Norma.uz

Иш ҳақини камайтириш сабаблари

Давлат корхонасига ишга қабул қилинаётганимда меҳнат шартномамда давлат корхонасининг директори муассис – давлат бошқарув органи билан келишиб тасдиқлаган штат жадвалига кўра менга 13-тариф разрядидан келиб чиқиб иш ҳақи белгиланди. 2 йил ишлаганимдан кейин давлат корхонаси директори давлат бошқаруви органининг кўрсатмасига асосланиб тариф разрядини 13-разряддан 10-разрядга пасайтириш ҳақида буйруқ чиқарди. Бу ҳақда огоҳлантириш олганимда мен ёзма равишда норозилигимни билдирдим. Корхонада фақат менинг тариф разрядим пасайтирилганлигини, ушбу вақт ичида технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ҳеч қандай ўзгаришлар юз бермаганлигини таъкидламоқчиман. Огоҳлантириш муддати тугагач, мен иш ҳақини 13-тариф разрядидан келиб чиқиб олишда давом этдим. 5 ой ўтгач, директор менинг тариф разрядимни огоҳлантиришсиз буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 13 дан 10 га тушириш тўғрисида буйруқ чиқарди. Ҳозир мен иш ҳақини 10-тариф разрядидан келиб чиқиб оляпман.

Давлат корхонаси директорининг буйруқлари қонунийми?

 

– Меҳнат шартномаси шартларини ҳар қандай ўзгартириш тегишли тузатишлар киритишни назарда тутади. Бунда масалан, қуйидагилар ўзгартирилиши мумкин: лавозим, бўлим, таркибий бўлинма; иш жойи; иш ҳақи миқдори; иш ҳақи тўлаш муддатлари; бошқа шартлар.

Меҳнат шартномасининг тарафлар томонидан белгиланган шартларини ўзгартиришга фақат тарафларнинг ёзма шаклда қайд этилган келишуви билангина йўл қўйилади (Меҳнат кодексининг 88-моддаси, бундан кейин – МК). Бунинг маъноси шуки, иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасининг тарафлар томонидан белгиланган шартларини ўзгартиришга ҳақли эмас. Мазкур қоида бир хил даражада ходимларнинг аҳволини ҳам ёмонлаштирадиган, ҳам яхшилайдиган ўзгартиришларга татбиқ этилади. Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фа­қат технологиядаги, ишлаб чиқа­риш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзга­ришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир.

Иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳ­лантириб тилхат олиши шарт. Кўрсатилган муддатни қис­қартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қў­йилади (МКнинг 89-моддаси). Бу қоидани амалга ошириш учун иш берувчи МКнинг 89-моддасида назарда тутилган қуйидаги тартибга аниқ риоя этиши керак:

1) технологиядаги, ишлаб чиқа­риш ва меҳнатни ташкил этишдаги бўлажак ўзгаришлар, ишлар (маҳ­сулот, хизматлар) ҳажмининг қис­қар­ганлиги тўғрисида, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келса, буйруқ чиқариш;

2) тарафлар томонидан белгиланган меҳнат шартномаси шартларидаги бўлажак ўзгаришлар, шунингдек бундай ўзгаришларнинг зарурлигини туғдирган сабаблар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиш;

3) иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бирмунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин;

4) огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин иш берувчи янги технологик жараён ёки меҳнат шартларига ўтишга ҳақли. Иш берувчи таклиф этган меҳнат шартномаси шартларини ўзгартиришларга розилик билдирган ходимлар билан ёзма равишда меҳнат шартномаларига қўшимча кели­шувлар тузилади.

Ходимлар ян­ги меҳнат шартларига ўтишдан ва таклиф этилган бўш ўринлардан бош тортган тақдирда, шунингдек иш берувчида бўш ўринлар бўлмаганда улар билан меҳнат шартномаси МКнинг 89-моддасига кўра бекор қилинади (ходим янги меҳнат шартлари асосида ишни давом эттиришни рад этганлиги сабабли МКнинг 109-моддасига кўра, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас).

Муайян ходимнинг иш ҳақини қис­қартиришга қарор қилган ташкилот мулкдорининг алмашинишини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжат­лари технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулотлар, хизматлар) ҳажмларини қисқартириш билан, улар ходимлар сонининг ўзгариши ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши билан боғламайди.

Шу тариқа, сизнинг меҳнат ҳақи­нгиз миқдорини камайтириш учун иш берувчи меҳнат шартномаси шартларини ўзгартириш учун асосга эга бўлиши керак. Агар сиз ўз меҳнат ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун иш берувчи билан бевосита музокараларда мустақил равишда ёки ўз вакилингиз иштирокида ихтилофларни бартараф этишга муваффақ бўлмасангиз, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Текширув чоғида камситувчи тусдаги ҳуқуқбузарликлар аниқланганда иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғри­сидаги кодексининг 49-моддасида назарда тутилган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдордаги жарима кўринишидаги жавобгарликка тортилиши мумкин.

Сиз шунингдек якка тартибдаги меҳнат низосини ҳал этиш учун судга ўз ҳуқуқингиз бузилганлигини билган ёки билишингиз лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой мобайнида мурожаат қилишингиз мумкин (МКнинг 270-моддаси).

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

 

Прочитано: 2770 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика