Корхонамизнинг асосий фаолият тури Ўзбекистон қурилиш объектлари учун металл конструкциялар тайёрлаш ҳисобланади. Ҳозирги вақтда биз уларни асосан қайта ишлашга берилган металл прокат – буюртмачининг хом ашёсидан қиляпмиз.
Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 19-бандига мувофиқ, агар шартноманинг шартларига мувофиқ қайтариладиган чиқиндилар қайта ишловчида қолдирилса, унда улар келгусида фойдаланиш ва/ёки сотиш мумкин бўлган қиймати бўйича 1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағининг дебетида асосий фаолиятнинг бошқа даромадларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (9300) билан корреспонденцияланган ҳолда кирим қилинади.
Буюртмачимиз билан тузилган шартномаларда назарда тутилишича, корхонамизда металл конструкциялар тайёрланганидан кейин бундан кейин ишлаб чиқаришда фойдаланиб бўлмайдиган металл чиқиндилар қолади. Буюртмачига тегишли бўлган ушбу темир-терсакни қайта ишловчи ўз номидан белгиланган тартибда «Тошкентиккиламчиқораметалл» ШКга топширади ва унинг қийматини буюртмачига ШК тўлаган нархда компенсациялайди.
Қайта ишловчининг буюртмачига бундай темир-терсак қийматини компенсациялаши маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) реализациясига кирадими?
А.Акромхўжаев,
ОАЖ бошқаруви раиси.
– Сиз темир-терсак топширадиган корхоналарнинг бухгалтерлари кўп маротаба дуч келадиган – корхонага тегишли бўлмаган темир-терсак топширилишини юридик жиҳатдан қандай қилиб тўғри расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш лозимлиги ҳақидаги масалани кўтаряпсиз. Сизнинг ҳолатда темир-терсаклар, қайта ишлаш шартномасига кўра, ишлар тугаганидан ва тарафлар томонидан қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланганидан кейин қайта ишлашга берилган хом ашёни қайта ишлаш маҳсулоти Буюртмачига тегишли бўлади.
Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (молия вазирининг АВ томонидан 15.03.2010 йилда 2086-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 9-бандига кўра агарда қайта ишлаш учун тузилган шартнома шартларига кўра қайтариладиган чиқиндилар буюртмачига бериладиган бўлса, у ҳолда улар келгусида фойдаланиш ва/ёки сотиш мумкин бўлган қиймати бўйича 1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағининг дебетида бундай хом ашёни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақлар билан корреспонденцияланган ҳолда буюртмачида кирим қилинади. Тегишинча, темир-терсаклар қиймати қайта ишловчининг балансида ҳисобга олинмайди.
Модомики, қайта ишловчи корхонангиз буюртмачига тегишли бўлган металл чиқиндиларини ўз номидан топширар экан, тузилган шартномага қўшимча равишда воситачилик шартномасини ҳам тузиш зарур, унга кўра буюртмачи комитент, қайта ишловчи эса воситачи ҳисобланади. Иккала тараф томонидан бундай воситачилик шартномаси ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланганидан кейин металл чиқиндилари ҳисоби балансдан ташқари 004-ҳисобварақда юритилади. Темир-терсак топширганлик учун пул келиб тушганидан кейин воситачи (қайта ишловчи) шартнома шартларига кўра улар суммасидан ўз ҳақини ушлайди ва қолдиқни комитентга (буюртмачига) ўтказади. Комитент учун воситачилик шартномаси бўйича олинган сумма реализация деб ҳисобланади. Воситачи учун эса унинг ҳақи реализация деб ҳисобланади, у эса сизнинг ҳолатда мавжуд эмас.
Сергей ГУРВИЧ,
экспертимиз.