Мамлакатимиз Президентининг соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ташаббус» кўрик-танловида у ўтказила бошланган илк йиллардан буён иштирок этиб келаман. Ўтган йили менга «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинациясида 3-ўрин насиб этган эди, мана бу йил биринчиликни қўлга киритиб, бош соврин – давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилаётган «Spark» автомашинасига эга бўлдим. Бу мен учун жуда катта шараф.
«Ташаббус» беллашуви ўзбекистонлик тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар меҳнат-шижоатининг, ғоялар ташаббусининг ҳақиқий намойиш майдонига айланиб улгурган. Қарийб 40 йилдан буён қадимги ўзбек чолғу асбобларининг ноёб намуналарини тиклаш билан шуғулланиб келаман. Хусусан, тарихни чуқур ўрганишим натижасида қадимги Айритом маданиятига (Сурхондарё воҳаси) оид чолғу асбобларини ясашга муваффақ бўлдим. Бобомиз Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонларида таърифи келтирилган чанг чолғу асбобини ясадим. Унинг товушини бобомиз Қақнус қушнинг ширин ноласига ўхшатганлар.
Устахонамизда мен ишлаб чиқарган 6 та мусиқа асбоби Темурийлар тарихи Давлат музейида, Токио ва Европа музейларида сақланмоқда. Бундан ташқари, қозоғистонлик, қирғизистонлик мусиқа шинавандаларининг буюртмаси бўйича чолғу асбобларини тайёрлаб берганмиз.
Турмуш ўртоғим Иноятхон Мадраимова мутахассислик бўйича кимёгар-биолог бўлганлиги сабабли биз ясаган чолғу асбобларининг ранг-бўёқларини у киши танлаб беради.
Ўзбекистонимизда хусусий тадбиркорлик, айниқса ҳунармандчилик ва оилавий бизнес билан шуғулланишга кенг имкониятлар бериб келинаётгани мени руҳлантиради. Айниқса Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилнинг декабрида қабул қилинган Фармонига биноан «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонида уй шароитида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахслар томонидан қатъий белгиланган солиқни тўлаш юзасидан солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати биз – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилгани айни муддао бўлди. Бугунги кунда мен оилавий тадбиркорлик йўналишида хусусий бизнесимни ташкил этиб, унга фарзандларимни ҳам жалб этмоқдаман.
Абдумалик МАДРАИМОВ, «Ташаббус–2014»
кўрик-танловининг
«Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинацияси ғолиби.