Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 12 / Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик

Бизнес энди интернет орқали рўйхатга олинади

Тадбиркор бўлишни истайсизми? Ўз уйингизда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишингиз ва фаолият бошлашингиз мумкин.

 

Бунинг учун Интернет тармоғи орқали www.id.uz ягона идентификация тизимига «ташриф буюрасиз». Бу ерда шахсингизга оид керакли маълумотларни киритиш орқали логин ва паролга эга бўласиз. Шу логин ва пароль орқали www.my.gov.uz ягона интерфаол давлат хизматлари порталига кирасиз. Ундан тадбиркорликка оид бўлимни топиб, «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш» тизимига ўтасиз. Шу ерда шахсингиз, фаолиятингизга оид маълумотлар талаб қилинган саҳифани тўлдириб, уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайсиз. Қарабсизки, икки кундан сўнг сизга Интернет орқали тадбиркорлик фаолияти юритиш ҳуқуқини берувчи электрон кўринишдаги гувоҳнома келади ва сиз тадбиркорга айланасиз.

Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам кичик корхонани рўйхатдан ўтказиш учун бир неча идорага мурожаат қилиш ва кўплаб ҳужжат тақдим этиш талаб қилинарди. Тадбиркор ҳали иш бошламасдан туриб қанча вақт йўқотишга, кўплаб сарф-харажатлар қилишга мажбур эди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, айниқса, янги иш бошлаётган тадбиркорларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор туфайли соҳада изчил ўзгаришлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида таъкидланганидек, Ўзбекистон бизнесни рўйхатга олиш шартлари бўйича жаҳон миқёсида 66 позиция юқорига кўтарилиб, рейтинг ўтказилган 189 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади.

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг энг қисқа ва соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Бунга кўпи билан икки иш куни кетади, холос. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 12 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори хусусий бизнесни ривожлантириш борасида янги, янада кенг имкониятлар очди. Мазкур қарор билан тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш ва харажатларини камайтириш бўйича қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, кичик корхоналарга солиқ, божхона тўловлари бўйича енгилликлар берилди, айрим нотариал чиқимлар бекор қилинди. Тақдим этиладиган ҳисоботлар сони ҳам кескин камайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган шахслар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш юзасидан Интернет тармоғи орқали ҳам мурожаат қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга доир қонунчиликка қатъий риоя этилиши адлия идораларининг доимий эътиборида. Бу борада тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи инспекциялар фаолияти доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилаётир.

Масалан, тадбиркорлик субъектларига муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома бериш тартиби бекор қилинган бўлса-да, айрим инспекцияларда ушбу талабга риоя этилмаётгани кузатилган. Хусусан, Учтепа тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан «Platinum paper» масъулияти чекланган жамиятига муҳр ва штамп ясатишга рухсатнома берилган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия бошқармаси томонидан судга киритилган даъво аризасига асосан инспекция раҳбаридан жамият фойдасига маънавий зарар ундирилди.

Тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтгунга қадар устав жамғармасининг маълум миқдорини шакллантириш бекор қилинган бўлса-да, айрим вилоятларда буни талаб қилиш ҳоллари учраган. Жумладан, «Sanremony texnologi» хорижий сармоя иштирокидаги корхонани рўйхатга олишда ундан устав жамғармасининг бир қисми шакллантирилганлиги тўғрисида «Трастбанк» хусусий очиқ акциядорлик биржа банки Самарқанд шаҳар филиалининг маълумоти талаб қилиб олинган. Ушбу ҳолат юзасидан адлия органи томонидан киритилган тақдимномага асосан айбдор шахсга интизомий жазо қўлланилган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектлари манфаатлари доимо давлатимиз, жамиятимиз ва қонун ҳимоясида. Ушбу мақсадда яратилган шарт-шароит ва қонунчилик асослари халқаро талабларга тўла мос келиши билан бирга, бу борада мамлакатимиз эришаётган ютуқлар жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам тан олинаётгани қувонарлидир.

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1111 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика