Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 50 / Долзарб мавзу

Бухгалтерлар учун сертификатли бўлиш фурсати келди

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2013 йилнинг 9 ойи якунлари муҳокамасига бағишлаб Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган мажлисда чет эл инвестициялари ва кредитларини ўзлаштиришга оид ахборотлар ҳам айтиб ўтилди. Улар жами 1,8 млрд долларни ташкил этган бўлиб, шуларнинг 77,5 фоизи тўғридан-тўғри жалб этилган хорижий инвестициялардир.

 

 

Индустриал-инновация тарақ­қиётига қаратилган стратегик иқтисодий йўл фаолият кўрсатиб турган ишлаб чиқаришларни янгилаш ва модернизация қилишга ҳамда янгиларини барпо этишга катта-катта инвестициялар талаб этмоқда. Тараққиётнинг юксак суръатларини сақлаб туриш учун чет эл инвестицияларини ҳам, мамлакатимиз бизнес соҳаси қўйилмаларини ҳам жалб этиш мумкин. Лекин хорижлик инвестор ҳам, мамлакатимиз инвестори ҳам маблағларини киритишда лойиҳанинг даромадлилигига эътибор қаратиши турган гап. Инвестициялаш бобида бир қарорга келиш учун у бизнес соҳаси тўғрисида ҳам, унинг харажатлари ва даромадлари тузилмаси ҳақида ҳам муайян тасаввурга эга бўлиши, шу жумладан инвестициясини тикиши мумкин бўлган бошқа йўналишларга қиёсан бунинг қандай афзаллик­лари борлигини билиши керак. Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия ҳисоботи бу борада унинг учун ахборотнинг асосий манбаи бўлади. Молиявий ҳисобот корхонанинг муҳим хизмати мутахассислари томонидан ташкил этилган хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби асосида шакл­лантирилади. Бу мутахассислар бухгалтерия ҳисоби усулларидан фойдаланган ҳолда бухгалтерия ҳисоби тизимларидаги унинг натижаларини вақти-вақти билан умумлаштириб борадилар. Шулар асосида эса молиявий ҳисобот тузилади.

Бухгалтерларнинг муҳим вазифаларидан бири молиявий ҳисобот кўрсаткичлари тўғри ва ишончли бўлишини таъминлашдан иборатдир. Оммавий манфаат касб этувчи корхоналарда ана шу вазифани ҳал этиш билан ички аудит хизмати шуғулланади. Молиявий ҳисобот кўрсаткичлари тўғрилиги ва ишончлилигига эса ташқи аудиторлар баҳо берадилар.

Замонавий бош бухгалтер ҳисоб иши қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ юритилиши учун етарлича билим ва зарур кўникмаларга эга бўлмоғи керак. Бундан ташқари, у молиявий, меҳнат ва моддий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, солиқ солишни мақбуллаштириш юзасидан асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқмоғи лозим. Бозор муносабатлари изчил ривожланиб бо­раётган бир шароитда бухгалтерия ҳисоби объектларида, солиқ солиш тизимида мунтазам равишда ўзгаришлар содир бўлмоқда, таҳлилий ва тезкор ахборотларга бўлган талаб-эҳтиёж ортиб бормоқда.

Буларнинг ҳаммаси ҳисоб иши ходимларидан билимларни муттасил янгилаб боришни талаб этмоқда. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг билим даражасини юқори савияда сақлаб туриш ҳамда билимларини бойитиб боришда қўшимча таълим тизими энг оқилона йўлдир. «Таълим тўғрисида»ги Қонун (29.08.1997 йилдаги 464-I-сон) ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида (29.08.1997 йилдаги 463-I-сон Қонун билан тасдиқланган) айни шу йўл таълим жараёнининг таркибий қисми сифатида қайд этилган.

Халқаро амалиётда тадбиркорликнинг турли соҳалари учун бухгалтерларни қайта тайёрлаш иши катта кўламда олиб борилмоқда, уларнинг билимларини баҳолаш ҳамда сертификатлаш борасида мустақил тизим қарор топган. АССА, САР, DipFR, CIPA сертификатлари (дипломлари) жуда оммалашган. Кўпгина халқаро сертификация дастурлари инглиз тилида, ­DipFR дастури ҳам инглиз, ҳам рус тилларида, CAP/CIPA дастури эса рус тилида тақдим этилмоқда.

CIPA дастури МДҲга аъзо мамлакатлар ҳудудида амал қилиб келмоқда ҳамда Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгаши томонидан кенг татбиқ этилмоқда. У халқаро бухгалтерлар федерациясининг бухгалтерлар гуруҳи томонидан ҳам эътироф этилган. Мазкур дастур бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта қисмдан, яъни таълим, им­тиҳонлар ўтказиш ва сертификат­лаштириш қисм­ларидан иборат бўлиб, «Молия ҳисоби-1», «Бошқарув ҳисоби-1», «Со­лиқлар ва ҳуқуқ», «Молия ҳи­соби-2», «Аудит», «Молиявий менежмент», «Бошқарув ахборот тизимлари» сингари фанларни ўқиб ўрганишни ўз ичига ­олади. Ўқув марказларида ана шу ай­тиб ўтилган фанлар бўйича тре­нинглар сертифи­катланган ва тегишли ­курслар ўтказишга ҳо­зирлик кўрган тренерлар томонидан ўтказиб ке­линмоқда.

CIPA дастури бўйича имти­ҳонлар, «Солиқлар ва ҳуқуқ» фанини истисно этганда, барча иштирокчи мамлакатлар учун бир хилдир. «Солиқлар ва ҳуқуқ» фани бўйича имтиҳонлар ҳар бир мамлакат учун алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилади ва шу мамлакатнинг миллий қонун ҳужжатлари ҳамда солиқ солиш тизимига асосланади. CAP (Certified Accounting Practitioner – сертификатланган амалиётчи бухгалтер) ва CIPA (Certified International Professional Accountant – сертификатлан­ган халқаро профессионал бух­галтер) сертификатларини олиш учун асосий талаб им­тиҳонларни мува­ффақиятли топ­ширишдир.

Пуллик ёзма имтиҳонлар йили­га уч марта – баҳорда, ёзда ва кузда, Евросиё кенга­ши томонидан барча мамлакат­лар учун белгиланган ягона кун­ларда ўтказилади. Тест топ­шириқлари­нинг махфийлиги таъминланади – топшириқлар им­ти­ҳон ўтказиладиган куни ке­либ тушади. Бажарилган топшириқ­лар мустақил текширув ва баҳолаш учун ваколатли ташкилотга жўна­тилади.

CAP сертификати бўлиши корхонада бухгалтерия ҳисобини олиб бориш ҳамда барча асосий ҳисоботларни, шу жумладан солиқ ва молия ҳисоботларини юқори савияда тузиш имконини беради. CIPA сертификати да­ражаси бирмунча юқорироқ ҳужжатдир. Бундай ҳужжатнинг бўлиши унинг соҳиби бошқарув йўналишидаги қарорларни қабул қилишда, компанияни молиявий бошқаришда иштирок этишга қодир эканлигидан далолат беради. CAP/CIPA сертификати бўлган бухгалтерлар халқаро ҳамжамият томонидан тасдиқ­ланган ўз билимлари ва профес­сионал кўникмаларига таянган ҳолда бухгалтерия ҳисобини, бизнес соҳаси ҳолати тўғрисида холисона ва мукаммал ахборот берувчи молиявий ҳисоботни тузиш тўғри, ишончли, тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширили­шини таъминлайди. Бу нарса­нинг долзарблиги Ўзбекистон жаҳон бизнес ҳамжамиятига ин­тег­рациялашуви билан, мам­лакатимиз иқтисодиётига инвес­тициялар жалб этиш талаблари даражаси билан белги­ланади.

Бухгалтерларнинг малакаси ошишига, профессионал жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига кўмаклашиш мақсадида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) «профессионал бухгалтер» тушунчасини киритиш мақсадга мувофиқ кўринади. Тегишли сертификатга эга ҳамда республика бухгалтерлар жа­моат бирлашмаси аъзоси бўлган жисмоний шахс профессионал бухгалтер бўлиши мумкин. Профессионал бухгалтер мақоми Белоруссия, Қозоғистон ва Тожикис­тонда қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамлакатимиз бухгалтерия ҳисоби амалиёти янги, янада юқорироқ даражага кўтарилишга тайёр деб ўйлаймиз.

Ўзбекистонда CAP/CIPA лойи­ҳасини амалга ошириш йил­лари мобайнида қарийб 2 500 мутахассис CAP сертификатини, 100 нафардан ортиқ мутахассис эса CIPA сертификатини олди.

CAP/CIPA сертификатлари МДҲ ҳудудидаги сертифика­ция дастури иштирокчиси бўл­ган барча мамлакатларда ҳа­қиқий саналади. Меҳнат бо­зо­рида бундай сертификат эга­ларига сертификатланмаган бух­галтерларга мўлжалланаёт­ганидан икки баравар кўпроқ иш ҳақи белгиланмоқда. Евросиё халқаро имтиҳон тармоғи билан шартнома асосида иш олиб бораётган, Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси, Аудиторлар палатаси ҳамда Бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси томонидан таъсис этилган ­«CIPAEN UZ» МЧЖ Ўзбекистон­да имтиҳон қабул қилувчи ташкилот ҳисобланади.

Республика ­бухгалтерлари жамоат ташкилотлари ўз аъзолари малакаси, билими талаб даражасида бўлиши учун масъул­дир. Бухгалтерлар, ауди­торлар ва мас­лаҳатчилар федерацияси ус­тавида қайд этилишича, Феде­рация аъзолари профессионал савияларини мунтазам равишда ошириб бормоқлари лозим. Бу шартни бажармаслик мутахассисни ҳақиқий аъзолар қаторидан овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган аъзолар қаторига чиқариб қўйи­лишига сабаб бўлади. Аъзо­лик тўғрисидаги низомда мала­ка ошириш йўналишидаги конфе­ренциялар, семинарлар ва маш­ғулот­ларда иштирок этганлик учун баллар бериб бориш назарда тутилмоқда.

Аф­суски, барча бухгалтерлар малака ошириш зарурлигини, бу нарса давр тақозоси эканлигини бир­дек тушуниб етмоқдалар деб бўл­майди.

Назаримизда, CIPA дастури қа­билидаги Бухгалтерлар ва ауди­торларни сертификатлаш­тириш бўйича миллий дастур қабул қилиш ана шу жара­ённи кучайтириш имконини беради. Бу ишни Ўзбекистонда амалга ошириш учун барча омиллар бор.

Биринчидан, сертификатланган бухгалтерларнинг аксарияти Тошкентдаги ва минтақалардаги турли корхоналарнинг бухгалтерия хизматларига бошчилик қилмоқда. Улар сертификатлаш­тириш қўл остидаги ходимлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини биладилар ва шу сабабли ­дастурни амалга оширишда мададкор бўлишлари мумкин.

Иккинчидан, CIPA дастури бўйича бухгалтерларни серти­фи­катлаш­тиришда ишлаб тур­ган инфратузилма, яъни ўқув марказлари ва имтиҳон тар­мо­ғи мавжуд. Улар миллий серти­фикатлаштириш дастури бўйича ҳам ишлаши мумкин.

Учинчидан, республикада ўқув материаллари ва имтиҳон модулларини ишлаб чиқишга қодир тренерлар ва мутахассислар бор, улар миллий дастур бўйича ўзбек ва рус тилларида услубий материаллар тайёрлай оладилар.

Тўртинчидан, профессионал жа­моат ташкилотлари CAP/CIPA сертификатлаштириш дастурини ташкил этиш ва амалга оширишда аввалбошданоқ иштирок эта бориб, етарлича тажриба орттирдилар, бу тажрибадан миллий сертификатлаштириш тизимида муваффақиятли тарзда фойдаланиш мумкин.

Ишончимиз комилки, бухгалтерларнинг миллий сертификатлаштириш тизими жорий этилиши пировард натижада корхоналарнинг ва, умуман олганда, иқтисодиётнинг ривож топишига ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестициялар борасида жалб этувчанлик хусусияти ошишига хизмат қилади.

Нозир ИБРАГИМОВ,

Ўзбекистон Бухгалтерлар, ­аудиторлар ва маслаҳатчилар

федерацияси бошқаруви раиси, иқтисодиёт фанлари ­

доктори, CAP.

 

Прочитано: 4597 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика