билан солиштириш лозим.

 

* * *

Хорижда жуда қимматбаҳо дорилар сотиб олинганда назарда тутилган божхона тўловларини тўлашга тўғри келишини ҳам эслатиб ўтамиз. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган меъёрларига (МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ улар жисмоний шахслар чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган, умумий қиймати эквивалентда 1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган товарларга (дори воситалари ҳам уларга киради) солинмайди. Бу қийматдан ошганида божхона тўловлари бож тўланмасдан олиб кириш нормасидан ошадиган божхона қийматидан ундирилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 5191 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика