Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 46 / Қўшнилар тажрибаси

Қозоғистон: Норезидентларнинг даромадларига солиқ солиш

Ўзбекистон резиденти бўлган компаниямиз ишлаб чиқаришимиз учун қозоғистонлик хом ашё етказиб берувчига қарз бериш имкониятига эга. Алматидаги масъулияти чекланган ширкати (МЧШ) бизга қарз бўйича мўмай фоизларни таклиф этяпти.

Ушбу даромадга Қозоғистонда қандай солиқ солинади?

Р.Рўзметов.

Газетхонимиз саволига жавобни Қозоғистон матбуотидан топдик.

Қозоғистон Республикасининг Солиқ кодексида (ҚР СК) мамлакат норезидентлари ҳисобланган юридик ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш тартиби деталлаштирилган, у даромадларга солиқ солишнинг халқаро қоидасига мувофиқ келади. Қозоғистон компанияларида қарз олиш билан боғлиқ норезидентлар билан тузиладиган битимлар чоғида вужудга келадиган солиқ солишнинг баъзи масалаларини кўриб чиқамиз.

 

Қозоғистон компанияси норезидент хорижий компания билан қарз шартномаси тузишни режалаштиряпти. Уни тузиш чоғида норезидент даромадларидан тўлов манбаида ушланадиган корпоратив даромад солиғини тўлаш зарурати юзага келади. Агар норезидент Қозоғистон ҳудудида филиал ва ваколатхоналарга эга бўлмаса, ким унинг тўловчиси ҳисобланади?

– ҚР СК 192-моддаси 1-бандининг 10-кичик бандига кўра резидентдан тақдирловлар (фоизлар) шак­лида олинадиган даромадлар Қозоғистондаги манбалардан норезидентнинг даромадлари деб эътироф этилади. ҚР СК 193-моддасининг 1-бандига кўра Қозоғистонда фаолиятни доимий муассасани ташкил этмасдан амалга оширадиган норезидентнинг даромадларига тўлов манбаида 15%лик ставкада, чегирмаларни амалга оширмасдан, корпоратив даромад солиғи солинади.

Шу муносабат билан норезидент тақдим этган қарз учун тақдирлов (фоизлар) унинг ҚРдаги манбалардан даромади ҳисобланади, унга МЧШ – тўлов манбаида 15%лик ставкада солиқ солиниши керак. Тегишинча, бундай даромадлардан корпоратив даромад солиғи тўловчиси норезидент ҳисобланади. Бироқ уни ҳисоблаб чиқариш, ушлаш ва бюджетга ўтказиш мажбурияти ҚР СК 193-моддасининг 3-бандига асосан норезидентга даромад тўлайдиган ва солиқ агенти деб эътироф этилган юридик шахс, мазкур ҳолда МЧШ зиммасига юкланади.

 

Қозоғистон МЧШ норезидент компания резиденти бўлган давлат билан тузилган Иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенция (бундан кейин – Солиқ конвенцияси) қоидаларига мувофиқ Қозоғистонда норезидентга тақдирлов (фоизлар) тўлаш чоғида даромад манбаида корпоратив даромад солиғини ушламаслиги мумкинми?

– Солиқ конвенциясининг қоидаларида норезидентнинг Қозоғистонда тақдирловлар (фоизлар) тарзида олинган даромадларини тўлиқ озод қилиш ҳуқуқи назарда тутилмайди. Солиқ конвенциясининг 11-моддаси 2-бандига кўра Қозоғистонга норезидентнинг тақдирловлар ­(фоизлар) тарзидаги даромадларига, агар бундай норезидент уларнинг ҳақиқатдаги эгаси ҳисобланса, яъни даромадларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлса ва уларга нисбатан воситачи ҳисобланмаса, пасайтирилган ставка – 10% бўйича солиқ солиш ҳуқуқи берилган.

Солиқ конвенциясининг қоидалари МЧШга солиқ агенти сифатида унинг ҚР СК 219-моддаси 4 ва 5-бандларининг талабларига мувофиқ келадиган резидентлигини тасдиқлайдиган, норезидент тақдим этган ҳужжатга асосан тақдирловлар (фоизлар) тўлаш чоғида пасайтирилган ставкани мустақил қўллаш имконини беради. Бундай ҳужжатни норезидент қуйидаги саналардан қай бири биринчи бошланса, ўша санадан кечиктирмай тақдим этиши керак (ҚР СК 212-моддасининг 3-банди):

1) норезидентга даромад тўланган ёки норезидентнинг тўланмаган даромадлари чегирмаларга киритилган календарь йилнинг 31 декабри;

2) календарь йилда тугайдиган, тўлов манбаида корпоратив даромад солиғи бўйича солиқ мажбуриятининг ижроси текшириладиган, норезидентга даромад тўланган чоракнинг режали солиқ текшируви бошланиши;

3) календарь йилда тугалланадиган, тўлов манбаида солиқ мажбуриятини бажариш масаласи бўйича солиқ текшируви ўтказиладиган, норезидентга даромад тўланган чоракнинг режадан ташқари солиқ текшируви якунланишига кўпи билан 5 иш куни қолганда. Текширувни якунлаш санаси кўрсатмага мувофиқ белгиланади.

Шу тариқа, қарз шартномаси бўйича норезидентга тақдирлов (фоизлар) тўлаш чоғида МЧШ норезидентнинг резидентлигини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида 5% миқдорида пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли, бироқ бундай даромадларни солиқ солишдан тўлиқ озод эта олмайди.

Норезидентнинг резидентлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни расмийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. У норезидент ҳужжатда кўрсатилган вақт мобайнида ёки у берилган календарь йил давомида Қозоғистон Солиқ конвенциясини тузган давлатнинг резиденти эканлигини тасдиқлаши керак.

Ҳужжат норезидент унинг резиденти ҳисобланган хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланиши керак. Агар ушбу мамлакат апостил қўйиш йўли билан консуллик ёки дипломатик легаллаштириш талабини бекор қиладиган Конвенцияга ­(Гаага, 5.10.1961 йил) қўшилган бўлса, ҳужжат апостиллаштирилиши керак. Резидентликни тасдиқлайдиган ҳужжатнинг нотариал шаҳодатланган нусхаси тақдим этилган тақдирда, норезидентнинг резидентлигини тасдиқлаган органнинг имзо ва муҳридан ташқари, хорижий нотариуснинг имзо ва муҳри ҳам апостиллаштирилиши керак.

Тўлов манбаида ушланадиган корпоратив даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботида МЧШ норезидентга ҳисобланган (тўланган) даромад суммалари ҳамда Солиқ конвенцияси қоидаларига асосан ушланган солиқлар, ушлашдан озод қилинган солиқлар суммаларини, КДС ставкалари ва Солиқ конвенцияси номини кўрсатиши шарт. Солиқ ҳисоботи билан бирга МЧШ норезидентнинг резидентлигини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхасини ҚР СК 2121-моддасининг 3-банди билан белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этиши шарт.

«Бизнес. Life» журналининг

2013 йил 9 (75)-сонидаги материалларидан.

Прочитано: 2220 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика