Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 49 / Хўжалик юритиш қоидалари

Монополияга қарши қўмита инсофсиз рақобатдан ҳимоя этаётир

Ҳар биримиз ўз умримизда ҳеч бўлмаса бир марта инсофсиз рақобатдан куйиб қолганмиз. Устки кийим, пардоз-андоз буюмлари, техника, аллақачонлардан бери машҳур, ишлаб чиқарувчиси ишончли бирон техника сотиб олдик дейлик. Кейинчалик олган нарсамиз мўлжаллаганимизнинг эгизаги бўлиб, аслига асло алоқаси йўқ эканлиги маълум бўлиб қолади. Ўзинг ихлос қўйган, ишончинг комил бўлган товар белгисида биттагина ҳарф ўзгариб қолганини, сўзлари қуйиб қўйгандек, оҳангдош эканлигини, кўзга таниш дизайн жилоси бирмунча бошқа тус олганлигини дафъатан сезмайсан киши. Энг асосийси эса бу товарнинг сифати айтарлик эмас. Булар бир қараганда, беғараз, безиён майда-чуйда бўлиб кўрингани билан инсофсиз рақобатчилар қўлида шунчалик қудратли қуролга айланадики, улар бу қурол ёрдамида ҳалол бизнесни бир чеккага чиқариб юбориши ҳеч гап эмас.

Кўпгина тадбиркорлар иш бошлаётганда бизнесини тезроқ йўлга қўйишни кўзлаб, шунақа, қинғирроқ ишларга ҳам қўл урадилар, кам харж, чиқим асосида истеъмолчиларни жалб этишга ҳаракат қиладилар. Ўз брендларини яратиб, уни истеъмолчиларга танитиш, шу мақсадда маблағ, куч сарфлаш, ғоя излаш ўрнига машҳурлик касб этган бренддан нусха кўчириб қўя қолиш осон туюлади уларга. Аммо бу танилиш истеъмолчилар бозорида ўз ўрнини эгаллашнинг хатарли усули бўлиб, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри бузишдир.

Маърифатли ва маданиятли бизнес ўз тараққиёти учун анча-мунча пул сарфланишини талаб этади ва шу йўл билан савдо маркаси ютуққа эришувини таъминлайди. Ана шу марка товарнинг кўпчилик танийдиган номи бўлиши, унинг обрў-эътибори ва нуфузидан дарак бериши, савдога барака киритиши учун эса вақт керак. Ўзгаларнинг товар белгиларига билинар-билинмас ўзгартишлар киритиб қўя қолиш мазкур товар белгилари эгаларининг обрў-эътиборига путур етказади, истеъмол бозоридаги нуфузини эса шубҳа остига қўяди. Товар белгисидаги биттагина ҳарфни ўзгартирган кўйи қонунга хилоф тарзда фойдаланишга журъат этган ноҳалол рақобатчи ҳалол, инсофли ишлаб чиқарувчини йиллар мобайнида барпо этган, шакл ва сайқал топтирган нарсаларини барбод этишга қодир.

Бунақа ўзлаштирма номлар яратувчилари томонидан ҳуқуқлари бузилаётган истеъмолчилар ўз ишончларини қозонган компаниянинг товари ёки кўрсатган хизмати учун ҳақ тўлаётганликларига ишонадилар, оқибатда эса сифати ноаён нарсага эга бўладилар, холос. Моҳият-эътибори билан бунда инсофсиз рақобатчиларнинг ўзи ҳам кўп нарса ютқазади. Улар ўзгаларнинг ютуғи ҳисобидан сохта дивидендларга эга бўлаётганлари боис бизнес ишини ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳаракатини қилмайдилар, талаб-эҳтиёж ортиши, савдо яхшиланишини, маркетинг дастурлари рисоладагидек ишлашини ўйламайдилар ҳамда пировард натижада орқада судралиб юрувчилар қаторига тушиб қоладилар. Зотан улар рақобатга қарши қаратилган хатти-ҳаракатлари учун эртами-кечми жавоб беришлари турган гап. Бунақа ишлар у ёки бу йўсинда жамоатчиликда тегишли фикр уйғотади. Бу эса унинг келгуси фаолиятига таъсир этмай қолмайди. Хуллас, инсофсиз рақобат ҳалол, инсофли ишлаб чиқарувчигагина эмас, истеъмолчига, қолаверса, умуман истеъмол бозорига берилган зарбадир.

