Бош қомусимиз қабул қилинганидан буён ўтган давр ичида унда белгиланган устувор иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ғоялар жамиятимиз ҳаётида босқичма-босқич ўзининг амалий ифодасини топиб бормоқда. Дарҳақиқат, Конституция жамият ва давлат, қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар қайси оила ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда суҳбатдошларимиз ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Абдулҳошим ИСМОИЛОВ, «RUBBER TRAST» ХК (Андижон вилояти) раҳбари, «Ташаббус-2013» кўрик-танловининг «Энг яхши тадбиркор» номинацияси бўйича республика ғолиби:
– Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Бош қомусимизнинг 36-моддаси билан берилган ана шундай конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланиб, мен ҳам мулкдор бўлдим – «Rubber trast» хусусий корхонасини ташкил қилдим.
Корхонамизни Андижон туман ҳокимлигининг 2006 йилдаги қарорига асосан ажратилган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган тошлоқ ер майдонида ташкил этган эдик. Агар корхонамиз дастлабки фаолиятини 7 нафар ишчи билан, 2 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган бўлса, эндиликда маҳсулотлар тури 30 дан ошди, ишчилар сони эса 92 нафарга етди.
Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, бугунги кунда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган ҳар хил турдаги пойабзал маҳсулотлари, турли ўлчамдаги резина калишлар ҳамда қуйма енгил пойабзаллар, трикотаж материаллари ички ва ташқи бозорда ўз ўрни ва мавқеига эга. Бундан ташқари, «GM-O’zbekiston» ОАЖга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи корхоналарга турли хилдаги резина маҳсулотлари тайёрлаб берамиз.
Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг 60 фоиздан ортиғ экспортга йўналтирилган. Корхонамиз маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, 2011 йилда 3,5 млн АҚШ доллари, 2012 йилда эса 4,5 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилган. Корхонамиз 2012 йилда 400 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштириб, шу асосда харид қилинган технологиялар ёрдамида энг замонавий экспортбоп пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Бундан ташқари, корхонага 50 нафар коллеж битирувчиларини ишга олиш, шу билан бирга жундан юқори сифатли мато ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз.
Ўтган йилда маҳсулот сотишдан тушган соф тушум 15,9 млрд сўмни, жами ялпи фойда 3,5 млрд сўмни ташкил этди. Корхонамиз замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган. Ишчиларимиз учун барча шароитлар яратилган. Улар махсус кийим-бош билан таъминланган, бирламчи тиббиёт пункти ташкил этилган бўлиб, унда 2 нафар малакали тиббиёт ходими ишчилар саломатлигини мунтазам назорат қилиб боради. Дори-дармонлар бепул. Махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Кундалик сут маҳсулотлари, иссиқ нон ва тушлик ҳам корхона ҳисобидан берилади. Ишчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун замонавий дам олиш ва гигиена хоналари, спорт турлари билан шуғулланиш учун мўлжалланган ёпиқ спорт залини қуриб, фойдаланишга топширганмиз.
Ҳа, бугун биз нафақат шу юрт фуқароси сифатида, балки тадбиркор сифатида ҳам ўз конституциявий ҳуқуқларимизнинг рўёбини кўрмоқдамиз. Яъни Конституциямизнинг 53-моддасида яққол ифодаланганганидек, «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.»
Қолаверса мен Конституциямизнинг 54-моддасида белгиланганидек, мулкдор сифатида мулкимга ўз хоҳишимча эгалик қилаяпман, ундан фойдаланаяпман ва уни тасарруф этаяпман.
Соҳибжон ҚАҲҲОРОВ, Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, юридик фанлари номзоди, доцент:
– Конституциямиз мустақил давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий қоидалари, умуминсоний қадриятлари, инсон ҳуқуқлари, демократия ҳамда ижтимоий адолат ғояларини ўзида акс эттирувчи ҳужжат ҳисобланади. У фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб, тинч ва фаровон яшаши учун хизмат қилади.
Ҳуқуқшунос сифатида яна шуни айтишим мумкинки, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ўтказилган оламшумул ҳуқуқий ислоҳотлардан бири – ўлим жазосининг бекор қилиниши бўлди. Бу, ўз навбатида, Конституциямизнинг 24-моддаси билан «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир» дея мустаҳкамлаб қўйилди.
Конституция ва қонунлар устуворлигига эришиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, сиёсий фаоллигига боғлиқдир. Мен ҳам 2000-2004 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ҳуқуқшунослик факультети талабаларининг, 2005 йилдан шу кунгача эса Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси талаба ва тингловчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, шу аснода етук ва малакали кадрлар тайёрлашда ўз ҳиссамни қўшиб келаётганлигимни конституциявий бурчим, деб биламан. Солиқ академияси давлат солиқ органларига кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича республика илмий-методик марказ вазифасини ўтовчи олий таълим муассасаси ҳисобланади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ўқув-услубий ва бошқа фаолиятларни амалга оширади.
Акмал БОЗОРОВ, Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси «Солиқлар ва солиққа тортиш» кафедраси ўқитувчиси:
– Ҳар бир давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқнинг сиёсий донолиги ва тафаккури маҳсулидир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳам конституциявий қоидалар негизида, жаҳон тажрибаси ва солиқ солишнинг амалда синовдан ўтган ёндашув ва тамойилларини ўрганиш асосида яратилган дейиш мумкин. Конституциямизнинг 51, 78, 100, 123-моддаларида айнан солиқлар ҳақида сўз юритилган бўлиб, хусусан, 51-моддада қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи эканлиги таъкидланган, 123-моддага кўра эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона солиқ тизими амал қилади. Солиқларни жорий қилишга фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳақлидир.
Ўз навбатида, Солиқ кодекси солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи барча меъёр ва қоидаларни мужассамлаштирган тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат ҳисобланади. Унда жумладан, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилиши билан бирга солиқ солишнинг мажбурийлиги, аниқлиги, адолатлилиги, ягоналиги, шунингдек солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси тамойиллари ўз ифодасини топган.
Менинг Сурхондарёдек олис бир вилоятдан келиб, аввал Тошкент солиқ коллежида, сўнгра Солиқ академиясининг бакалавр ва магистр босқичларида таҳсил олишга муяссар бўлганлигим ҳам Асосий қомусимизнинг 41-моддасида эътироф этилганидек, фуқароларнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатланганлигидан далолат беради.
Ҳозирги кунда ўзим ҳам талабаларга дарс бераяпман. Академиямизда таълим олаётган бўлғуси солиқчиларга солиққа оид ва бошқа фанлар билан бир қаторда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганамиз» махсус курси ҳам ўтилади.
«СБХ» мухбири
Гулбаҳор САТТОРОВА тайёрлади.