Norma.uz

Бир оғиз жумладан мутахассиснинг кимлиги маълум

Бўш иш жойлари тўғрисидаги баъзи эълонларга жуда кўп резюме келиб, бор-йўғи бир неча кунда номзодлар орасидан муносиби излаб топилади.

Бошқа эълонлар эътиборни жалб этмайди, ходимни излаш бир неча ойга чўзилади. Бўш иш жойи тўғрисидаги эълонни қандай қилиб тўғри тузиш мумкин?

 

«Хавфли саёҳат учун эркаклар керак.

Иш ҳақи катта эмас.

Қақшатқич совуқ жой.

Узоқ ойлар мобайнида зимистон кунлар.

Доимий хавф-хатар.

Эсон-омон қайтиб келиш гумон.

Муваффақиятга эришилган тақдирда ҳурмат-эътибор ва эътирофга эришилади».

 

Ушбу эълонни реклама дарғалари Ч.Сэндиж, В.Фрайцбургер, К.Ротцолл ўз­ларининг «Реклама: назария ва амалиёт» китобларида бўлғуси ходимларга мурожаат қилишнинг самарали намунаси сифатида келтирадилар. Ана шу рекламага икки мингдан зиёд таклиф келиб тушган. Замонамизнинг маркетологлари келтирилган матннинг биринчи сатридагидек қўпол қоидабузарликка йўл қўйишлари даргумон. Сиз ҳам сездингизми? Бирор-бир синчков газетхон ушбу эълонни берган шахсни адолатли равишда жинсий аломат бўйича камситганлиги учун судга тортган бўларди.

Бироқ бизнинг реклама бозоримиздаги вазият мукаммалликдан ҳали йироқ, шу сабабли бўш иш жойлари тўғрисидаги сайтлар «25 ёшгача бўлган қизлар керак, 45 ёшгача бўлган эркаклар керак» сингари ва шунга ўхшаш хабарлар билан тўлиб кетган.

Ҳозирча масаланинг ҳуқуқий томонини четга қўйиб, эълон реал ишлаши ҳамда малакали мутахассисни топиш мумкин бўлиши учун бўш иш жойи тўғрисидаги эълонни қандай тузиш кераклигига тўх­таламиз.

Иш берувчи баъзан эълон қанчалик мавҳум бўлса, кўп сонли талабгорлар орасидан лойиқ номзодни танлаб олиш осон деб ўйлайди. Бошқа томондан эса, талабгорлар мутахассисга нисбатан талаблар аниқ белгиланган эълонларни хуш кўрадилар.

Бўш иш жойи тўғрисидаги эълонда қуйидагилар бўлиши керак:

● бўш иш жойининг номи;

● компаниянинг номи ва тавсифи;

● номзодларга қўйиладиган асосий талаблар;

● ходим хизмат вазифаларининг тавсифи;

● иш шарт-шароити;

● алоқа боғлаш учун маълумот.

Яна бир марта эслатиб ўтамизки, эълон қисқа, аниқ баён этилган, тўғри тузилган бўлиши керак.

Бўш иш жойининг номи аниқ келтирилиши керак. Агар позиция бир неч­та йўналишни тақозо этса, иш берувчи тармоқ, йўналишни аниқлаштириб, шу тарзда худди шундай тажрибага эга талабгорлар қолган номзодлар олдида афзалликка эга бўлишларини таъкидлаши шарт.

 

Кўп учрайдиган хатолар. Лавозимларни бирлаштириш. Ҳам ишлаб чиқарувчи, ҳам сотувчи... Талабгорни бу чўчитади, унинг бундай эълонга жавоб бериши мушкул. Фақат битта лавозимни кўрсатинг, турли позициялар учун эса турли эълонлар тузинг.

 

Шахсий тажрибамдан. Суҳбатдан ўтишга келдим. Сайт муҳаррири лавозимига бўш иш жойи борлиги тўғрисида эълон беришган. Иш шартлари, иш ҳақини муҳокама қилдик. Ҳаммаси тўғри келадигандек туюлди, қўл олишдик ҳам. Фақат шундан кейингина иш таклиф этаётган фирма директори гапириб қолди:

– Баъзан кадрлар масалалари билан шуғулланишга, компьютер тармоғини ҳам кузатиб боришга, тизим маъмури бўлишга тўғри келади.

Ишни рад этишга тўғри келди. Ходимлар бобида тежамоқчи бўлиб, директор мутлақо билимсизлигини очиқдан-очиқ кўрсатди – кадрлар ишини юритиш учун ҳеч бўлмаганда кадрларга доир қо­нун ҳужжатларини билиш лозим, тизим маъмури тўғрисида эса гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ.

 

Номзод компаниянинг фаолияти тўғрисида тасаввурга эга бўлиши учун унинг номи ва қисқа тавсифи берилиши лозим. Бу кишиларга ўзлари ишлайдиган вазиятни тушунишда ёрдам беради.

Компаниянинг номи билан бир қаторда иш берувчидаги охирги янгиликлар билан танишиш мумкин бўлган сайтга ҳаволани кўрсатиш ҳам ортиқчалик қилмайди.

Компания номи, унинг соҳаси, иш жойи ва жадвалининг йўқлиги, айни вақтда катта иш ҳақини ваъда қилиш – тармоқ маркетинги аломатларидир.

 

Кўп учрайдиган хатоларимловий хатолар ва қисқартмалар. Пала-партиш ва саводсиз тузилган матн иш берувчи тимсолига рахна солади. Қисқартмалар кўпинча тушунарсиз бўлиши мумкин, баъзан эса талабгорни ҳурмат қилмаслик сифатида қабул қилинади.

 

Номзодларга қўйиладиган талаб­ларда талабгорлар танлаб олинадиган асосий мезонлар кўрсатилиши керак. Булар:

маълумот. Баъзан соҳа ва ихтисослашувни, талабгорларда сертификатлар борлигини кўрсатиш ўринли бўлади;

иш тажрибаси. Кўпчилик ҳолларда мазкур лавозимда ишланган зарур стаж кўрсатилади. Агар тор йўналишли мутахассис талаб қилинса, бўш иш жойи тавсифида янада қатъий мезонлар кўр­сатилиши керак;

аслида зарур бўлса, чет тиллар ва компьютер дастурларини билиш даражаси;

агар хизмат сафарлари таклиф этилса, буни дарҳол кўрсатган маъқул.

Зарур шахсий сифатларни кўрсатиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Уларга қараб кишининг характери тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.

 

Кўп учрайдиган хатолар. Гарчи кўпчилик иш берувчилар бўш иш жойлари тўғрисидаги эълонларида кишиларни ёши, жинси, диний, миллий ва бошқа аломатларига кўра камситишга йўл қўймаслик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабини назардан соқит қилишса-да, бу билан жиддий шуғулланадиган вақт келади. Ҳуқуқбузарликларга йўл қўймас­ликнинг қуйидаги усули мавжуд.

 

Мисол учун, қўриқлаш ва хавфсизлик хизматига кўрикдан ўтказиш учун аёл (ёки эркак) ишга таклиф қилинади. Иш берувчи кўрикдан ўтказиш учун ходим ишга таклиф қилинади деб ёзиши мумкин. Иш одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан эркаклар (аёллар) меҳнатидан фойдаланишни тақозо этмайди. Бундай формулировка камситиш деб баҳо­ланмайди.

 

Ходимнинг хизмат вазифалари тавсифида унинг нима билан шуғулланиши аниқ кўрсатилиши керак. Ҳатто номзод илгари баъзи вазифаларни бажармаган бўлса ҳам, бироқ буни ўрганишга тайёрлигини намойиш этса – бундай ходимни ишга олса бўлади.

 

Кўп учрайдиган хатолар. Вазифаларнинг узун рўйхати муайян характерга эга бўлган яхши мутахассисларни чўчитиши мумкин. Бошқа ха­то – формулировкаларнинг мавҳумлиги. Фа­қат муҳим функцияларни ажратиб кўрсатиш ва қисқача тавсифлаш керак.

 

Иш шарт-шароитлари тўғрисидаги ахборот одатда иш жадвалини ўз ичига олади ёки ходимнинг қанча вақт банд бўлишини белгилайди: тўлиқ иш куни, қисман бандлик, масофадан туриб ишлаш, шартномавий, вақтинчалик ёки бир марталик иш.

«Иш ҳақи» устунини тўлдириш бобида бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил фикр мавжуд. Бироқ кишилар аниқ рақамларни афзал кўрадилар. «Меҳнат­га ҳақ тўлаш даражаси суҳбат натижаларига кўра белгиланади» жумласи иш ҳақининг юқори даражаси тўғрисида мутлақо тасаввур бермайди. Бундай жумла (копания­нинг номи барчага маълум бўлмаганда) бутунлай умидини йўқотган кишилар эътиборини тортса керак. Ҳар қандай суҳбатга боришга вақти кўп бўлган кишилар ҳам шу жумлага киради.

 Агар ушбу устунда иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш қоидаси – қатъий белгиланган маош, иш натижалари бўйича фоизлар, турли бонуслар, ижтимоий пакет, мобил алоқага, бензин харажатларига ҳақ тўлаш қоидаси қайд этилса, нур устига аъло нур.

 

Кўп учрайдиган хатолар. Эълонда иш ҳақи аслидагидан кўпроқ бўлса, ёлғончилик намоён бўлади. Ходим билан ҳамкорликни ёлғондан бошламаслик керак.

 

Шахсий тажрибамдан. Рекрутинг агентлигининг бир ходими ҳикоя қили­шича, буюртмачилар номзодларни танлаб олишни илтимос қилишган, 2 000 000 сўм иш ҳақи кўрсатилган. Резюмелар тўпланди, буюртмачига юборилди. Бир оз вақт ўтгач агентликка дарғазаб талабгор келган. Суҳбатдан ўтганда унга иш ҳақи 400 минг сўм бўлиши айтилган.

Агентликдаги кадрлар бўлими ходимининг қўнғироғига буюртмачи бамайлихотир шундай деган: «Агар ҳақиқатдаги иш ҳақини айтганимизда, ҳеч ким бизга ўз резюмесини топширмас эди».

 

Агар резюмени жўнатиш мақсадида алоқа боғлаш учун маълумотда фақат сайтнинг маъмурий манзили кўрсатилса, талабгорда резюме иш берувчига етиб борадими деган шубҳа туғилиши эҳтимоли бор. Сир эмаски, шу тарзда йиғилган объектив маълумотлар базасидан бутунлай бошқа мақсадларда ҳам фодаланиш мумкин.

 

Сўзимнинг охирида қарийб ҳаққоний воқеани айтиб ўтаман. 300 дан ортиқ резюме олгач, кадрлар иши устаси ва янги ходим уларни кўриб чиқишга тайёрлана бошлашди. Янги ходим талабгорлар кўп экан дея уҳ тортади. Қария резюмелар пачкасининг ярмини олиб, саватга ташлайди. Шеригининг ҳайрат билан қарашига жавобан шундай дейди:

– Бизга омадсизларнинг нима кераги бор!

Роман ВАФИН.

Прочитано: 2523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика