Биз иссиқ сувга бир йилга олдиндан икки киши учун ҳақ тўлаган эдик, кейин ҳисоблагич ўрнатилди. Бундай ҳолда қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?
– Иссиқ сув сарфланишини ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган пайтдан бошлаб ҳисоблаш ҳисоблагичнинг кўрсатишларига асосан амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2001 йилдаги 178-сон қарорига мувофиқ ҳисоблагич ўрнатилган пайтда абонентда мавжуд бўлган олдиндан тўланган ҳақ суммаси, ҳақ тўлаш пайтида амал қилган тарифни 12 ой мобайнида сақлаган ҳолда, ҳисоблагич кўрсатишлари бўйича иссиқ сув таъминоти харажати ва иситиш учун ҳисоблаб ёзиш бўйича ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.
Ўғлим квартирага 2010 йилда прописка қилинган, бироқ иссиқлик таъминоти ташкилоти иссиқ сув ва иссиқлик энергияси учун 2007 йилдан бошлаб ҳақ тўлашни талаб қиляпти. Бироқ квартирада прописка қилинган фуқароларнинг йўқлигини тасдиқлайдиган 17-сон шаклдаги маълумотнома асосида эмас, балки уй бошлиғининг хабари асосида шундай қилиняпти. Иссиқлик таъминоти ташкилоти инобатга 17-сон шаклдаги маълумотномани эмас, балки оғзаки маълумотларни олиш ҳуқуқига эгами? Иссиқ сув ва иссиқлик энергияси учун ҳақни қайта ҳисоб-китоб қилиш учун даъво муддати мавжудми?
– Иссиқ сув таъминоти бўйича ҳисоблаб ёзиш прописка қилинган кишилар сонидан келиб чиқиб амалга оширилади. Прописка қилинган кишиларнинг сонини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлиб 17-сон шаклдаги маълумотнома ёки уй дафтари ҳисобланади. Квартираларда прописка қилинган ёки ҳақиқатда яшайдиган фуқароларнинг сони тўғрисидаги маълумотномаларни ХУМШ раҳбарияти ёки квартира жойлашган ердаги маҳалла қўмитаси беради. Шуни таъкидлаш лозимки, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг (2.09.1993 йилдаги 915-XII-сон, 22.04.2013 йилдаги ЎРҚ-350-сон Қонун таҳририда) 13-моддасига кўра маҳалла қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига фуқароларнинг келиши ва кетишини ҳисобга олишни ташкил этишда кўмаклашади. Маълумотнома берган мансабдор шахс маълумотларнинг ишончлилиги учун жиноий жазога қадар жавобгар бўлади. У ёки бу квартирада яшовчи кишиларнинг сони ҳақида оғзаки маълумотларни «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК кўришга қабул қилмайди.
Ўлчов асбоблари мавжуд бўлганида иссиқ сув таъминотидан фойдаланиш учун ҳақ унинг кўрсатишлари бўйича амалга оширилади. Фуқаролик кодексининг (ФК) 150-моддасига кўра умумий даъво муддати – 3 йил. Бунда шуни қайд этиш лозимки, моддада шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддат белгиланган (ФК– 149-моддаси). Истеъмолчи унга тақдим этилган истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун қарз суммасига қўшилмаган тақдирда, иссиқлик энергиясини етказиб берувчи белгиланган тартибда қарзни ундириш ва даъво муддатини тиклаш тўғрисида истеъмолчига нисбатан даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Шуни таъкидлаш лозимки, Фуқаролик процессуал кодексининг 57-моддасига кўра ҳар бир тараф ўз талаб ва эътирозларининг асоси сифатида ҳавола этадиган ҳолатларни исботлаши шарт.
А.НУРМУҲАМЕДОВ, «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК
бош директори.