Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 47 / Бухгалтерга ёрдам

Моддий ёрдам: уни кимга беришни директор ҳал қилади

Ҳаммамиз иссиқ жонмиз. Ҳар биримизда ҳам маънавий ва моддий кўмакка зарурат туғиладиган вазиятлар юз бериб туради. Табиийки, масаланинг маънавий томони ҳақида сўзлаганимизда биз яқин кишиларимиз ҳақида ўйлаймиз. Агар муаммони ҳал этиш учун пул керак бўлса, биринчи навбатда хаёлимизга ишхона келади. Яъни бу борадаги умидимиз ўз ишхонамиздан бўлади, шунинг учун ариза кўтарган ҳолда раҳбар ҳузурига моддий ёрдам сўраб йўл оламиз.

Мақоламизда биз мақсадимизга эришиш учун раҳбариятга самарали таъсир кўрсатиш дастакларини очиб бермаймиз, балки моддий ёрдамни классификациялаш ва бундай тўловларнинг жисмоний шахсларга солиқ солишга таъсирини баҳолаш имконини берадиган Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мурожаат қиламиз.

 

Моддий ёрдам Солиқ кодексига (бундан кейин – СК) кўра жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадларига киради (СКнинг 179-моддаси). У ёки бу ходимга моддий ёрдам ажратиш тўғрисида қарор фақат хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари томонидан қабул қилинади. Ижобий ёки салбий қарор қабул қилиш учун шароит корхонанинг умумий молиявий ҳолати ва бошқа объектив омилларга боғлиқ бўлади. Шу сабабли ходимлар уларнинг аризалари кўриб чиқилганидан кейин қабул қилинган ҳар қандай қарорни тўғри тушунишлари лозим.

Моддий ёрдамнинг қуйидаги турларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди (СКнинг 176-178-моддаларида кўрсатилган даромадларга ягона жисмоний тўлов (ЯИТ) ва ижтимоий бадаллар ҳисобланмайди):

√ фавқулодда ҳолатлар муносабати билан – тўлиқ. Бироқ фавқулодда ҳолатларнинг ўзи нима? Улар – тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган, табиат ҳодисалари (зилзила, кўчкилар, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар), бошқа табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (уруш ҳолати, қамал ҳолати, давлат манфаатларини кўзлаб импортни ҳамда экспортни тақиқлаш ва бошқалар) келтириб чиқарган муайян шароитлардаги фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар бўлиб, қабул қилинган мажбуриятлар шулар туфайли бажарила олмайди (СКнинг 22-моддаси);

√ вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила ­аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар – ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда (2014 йил 1 апрелгача – ЭКИҲнинг 20 бараваригача миқдорда). Бунда оила аъзолари деб кимлар тушунилади? Улар эр, хотин, ота-она ёки фарзандликка олувчилар ва болалар, шу жумладан фарзандликка олинган болалар;

√ бошқа ҳолларда – солиқ даври учун ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда.

Охирги банд кўплаб ихтилоф ва баҳсларни келтириб чиқаради. «Бошқа ҳоллар» тушунчасига нималар киради? Буни қандай қилиб тўғри классификациялаш мумкин? Айни ана шу бошқа ҳол бошланганини қандай қилиб белгилаш мумкин? Аслида бошқа ҳолларга дастлабки икки бандда саналмаган ҳоллар киради. Улар турли хил бўлиши мумкин: масалан, фарзанд туғилиши, тўй, таъмирлаш, бошқа ерга кўчиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини харид қилиш, даволаниш ва бошқалар. Бундай ҳолларга СК 178-моддасининг 16-банди аниқлик киритади, унга кўра моддий ёрдам тариқасидаги тўловларга:

вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар;

ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;

фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўловлар;

мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган ҳамда бажариладиган иш натижаларига боғлиқ бўлмаган тўловлар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар киради.

Амалиётдан бир нечта вазиятни келтирамиз.

 

1-ВАЗИЯТ. «МЧЖ» йирик корхонаси. Жамоа шартномаси тузилмаган. Буйраги оғриган ходим моддий ёрдам сўради. Бунда иш вақтида амбулатория тарзида даволанилган. Ходим тегишли ташхис кўрсатилган маълумотномани тақдим этди.

Савол: унга моддий ёрдам бериш керакми ёки йўқ?

 

Ушбу вазият – корхонанинг меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш билан боғлиқ барча зарурий шартлар кўрсатилиши керак бўлган жамоа шартномасига эга бўлиши албатта кераклигига яққол мисолдир. Хусусан, агар гап моддий ёрдам тўғрисида кетса, жамоа шартномасига қуйидагиларни киритиш мумкин.

Моддий ёрдам кўрсатишнинг бошқа ҳоллари бу:

√ турли касалликларни стационар ва амбулаторияда даволаш муносабати билан корхона ходимларига моддий ёрдам. Қуйидагилар ёрдам олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжатлардир:

● туман поликлиникасининг ташхис кўрсатилган маълумотномаси;

● харид қилинган, дорихона муҳри босилган дори воситаларининг рецепти (ёки унинг нусхаси);

● вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси (агар ходим касаллик варақаси олган бўлса).

Жамоа шартномаси бўлмаган тақдирда, нима қилиш керак? Ушбу ҳолда масаланинг ечими корхона раҳбарига боғлиқ бўлади. Раҳбар аризага резолюция қўяди, буйруқ чиқаради ва буйруққа асосан бухгалтерия банкдан пул олади ва моддий ёрдамни беради.

 

2-ВАЗИЯТ. «ххх» корхонасида бола туғилиши муносабати билан моддий ёрдам бериш амал қилади (давлат кафолатлаган ЭКИҲнинг 2 баравари миқдоридаги белгиланган нафақадан ташқари).

Бухгалтер саволлар туғилиши мумкин:

ходим аризани қандай қилиб тўғри ёзиши мумкин;

моддий ёрдам беришнинг мазкур ҳолати СК 179-моддасининг «солиқ солинмайдиган моддий ёрдам тўлашнинг бошқа ҳоллари» имтиёзли кичик бандига кирадими?

Шубҳасиз, киради. Чунки:

1) мақсадли тусга эга;

2) ходим билан юз берган воқеа тақозо этган;

3) бажариладиган иш тоифалари билан боғланмаган.

Бироқ ҳаётда тез-тез учрайдиган ушбу ҳолни ҳам жамоа шартномасида қайд этиш мумкин.

Моддий ёрдам кўрсатишнинг бошқа ҳолларига:

√ болаларнинг туғилиши муносабати билан корхона ходимларига моддий ёрдам киради.

Уни олиш учун асос бўладиган ҳужжат – бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.

Эҳтимол, кимдир ҳужжатлар рўйхатига эр-хотин никоҳи тўғрисидаги гувоҳнома ва паспортлар нусхаларини қўшишни хоҳлар. Фикримизча, энг зарур ҳужжат – бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ундан боланинг корхона ходимига қариндошлик муносабатини аниқлаш мумкин.

 

3-ВАЗИЯТ. Бу ерда кишиларнинг ҳаётидаги тўй, таъмирлаш (уй, квартира, дала ҳовли иморатини), шахсий автомобилнинг бузилиши сингари воқеаларни ёритишни хоҳлардик. Ана шу мақсадларда ҳам корхона моддий ёрдам беришга ҳақли – сабаб худди 2-вазиятдагидек: мақсадлилик, воқеанинг шахсий тусдалиги ва юз берганлиги. Шундай бўлса-да, ушбу ҳолларни жамоа шартномасига киритган маъқул.

 

Моддий ёрдам кўрсатишнинг бошқа ҳолларига:

√ шахсий тусдаги қуйидаги ҳоллар, воқеалар ва тадбирлар муносабати билан корхона ходимларига моддий ёрдам:

● оила аъзоларининг тўйи;

● корхона ходимларининг кўчмас мулкини таъмирлаш;

● суғурта ташкилотлари компенсацияланмайдиган, қиймат ифодасида ЭКИҲнинг 5 бараваридан кўп зарар етказган авария ҳолларида кўчар мулкни таъмирлаш киради.

Кўчмас мулкни таъмирлаш ҳолатида мол-мулкка эгаликни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилиши зарурлигини кўрсатиш мумкин. Автомобиль борасида таъмирлаш ва автомобиль эҳтиёт қисмларини алмаштириш бўйича баҳолаш ишлари нусхасини, шунингдек жисмоний шахснинг суғурта ташкилотига зарарни қоплаш тўғрисидаги талабномаси ва сабабларини кўрсатган ҳолда қоплаш рад этилганлиги хатини сўраб олиш мақсадга мувофиқдир. Оила аъзоларининг тўйига келсак, никоҳни рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг нусхаси етарли, унинг ёрдамида қариндошлик даражасини белгилаш мумкин.

Ҳар қандай ҳолда жамоа шартномасининг мазкур қоидасини ҳужжатлар рўйхати билан тўлдириш зарур, улар саналган воқеаларнинг ҳар бирида моддий ёрдам тўлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса чиқарамиз. Моддий ёрдамни уни сўраган ҳар бир ходимга бериш мумкин. Уни бериш-бермасликни фақат бундай ваколатларга эга бўлган раҳбар ҳал қилади. Ходимларга моддий ёрдам бериш жараёнини соддалаштириш учун жамоа шартномасида ходим уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча ҳолларни қайд этган маъқул. Бу корхона маъмурияти ўз ходимларига нисбатан олиб бораётган сиёсатининг очиқ-ошкор бўлишини таъминлайди, ҳар бир ходимга у корхонадан моддий кўмак сўраганда нимага, қандай ҳолда ва қандай миқдорда ёрдам олишни билиш имкониятини беради ва, охир-оқибатда, умуман жамоадаги бир-бирини тушуниш ва ўзаро муносабатларни яхшилайди.

 

Лидия СТЕПАНОВА,

«Rastax Group» МЧЖ СМТ.

Прочитано: 4254 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика