Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 37 / Солиқ солиш амалиёти

Устав капиталига кўчмас мулкнинг қўйилиши: кўп учрайдиган хатолар

Аудиторлик ва солиқ амалиётимизда асосий воситалар ва бошқа активларни устав капиталига ҳисса сифатида киритишда кўп хатоларга йўл қўйилади, бу эса молиявий натижалар бузиб кўрсатилишига, ҳуқуқий ва солиқ хатарларига олиб келиши мумкин.

 

Бир мақола доирасида бундай ҳодисаларнинг ҳаммасини санаш ва очиб бериш мушкул, бироқ уларнинг баъзиларини кўрсатиб ўтишимиз мумкин:

● фойдаланишга тайёр бўлган ёки таъмирни (модернизациялаш, реконструкциялаш ва бошқаларни) талаб қиладиган, бироқ амалда фойдаланилмайдиган бинолар, ускуналар ва бошқа асосий воситаларни кирим қилиш ва бевосита асосий воситалар ҳисобварағида акс эттириш, шунингдек улар бўйича амортизацияни ҳисоблаб ёзиш;

● келиб тушган асосий воситаларни ўз вақтида ҳисобга қўймаслик;

● асосий воситаларни қабул қилиш ва топшириш билан боғлиқ бирламчи ҳужжатларни нотўғри расмийлаштириш;

● кўчмас мулк кадастри органларида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик. Бу ҳол етарлича кўп учрайдиган ҳуқуқбузарлик бўлиб, турли солиқ ва ҳуқуқий хатарларга олиб келади.

Бундан ташқари:

● бинони устав фондига киритишга тўсқинлик қиладиган бирор-бир унга доир ҳуқуқлар ёки тўсиқлар (гаров, лизинг ва ҳоказо) бор-йўқлигини аниқлаш муҳим;

● агар бино тўлиқ ёки қисман давлатга тегишли бўлса, устав фондига топширишда «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун (19.11.1991 йилдаги 425-XII-сон) ва хусусийлаштириш тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларининг меъёрларига риоя этилишини таъминлаш муҳимдир. Шу жумладан мол-мулкни белгиланган тартибда баҳолаш лозим, чунки кейинчалик баҳоси пасайтирилса, улуш қиймати ўзгариши ва фоиз нисбати қайта тақсимланиши, яъни амалда назорат пакетига қадар активларга бўлган мулк ҳуқуқлари қайта тақсимланиши мумкин. Имконият бўлганда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертиза қилиш, шу жумладан дала экспертизасини (жойига чиқиб амалда текширган ҳолда) ўтказиш мақсадга мувофиқдир, уни Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш тартиби ҳақида низомга1 мувофиқ ўтказиш мумкин;

● шунингдек бинода ёки унга туташган ҳудудда жойлашган, берилаётган барча мол-мулкни аниқ идентификациялаш муҳим, чунки бирор-бир алоҳида актив (иморат, иншоот, ускуна ва ҳоказо) устав фондига киритиш чоғида «унутилса», МЧЖ эса амалда даромад олган ҳолда ундан фойдаланса ва унга эгалик қилса, кейинчалик мазкур актив топилиши ва устав фондига бозор қиймати бўйича қўшимча равишда «киритилиши» ёки муайян оқибатларга олиб келган ҳолда тегишли зарар ҳисобланиши мумкин;

● баъзан асосий воситалар объектлари тегишли тарзда фойдаланишга киритилмайди ва у бошланган санани белгилаш мақсадида фойдаланишга киритиш далолатномалари расмийлаштирилмайди.

Шунингдек қуйидаги ҳоллар учрайди:

● устав капиталига топширишга қадар қайта баҳолашни номунтазам ёки нотўғри ўтказиш;

● бухгалтерия ҳисобида мол-мулкни устав капиталига ҳисса сифатида қабул қилиш ва топшириш операцияларини нотўғри акс эттириш;

● устав фондига ҳисса сифатида олинган бинолар ёки ускуналарни лизингга бериш. Бундай операция «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг (14.04.1999 йилдаги 756-I-сон) 2, 14-моддаларига зид, чунки мол-мулк учинчи шахсдан (сотувчидан) олди-сотди шартномаси бўйича олиниши керак.

● Бинога бўлган мулк ҳуқуқлари топширилиши тарихи ғоятда муҳим ҳолатдир, зеро аввалги мулкдорлар ёки учинчи шахслар бирор-бир асосларга кўра муайян эътирозларни изҳор этишлари эҳтимоли мавжуд. Мисол учун, фирма илгари қарз ёки кредит бўйича қарзга эга бўлган ёки банкротлик таомилидан ўтмоқда. Кўрсатилган жараёнлар доирасида бино аввалги мулкдордан бегоналаштирилишининг қонунийлигини аниқлаш эҳтимоли бор. Айниқса бино илгари хусусийлаштирилган, яъни қачонлардир давлатдан олинган бўлса. Баъзи бир ҳолларда, ҳатто МЧЖ тўғри йўл билан сотиб олган бўлса ҳам, бироқ бино 2012 йил 25 сентябргача – «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (24.09.2012 йилдаги ЎРҚ-336-сон) кучга киришига қадар хусусийлаштирилган бўлса, «оралиқ» мулкдорлар сонидан қатъи назар, бинони охирги мулкдордан давлат фойдасига «олиб қўйиш» хатари қолади. Кўрсатилган Қонуннинг 24-моддасини қўллаш масаласи тўғрисида биз «Мулкдор ҳуқуқларининг устуворликлари» мақоласида сўз юритган эдик («СБХ»нинг 8.11.2012 йилдаги 45 (953)-сони).

● Бино ёки бошқа активни давлатдан олаётганда олди-сотди шартномасида назарда тутилган инвестиция мажбуриятларининг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги бошқа бир жиддий ҳуқуқбузарликдир. Бундай ҳуқуқбузарликларга инвестиция мажбуриятлари бажарилишини кечиктириш, активнинг олди-сотди шартномасига ўзгартиришларни киритмасдан мажбуриятларни бажариш шаклининг олувчи томонидан бир томонлама ўзгартирилиши (мисол учун, пулда валюта маблағларини киритиш назарда тутилган, амалда эса хом ашё оширилган нархларда етказиб берилган ёки биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатасида очилган ҳисобварақдан миллий валютадаги сумма ўтказилган), инвестиция мажбуриятларининг (пул маблағларини ўтказишнинг) учинчи шахс томонидан бажарилишини киритиш мумкин. Ёки реконструкция (модернизация) ўтказилган, ҳужжатлар эса нотўғри расмийлаштирилган ёхуд инвестор билан ишларни амалга оширган учинчи шахсларнинг ҳужжатли алоқадорлиги мавжуд эмас ёки белгиланмаган ва шу сингари бошқа кўплаб ҳуқуқбузарликлар учрайди.

Инвестиция мажбуриятларини бажариш чоғидаги баъзи ўзига хос хусусиятлар ва хатарлар тўғрисида биз «Мажбуриятларсиз, бироқ оқибатлари билан» («СБХ»нинг 18.06.2013 йилдаги 24 (984-сони) мақоласида ҳам сўз юритган эдик.

Ҳозирги вақтда инвестиция мажбуриятлари ва давлат активларини харид қилишга доир шартномалар шартларининг бажарилиши тартиби ва назорат қилиниши Давлат активлари олди-сотди шартномалари шартларининг харидорлар томонидан бажарилишини назорат қилиш тартиби тўғрисида низом2 билан белгиланган.

● Амалиётда умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича эр (хотин)нинг розилигини нотариал тартибда расмийлаштириш назарда тутилган Оила кодексининг 23, 24-моддалари асосида устав фондини шакллантириш хусусида умумий биргаликдаги эгаликда бўлган мол-мулк (бино) устав фондига киритилиши чоғида низо юзага келган ҳоллар ҳам бўлган. Шу тариқа, бундай розилик ёки эр (хотин)нинг бошқа усул билан аниқ ифодаланган розилиги бўлмаса (ҳатто бошқа активлар киритилган бўлса ҳам), МЧЖ устав фонди тўғри шакллантирилганлиги масаласи юзасидан хатар остида бўлади.

● Устав фондининг миқдори ёки уни шакллантириш усули бирор-бир мақомни (мисол учун, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ёки инвестор – эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини) беришни, имтиёз ёки преференциялар, муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига рухсатнома (лицензия) олишни тақозо этганда, у тўғри шакллантирилганлиги масаласи назорат қилувчи органлар томонидан текширилганида қизиқарли ҳоллар учрайди.

● Лицензия олиш санасида фақат бинони ёки нотурар (турар) жойни қабул қилиш-топшириш далолатномаси мавжуд бўлиб, бинога бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолларда улгуржи савдо билан шуғулланадиган корхоналарнинг устав фонди тўғри шакллантирилганлиги хусусидаги низолар ҳам кўп юзага келади. Шу тариқа, давлат томонидан ваколат берилган органлар лицензия олиш санасида устав фонди миқдорини ЭКИҲнинг 3 500 баравари суммасида мажбурий тарзда шакллантириш хусусида низолашишга уриниб кўришлари мумкин.

● Бошқа бир ҳол: хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикасига инвестицияларнинг муай­ян миқдори ҳисобига солиқ ва (ёки) божхона имтиёзларини олади. Бундай вазиятларда устав капиталининг шакллантирилиши одатда ўта синчковлик билан текширилади. Мисол учун, пул маблағларини инвесторнинг ўзи эмас, балки инвестор билан ягона бренд остида бир холдингга кирадиган аффилланган (боғланган) компания ўтказган. Пул маблағлари ёки ускуналар ўрнига хизматлар, кафилликлар ёки бирор-бир ҳуқуқлар (активлардан фойдаланиш, интеллектуал мулк ва ҳоказо) билан инвестициялашда кўп вазиятлар юзага келарди, зеро улар нафақат шартномалар (улардан ҳам керакли «баҳоналар» топиш мумкин) ва ишлар бажарилиши ёхуд топширилиши тўғрисида далолатномаларнинг борлигини, балки уларнинг реаллиги ҳамда корхонани барпо этишнинг ишбилармонлик мақсадидан келиб чиқиб асосланганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар кўринишидаги далил-исботларни ҳам талаб қилади.

Кейинчалик мазкур ва бошқа хатолар муассислар (иштирокчилар) улушлари нисбатининг ўзгаришига, имтиёз ёки преференцияларнинг бекор қилинишига, асосий воситалар қолдиқ қиймати, амортизация ажратмалари суммаси, мол-мулк, фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган база нотўғри белгиланишига олиб келиши мумкин, бу эса ўз навбатида, молиявий ва солиқ ҳисоботларининг ҳаққонийлигига таъсир кўрсатади.

Санаб ўтилган вазиятлар ва хатолар эҳтимолий барча ҳолатларнинг кичик қисмини ташкил этади, кейинги мақолаларда ҳамда устав капиталини ва инвестиция мажбуриятларини шакллантириш масалалари бўйича «NORMA» компанияси билан биргаликда махсус тайёрланган семинарда биз уларни янада батафсил ва кенг қамровда кўриб чиқишни мўлжаллаяпмиз.

 

P.S.

Муаллиф мазкур масалани тадқиқ қилиш давомида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни синчиклаб ўрганганлигига эътибор қаратиш лозим. Жавоб муаллифнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб билдирган профессионал фикрини ифодалайди.

Ушбу материалда баён этилган фикр масалаларни қўшимча ўрганиш ва чуқурроқ муҳокама этиш учун имконият қолдиради. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муайян вазиятда қўллашдан олдин уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш ва вазиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ мақбул тарзда ҳал этиш учун профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

1ВМнинг 28.07.2008 йилдаги 161-сон Қарорига 1-илова.

2ВМнинг 29.01.2009 йилдаги 27-сон Қарорига 3-илова.

 

Охири. Боши 9.09.2014 йилдаги 36 (1048)-сонда.


Бобур АРТУКМЕТОВ,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялари гуруҳининг солиқ амалиёти бўйича мутахассиси. 

Прочитано: 1174 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика