Корхонада 3 000 нафардан ортиқ киши ишлайди, Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ улардан биз пул ушлашимиз ва уни коммунал хизматларнинг ҳисобрақамларига ўтказишимиз керак. Бунда ходимлар коммунал ташкилот реквизитларини кўрсатишлари керак. Фикримизча, шакл ва муддатлари, тўлов реквизитлари тўғрисидаги шартларни қайд этган ҳолда коммунал тўловларни ушлаш ва ўтказишга шартнома тузиш лозим. Коммунал хизмат бундан бўйин товлаб, Низомда ҳаммаси қайд этилган, шартнома тузиш керак эмас дея важ қилмоқда, ҳолбуки Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомда айтилишича, шартномада реквизитлар ва ҳисоб-китоб қилиш усуллари кўрсатилиши керак.
Коммунал тўловларни иш ҳақидан ушлаш ва ўтказишга шартнома тузиш керакми?
Олия, бухгалтер.
– Йўқ, шартнома тузиш керак эмас.
Мазкур масалада Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – 1031-сон Низом) қатъий амал қилиш керак.
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг2 4-бандига мувофиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоблар шакли ва ҳисоб-китоб ҳужжатларининг тури маблағларни тўловчи ва маблағларни олувчи ўртасида тузиладиган шартномага (битимга) мувофиқ белгиланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
1031-сон Низомнинг 2-бандида назарда тутилишича, корхона ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун тўловни белгиланган тартибда иш ҳақидан ушланма кўринишида қабул қилиб, кейин ходимларнинг ёзма аризаси асосида коммунал хизматлар кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар ҳисобварағига ушбу маблағларни ўтказади.
1031-сон Низомнинг 5-бандига мувофиқ эса, корхона коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланган маблағларни тўлов топшириқномаси билан коммунал хизматлар кўрсатадиган корхона ва ташкилотларнинг ҳисобварақларига ўтказади. Тўлов топшириқномасининг «Тўлов деталлари» бўлимида «Ходимларнинг иш ҳақидан коммунал тўловлар ушланиши» кўрсатилиши лозим. Бунда тўлов топшириқномасига ходим (ходимлар)нинг фамилия ва инициали, уларнинг яшаш жойи, коммунал хизматлар тури кўрсатилган реестр илова қилинади.
1МБ ва МВнинг АВ томонидан 15.05.2001 йилда 1031-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Абдураҳмон БАХТИЕВ,
эксперт-юристимиз.