Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 12 / Байрамингиз билан!

Тўй: бахт-саодатли бўлинглар!

Наврўз – «янги кун» демак. Анъанага кўра байрам вақтида эзгу ишлар қилиш лозим. Ҳеч ким билан жанжаллашмаслик, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш керак. Ушбу байрам айниқса оила қурмоқчи бўлган ёшлар ўртасида жуда машҳур. «Наврўз» никоҳ уйи мудираси Барно РЎЗИЕВАнинг айтишича, пойтахтимизда янги оилалар қурилиши кутиляпти: 170 нафардан зиёд тошкентлик келин-куёв никоҳларини қайд этиш учун шу ерга ариза беришган.

 

– Барно Тошпўлатовна, Наврўз байрами вақтидаги никоҳ маросими одатдаги маросимлардан фарқ қиладими?

– Албатта, у одатдаги кунлардагидан танта­налироқ ўтади. Анъанавий қутлов сўзларидан ташқари, биз ёшларни нурафшон байрам – янги йил, янги ҳаётнинг бошланиши билан табриклаймиз. Зални алоҳида тарзда безаймиз, албатта кўп гул қўямиз. Тантанали муҳит ҳукм суради: одамлар Наврўз арафасида турмуш қуриш оилаларига бахт-саодат ва фаровонлик олиб келишига астойдил ишонадилар.

– Никоҳ уйингиз қандай қилиб «Наврўз» деб номланган?

– Бу кўпроқ мажмуанинг тарихи билан боғлиқ. Мажмуа 1983 йилда қурилган, 1991 йил 21 мартда эса фойдаланишга топширилган. Илгари Никоҳ уйимиз Бахт уйи деб аталиб, бошқа жойда жойлашган эди. Ўша йили у мажмуа биносига «кўчиб келди», шундан буён «Наврўз» никоҳ уйи деб аталади.

– Мамлакатимизда ёшларга алоҳида ­эътибор берилади. Янги турмуш қурганлар бирор-бир имтиёзлардан фойдаланадиларми?

– Жуда муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Президентимизнинг «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон) ва Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли асосда кредитлар бериш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 18.07.2007 йилда 1697-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан 30 ёшгача биринчи марта никоҳланган ёш эр-хотинларга кредитлар бериляпти. Бу вазифа амалга оширилиши мақсадида биз бундай оилаларга имтиёзли кредитлар олиш учун маълумотномалар берамиз.

– Вақт бир жойда турмайди, унинг ўтишига қараб муайян ўзгартиришлар киритилади, қонун ҳужжатлари ҳам бундан истисно эмас. Оила кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, уларнинг баъзилари тўғрисида сўзлаб берсангиз.

– «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунда (30.04.2013 йилдаги ЎРҚ-352-сон) Оила кодексида (ОК) баъзи бир жуда муҳим ўзгартишлар назарда тутилган. Улардан бири никоҳ ёшига тегишли. Чунончи, ОК 15-мод­дасининг иккинчи қисмида узрли сабаблар бўлганида (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация)) никоҳга киришни хоҳловчиларнинг никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириш мумкинлиги кўрсатилган. Шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 473-«Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» моддасида никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Шунингдек, ушбу моддага кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш тақиқланган, бу ҳол энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. ОКнинг 17-моддасига ҳам ўзгартишлар киритилди. Агар илгари тиббий текширув барча учун мажбурий бўлган бўлса, энди Қонун 50 ёшдан ошган шахслар учун, шунингдек ҳомиладорлик, бола туғилиши ва бошқа ҳолатларда текширувдан ихтиёрий ўтиш тартибини назарда тутади. Аввалроқ 14.09.2010 йилдаги ЎРҚ-255-сон Қонун билан ОКнинг 47-мод­дасига ўзгартиш киритилган эди. 1998 йил 30 апрелдан 2010 йил 15 сентябргача амал қилган қоидага кўра никоҳни бекор қилиш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори никоҳни бекор қилиш гувоҳномасига тенглаштирилган эди. Ўзгартишга кўра никоҳнинг бекор қилиниши ФҲДЁ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб никоҳ бекор қилинган деб ҳисобланади (ОС Пленумининг 20.07.2011 йилдаги 6-сон Қарори 32-банди).

– Охирги янгилик киритилиши нима учун керак бўлди деб ўйлайсиз?

– Кўпинча суднинг ҳал қилув қарорини олган кишилар уни йўқотиб қўйишарди, уни тиклаш эса осон эмас эди. Улар барибир кўчиш, фамилияни алмаштириш муносабати билан бизга мурожаат қилишга мажбур бўлардилар. Буларнинг ҳаммаси одамлар учун ҳам, биз учун ҳам анча ноқулайлик туғдирарди.

Наталья СПИРИДОНОВА,
мухбиримиз.

Прочитано: 2454 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика