Ўзбекистон резиденти ҳисобланувчи ҚҚСни тўламайдиган ягона солиқ тўловини тўловчи учун Ўзбекистон норезиденти томонидан ишлар (хизматлар) бажарилган. Ўзбекистон норезиденти томонидан бажариладиган ишларни (хизматларни) қабул қилиб олувчи Ўзбекистон резидентлари ҚҚС тўловчиси бўлмаса ҳам ҚҚС тўлашлари керакми?
Ноила Раҳимова,
корхона таъсисчиси.
Фарғона вилояти.
– Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса ва уларга ҚҚС солиниши керак бўлса, ишларни, хизматларни олувчи Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчисининг солиқ солинадиган оборотидир (Солиқ кодексининг 207-моддаси).
Ишлар, хизматларни олувчида солиқ солинадиган база Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромад бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим бўлган солиқ суммаси чегириб ташланмаган ҳолда белгиланади.
Солиқ кодексининг 348–349-моддаларига биноан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун қўлланади ҳамда ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг махсус қоидалари қўлланишини назарда тутади.
Жумладан, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун, тўлов манбаида солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолиш мажбуриятлари ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига қуйидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади:
ЯСТ тўловчиларда Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан Солиқ кодексининг 207-моддасида назарда тутилган тартибда бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни бюджетга тўлаш мажбурияти сақланади.
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар учун ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юклатиладиган юридик шахслар ҚҚС тўловчилари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 197, 200-моддалари).
Ўзбекистон норезиденти томонидан республика резидентига тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, Солиқ кодексининг 207-моддасида белгиланган тартибда улар олувчисининг солиқ солинадиган оборотига киритилади.
Солиқ кодексининг 202-моддасига асосан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотларига, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлса, ҚҚС солинади. Ишлар, хизматларни реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 202-моддасига кўра белгиланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЯСТ тўловчилари Солиқ кодекси билан белгиланган тартибда норезидентнинг импорт қилинган ишлари, хизматлари бўйича ҚҚС тўловчилари бўлиб ҳисобланадилар.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳати ташкилоти эксперти
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.