Биз авиачипталар сотиш билан шуғулланишга қарор қилдик. Авиакомпания билан шартнома туздик, валюта касса аппаратини ўрнатдик. 1 авиачиптани 282,10 АҚШ долларига cотдик. Солиқ инспекциясида бизга суммани АҚШ долларида центлари билан бирга аппаратга киритишимиз кераклигини айтишди. Биз ҳам шундай қилдик.
Бироқ бизда центлар йўқ. Харидордан ҳам авиачипта учун 283 доллар олдик. Биз қайтимни сўмда давлат курси бўйича бериб, кассада катта томонга яхлитлаштиришимиз мумкинми? Ушбу тушум қандай инкассацияланади?
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий авиаташувчилар томонидан авиаташиш хизматларини реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 28.06.2013 йилдаги 189-сон Қарорига 1-илова) 7-бандига кўра жисмоний шахслар томонидан авиачипталар нақд хорижий валютада харид қилинганда маблағлар тўлов валютасида яхлит хорижий пул бирлигига қадар катта томонга яхлитлаштирилган миқдорда тўланади. Тегишли қайтим Ўзбекистон миллий валютасида битимни амалга ошириш санасидаги Марказий банк курси бўйича берилади. Ушбу ҳолларда хорижий валютанинг етишмайдиган ёки ортиқча суммаси касса бўйича кам ёки ортиқча сумма деб ҳисобланмайди. Харидордан олинган барча сумма (283 АҚШ доллари) инкассацияланади.
Хорижий авиакомпанияларнинг авиачипталарини реализация қилганлик учун ҳисоб-китоб худди шундай тартибда амалга оширилади.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.