Тадбиркорлик ривожланиб бориши билан бозор муносабатлари доирасига «инсофсиз рақобат» деган тушунча ҳам жадал кириб борди. Бу нарса дастлаб 1883 йили қабул қилинган Саноат мулки муҳофазасига доир Париж конвенциясида илк бор қайд этилган эди. Унинг алоҳида бир моддаси билан саноат ва савдо-сотиқ ишларидаги ҳалол одатларга зид ҳар қандай рақобат ҳаракати ман этилди.

Хўш, тадбиркорлар ўзларини инсофсиз рақобатдан ҳимоя этиш учун нималарни билишлари керак, бозорда бундай рақобат қандай пайдо бўлмоқда, бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда деган саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан буён матнда Қўмита, Монополияга қарши орган деб юритилади) мурожаат этдик.

 

 

 

ТОВАР БЕЛГИСИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ

– Фуқаролик кодекси, «Рақобат тўғри­сида»ги (6.01.2012 йилдаги ЎРҚ-319-сон) ва «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги (30.08.2001 йилдаги 267-II-сон) қонунлар инсофсиз рақобатдан ҳуқуқий ҳимояланишнинг асосий воситаларидир, – дейди Қўмитанинг рақобат муҳитини ривожлантириш ва инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик бўлими бошлиғининг ўринбосари Валентина ДУБРОВСКАЯ. – Қўмитамиз рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради, қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатларини аниқлайди, бунга йўл қўйганлик учун, шу жумладан инсофсиз рақобат учун жавобгарликка тортади.

«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 4-мод­дасида белгилаб қўйилишича, инсофсиз рақобат хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларидир. Кўпинча товар белгилари инсофсиз рақобат объекти бўлиб қолмоқда. Бундай белгилар ишлаб чиқарувчиларни ҳамда уларнинг маҳсулотларини индивидуаллаштиришни таъминлаш орқали товарнинг танилувчанлигига эришади, истеъмолчига уни ким ишлаб чиқарганлигини эслатиб туради. Товар белгиси харидорга маҳсулот сифатидан, унинг ишлаб чиқарувчиси обрў-эътиборидан, бозордаги мавқеидан дарак бериши мумкин. Товар белгисини юридик шахслар ҳам, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар ҳам Интеллектуал мулк агентлигида (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Товар белгиси рўйхатга олинган пайтдан эътиборан ҳуқуқий муҳофаза остида бўлади ва эгасининг рухсатисиз ундан ҳеч ким фойдаланишга ҳақли эмас. Товар белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Инсофсиз рақобат тўғрисидаги аризани кўриб чиқаётганда, биз энг аввало бозорнинг бошқа субъекти томонидан ишлатилаётган товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги хусусида Агентликдан тас­диқнома олишимиз керак. Ҳуқуқбузарни жавобгарликка жалб этиш ва ҳуқуқ эгасини ҳимоя қилиш учун Монополияга қарши орган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида рақобат муносабатлари бор-йўқлигини аниқлаши шарт. Акс ҳолда биз мурожаатни кўриб чиқа олмаймиз.

Ўзгаларнинг товар белгиларидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги хусусида Қўмитага келиб тушаётган аризаларни ўрганиш шундан далолат берадики, хўжалик юритувчи субъектлар бу ишни асосан онгли равишда қилмоқдалар. Чунки ҳаммага машҳур ўзга товар белгиси инсофсиз рақобатчининг савдо-сотиғи ва обрў-эътиборини оширади, маҳсулотни ўтказиш учун маблағ сарфламагани ҳолда мўмайгина даромадга эга бўлиш имконини беради. Истеъмол бозорига эндигина кириб келиб, бу йўналишда дастлабки одимларни қўяётганлар бундай қоидабузарликларга ўч бўладилар. Улар ноқонуний хатти-ҳаракатларига эртами-кечми ҳуқуқий баҳо берилиши ва содир этган қилмишлари учун жавоб беришга тўғри келишини англаб етмайдилар ҳам.

 

ТЎН... КИЙГАННИКИ

Инсофсиз рақобат кўпинча дизайни рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ниҳоятда ўхшаш товар белгиларидан фойдаланиш тарзида намоён бўлади. Қўмитага Россиянинг бир компанияси – «Калина» концерни ОАЖ мурожаат қилди. Бизнинг истеъмол бозоримизга «100 рецептов красоты» деган ном билан шампун етказиб берар экан, бу компания шу номдаги товар белгисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказди ва ундан фойдаланиш борасида мутлақ ҳуқуққа эга бўлди. Лекин бозорда айни шу савдо маркасига жуда ўхшаш «100 секретов красоты» деган маҳсулот пайдо бўлиб қолди, дизайни ҳам Россия шампунларига қуйиб қўйгандек ўхшаш.

Яна бир мисол. Россиянинг «Эссен продакшн АГ» ЁАЖ «МАХЕЕВЪ» товар белгиси остида бозорларимизга майонез етказиб беради. Рўйхатдан ўтказилгани боис у мамлакатимиз ҳудудида ҳуқуқий муҳофазага эга. Маҳаллий «Raferti» ОАЖ ҳам шундай маҳсулот чиқара бошлади, Россиядан етказиб берилаётган маҳсулот билан бир хил шрифт ва дизайнда тайёрланган номи фақат битта ҳарф билан фарқланар, яъни унга «МАКЕЕВЪ» деб ном қўйилган эди. Материаллар кўриб чиқилиб, инсофсиз тадбиркорлар йўл қўйган ҳуқуқбузарликларга доир кўрсатмалар берилгач, улар бартараф этилди.

Хоразм вилоятидаги бир тадбиркор «SAODAT» товар белгиси остида туз чи­қаради. Бозорда унинг эгизаги пайдо бўлиб қолди – бухоролик ишлаб чиқарувчи хоразмлик тадбиркорникига ўхшаб ке­тадиган даражада, «SADOKAT» деган ном билан туз чиқаришга тушди. Истеъмолчи бу маҳсулотларни адаштириб юбориши жуда осон. Қўмитамизга ишлаб чиқарувчи эмас, истеъмолчи мурожаат қилгач, аризани кўриб чиқдик, инсофсиз рақобатчи қоидабузарликни ихтиёрий равишда бартараф этди.

Шу зайил ноинсоф, ғирром хўжалик юритувчи субъектлар ўз товарларини ўт­казишга маблағ сарфламай туриб, ра­қобат борасида афзалликка эришишлари мумкин. Маҳсулот таннархи, бинобарин нархи ҳам уларда арзонроқ бўлади. Ҳалол ишлаб чиқарувчилар эса ҳам мижозларининг бир қисмидан маҳрум бўладилар, ҳам зарар кўрадилар.

Баъзида шундай ҳам бўладики, рўй­хатдан ўтказилган товар белгиларининг эгалари ана шу белгилардан ноқонуний фойдаланилишига қисман ўзлари сабабчи бўладилар. «Carlsberg Uzbekistan» компаниясининг рўйхатдан ўтказилган товар белгиси фирманинг хос шиша идиши эди. Бугунги кунда корхона бундай шишаларда пиво қадоқланишини тўхтатди. Лекин шишалар муомаладан олинмаганлиги учун бозорда кўп миқдорда тўпланиб қолди, уддабурон одамлар эса фирма идишидан фойдаланиш ҳаракатига тушиб қолдилар. Шишаларни йиғиб олиб, бошқа ичимлик ишлаб чиқарувчиларга топширмоқдалар, булар эса ортиқча ўйлаб ҳам ўтирмай, шишаларга вино, минерал сув ва шунга ўхшаш нарсаларни қўйиб чиқармоқдалар. «Carlsberg Uzbekistan» ўз товар белгисидан ғайриқонуний равишда фойдаланилаётганлиги хусусида Қўмитага бир неча марта ариза билан мурожаат этди. Аммо компания ўзининг хос шиша идишларидан фойдаланмаётган экан, уларни бозордан йўқотиш ҳақида ҳам ўйлаши керак эди. Шундай бўлса-да, ўзгаларнинг хос (фирма) идишида ичимлик чиқараётган «Роҳат» пиво заводига ҳуқуқбузарликни бартараф этиш хусусида кўрсатма юборилди. Айни бир вақтда жиноят ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори билан раҳбарлардан бирига нисбатан маъмурий жарима қўлланди.

 

БИРНИКИ МИНГГА

Қоидабузарлар ўзга товар белгисидан тўлиқ фойдаланаётганлигига оид мисоллар ҳам бор. Тошкент вилоятидаги «MASTER GLOBAL PLYUS» МЧЖ «ФРУКТОША» музқаймоғини чиқаришни йўлга қўяр экан, бу товар белгисини рўйхатдан ўтказди. Шунга қарамай, истеъмол бозорида Тошкент шаҳридаги «VAZIRA BIZNES» МЧЖ ҳам худди шу номда, яъни «ФРУКТОША» номи билан чиқарган музқаймоқ пайдо бўлди. Мазкур ном ҳуқуқи эгаси Қўмитага мурожаат қилди. Материалларни кўриб чиқиш асносида тарафлар ўзаро келишувга эришдилар, ноинсоф рақобатчи ўзганинг товар белгисидан фойдаланишни тўхтатадиган ва қоидабузарликларни бартараф этадиган бўлди. Арзгўй эса ўз мурожаатини ихтиёрий равишда қайтариб олди.

Италиянинг машҳур «BILLIONAIRE» компанияси вакиллари Тошкентга келгач, пойтахтимиздаги бир қанча дўконларнинг пешлавҳаларида ўз брендларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушладилар. Ана шу факт­ни Агентлик Қўмита билан биргаликда текширди. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳуж­жатлари талабларини бузган инсофсиз тадбиркорлар фактлар ўрганилаётган пайтнинг ўзида пешлавҳаларни йиғиштириб олдилар, бу ишни амалга оширишга оид фотосуратларни ҳам тақдим этдилар. Қўмита кўрсатмасига жавобан улар бундан буён ўзгаларнинг товар белгисидан фойдаланмаслик ҳақида ёзма равишда ваъда бердилар. Маълум бўлишича, улардан бири ўз бизнес ишини йўлга қўйиш учун шундай қилган экан. Бошқаси эса дўконни ўша осиғлиқ пешлавҳаси билан сотиб олган бўлиб, машҳур савдо маркасидан қонунга хилоф тарзда фой­даланилаётганини билмас ҳам экан. Шунга ўхшаш муаммолар келиб чиқмаслиги учун тайёр бизнес юритиладиган жойни сотиб олишда масаланинг бу жиҳатларига ҳам эътибор бериш керак.

ИЗЛАЙИН ҚАЕРЛАРДАН

Кўпинча аризачи ўз мурожаатида хўжалик юритувчи субъектнинг аниқ номи­ни, манзили ва телефон рақамини кўрсат­маганлиги боис вазиятни ўрганиб чиқиб, чора кўришга қийналамиз. Ҳуқуқ­бузарнинг кимлигини билмаймиз-да ахир! Рўйхатдан ўтказилган «SAGBAN» товар белгиси билан сосиска ишлаб чиқарувчи Тошкентдаги «GOLD TEK» МЧЖ бозорда худди шу белги билан, айни шундай маҳсулот пайдо бўлиб қолганини, сифати эса яхши эмаслигини хабар қилди. Мурожаатда инсофсиз хўжалик юритувчи субъектнинг номи ҳам, манзили ҳам кўрсатилмаган эди. Бундай ҳолларда мурожаатни кўриб чиқа олмаймиз, қидирув ўтказиш эса бизнинг ваколатимизга кирмайди. Гап маҳсулот сифати ҳақида борганлиги учун ҳам хатни «Ўзстандарт» агентлигига юбордик, лекин у ердагилар ҳам сохта тадбиркор ҳақида етарли маълумот йўқлиги учун чора кўра олишмабди.

Яна бир арзгўй – қизил гармдори тасвири туширилган пакет чиқарувчи «VIVA MASTER PLAST» МЧЖ билан ҳам шундай ҳол такрорланди. Арзгўй ўз мурожаатида бозорда унинг товар белгисини ўзлаштириб олиб, шунга ўхшаш пакетлар чиқараётган ишлаб чиқарувчи пайдо бўлганлигини айтган. Бироқ у кўрсатган манзил орқали юборган хатимиз ҳам, телефон орқали мурожаатлар ҳам қоидабузарга бориб етмади. Бу қоидабузар билан тасодифан бақамти бўлгач, дарҳол иш қўзғатдик ва у қоидабузарликларни бартараф этди.

Бугунги кунда дори воситалари билан боғлиқ қизиқ бир масалани кўриб чиқмоқдамиз. Истеъмол бозорида кардиология соҳасида қўлланиладиган иккита дорига дуч келинди. Уларнинг номи ҳар хил, бошқа-бошқа мамлакатлардан олиб келишади, нархи ҳам, ишлаб чиқарувчилари ҳам ҳар хил, лекин мутлақо бир хил идишда чиқарилаётгани учун ҳам улар ҳар қандай истеъмолчини чалғитиши мумкин. Бу дорилар Фармакология қўмитасида рўйхатдан ўтказилган, бироқ товар белгилари бизда патентланмаган, бинобарин ҳуқуқий муҳофазаси ҳам йўқ. Улар ўз мамлакатларида патентланган тақдирда ҳам ҳуқуқий муҳофазаси ўша мамлакатнинг ҳудудида амал қилади, холос. Халқаро патент бўлган тақдирда эса ҳуқуқ эгаларининг танловига кўра муҳофаза бошқа давлатларда ҳам таъмин этилиши мумкин. Агар бундай рўйхатда мамлакатимиз кўрсатилган бўлмаса, табиийки, бундай дорилар бизда ҳимоя этилмайди. Дори воситаларидан бирининг номи ўз мамлакатида патентланганини аниқладик, бу эса унинг афзал томонидир. Масала жуда мураккаб, бу ўринда ким ноинсоф рақобат йўлини тутаётганлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузаётганлигини аниқлашимиз керак.

 

РЎЙХАТГА ОЛИНГАНЛИКНИ ҲАМ БЕКОРҚИЛСА БЎЛАДИ

2012 йили қабул қилинган «Рақобат тўғрисида»ги янги Қонун Қўмитага товар белгисига патент олиш борасида қарор қабул қилиш ҳуқуқини беради (13-модда). Ишлаб чиқарувчиси рўйхатдан ўтказмаган товар белгиси бўлган янги маҳсулот бозорда пайдо бўлди дейлик. У ўз маҳсулотини ўтказиш учун каттагина маблағ киритган, натижада талаб-эҳтиёж ортиб, савдо кўлами кенгая бошлаган, корхонанинг ишлари юришиб кетган. Бироқ рўйхатдан ўтказилмаган товар белгиси ҳуқуқий муҳофаза билан таъмин этилмаган. Рақобатчи эса уни ноқонуний тарзда ўзлаштириб олиб, рўйхатдан ўтказиши ва шу марка остида товар ишлаб чиқара бошлаши мумкин. Унинг маҳсулоти сифати паст бўлган тақдирда ҳам товар белгисини «дунёга келтирган»дан бу номдан фойдаланишини тўхтатишни талаб қилиши мумкин. Товар белгисининг ҳақиқий эгаси ўз харидорларининг меҳрини қозониш учун яна анча тер тўкишига тўғри келиши айниқса ачинарлидир. Бундай хатти-ҳаракатлар Қўмита томонидан инсофсиз рақобат деб топилади. Унинг ана шундай деб топиш ҳақидаги қарори Агентлик учун товар белгиси рўйхатга олинганлигини бекор қилишга асос бўлади.

Баъзида товар белгисини рўйхатга олиш борасида низолар ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, қурилиш материаллари бозорида харидоргир бўлган полизол мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайди. Уни четдан олиб келган фирма бу номни бизда товар белгиси сифатида патентлаб олган. Ҳуқуқ эгаси бу билан бошқаларнинг мамлакатимизга полизол олиб киришига тақиқ ўрнатган ва, табиийки, талаб-эҳтиёж бўлгани ҳолда маҳсулотга бўлган таклифни чеклаб қўйган бўлиб чиқмоқда. Биз «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясига «Полизол ўзи нима?» деган савол билан мурожаат қилдик. Улардан бу қурилиш материалларининг номи деган жавоб олдик. Бироқ қонун ҳужжатларига кўра товарнинг номи патентланмайди. Ана шу масала Агентлик апелляция кенгашида бир неча марта кўриб чиқилди. Экспертлар полизол қурилиш материали номи эмаслигини ва Россияда ҳам товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлигини далиллар билан кўрсатиб бермоқдалар. Биз эса бу қурилиш материали номи деган фикрда қатъий туриб, қарорни қайта кўриб чиқишни сўрамоқдамиз. Хуллас, масала очиқ турибди ва жиддий ўрганишни тақозо этмоқда. Монополияга қарши қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан бу факт рақобатга қарши ҳаракат кўриниши ҳисобланади. Зотан у хўжалик юритувчи бир субъектга афзаллик яратиб бермоқда ва бозорни унга бир тарафлама таъсир этиш орқали торайтирмоқда.

 

ҚОИДАНИ БУЗГАН ЖАЗОСИГА ҲАМ ЧИДАЙДИ

Товар белгиларидан қонунга хилоф тарзда фойдаланишга оид мурожаатлар Қўмитанинг махсус комиссиясида кўриб чиқилади. Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2005 йилдаги 225-сон қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектнинг ҳаракатларини бошқа фаолият кўрсатиб турган шахсларга нисбатан инсофсиз деб топиш фактини аниқлагач, комиссия қарор қабул қилади. Қўмита шу қарор асосида инсофсиз рақобат тўғрисида иш қўзғатади, монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатларини тўхтатиш ва бундан кейин шундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма беради. Мабодо хўжалик юритувчи субъект қоидабузар­ликни ихтиёрий равишда бартараф этмаса, кўрсатма бажарилмаганлиги тўғрисида иш қўзғатилиб, маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Комиссия қарори ва Қўмита кўрсатмаси устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Хўжалик юритувчи субъектлар хусусий бизнесдаги ютуқларидан кимлардир ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган жабрдийдалар қаторига тушиб қолмаслик учун бугунги кунда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўрганмоқдалар. Улар ишчанлик обрў-эътиборини ҳам ҳимоя этмоқдалар. Негаки булар ўзлари учун, истеъмолчилар учун, қолаверса бутун бозор учун жуда муҳим ва керакдир.

Инсофсиз рақобатга қарши кураш борасидаги ишларнинг

аҳволидан махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК хабардор этди.

 

Прочитано: 3802 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика