Детектив қиссалар, адоқсиз сериаллардан барчага шу нарса яхши маълумки, жиноят содир этилган жойдан экспертлар кўп ҳолларда бармоқ изларини топадилар. Аслида ҳақиқий ҳаётда ҳам шундай бўлади. Экспертлик амалиётимизда эса аҳён-аҳёнда бўлса ҳам оёқ излари билан иш олиб боришга тўғри келади.
Криминалистика дарсликларида оёқ изларини алоҳида гуруҳга ажратишган. Зотан бу йўсиндаги излар бағоят ранг-барангдир. Бунга аввало яланг оёқ излари киради – товон терисида қўллардаги каби фақат ўша шахснинг ўзига хос чизиқлар, излар бўлади. Пайпоқчан оёқ излари, кийилган пойабзал излари ҳам шу гуруҳга мансубдир. Табиийки, ҳозирги кунда жиноятчилар қилмишни ялангоёқ содир этмайдилар. Шу сабабли ҳам эндиликда асосан пойабзал излари учрайди.
Қотилликни тергов қилишда айни пойабзал изи муҳим роль ўйнаган бир иш хотирамда муҳрланиб қолган. Бу воқеа анча олдин, олис туманлардан бирида рўй берган эди. Ўшанда кекса эр-хотинни қишлоқ чеккасидаги ўз уйида ўлдириб кетишган. Ҳар иккаласини ҳам пичоқ билан бир неча жойидан жароҳатлашган. Полда ва деворда қон доғлари кўп. Туман терговчиси жиноят содир бўлган жойни кўздан кечириш асносида дераза токчасида қолдирилган қонли пойабзал изига эътибор қаратди. Жиноятчи уйни дераза орқали тарк этаётиб, ана шу изни қолдирганлиги аниқ. Навбатчи эксперт изни суратга олгач, терговчига трассологик экспертиза ўтказиш учун дераза токчасининг бир қисмини изи билан олишни маслаҳат берди: фотосуратда ана шу изни қолдирган пойабзални тавсиф этувчи деталлар етарлича яхши кўринмаслиги мумкин.
Дарвоқе, бу ерда шахсни идентификация қилишда иш берадиган бармоқ излари топилмади. Қотиллик содир этилган қурол – овчилар пичоғи эса полда ётарди. Унинг дастасидаги қон суркалиб кетганлиги боис ундаги бармоқ излари идентификация қилиш учун яроқли эмасди.
Воқеа содир бўлган жойни дастлабки кўздан кечиришдаёқ қотиллик талон-торож қилиш мақсадида содир этилган деган тусмолга борилди. Бу нарса кейинчалик тергов жараёнида ўз тасдиғини топди. Уйдаги ҳамма нарса остин-устун қилиб ташланганлиги, ҳатто тўшак ва ёстиқлар пичоқлаб ёрилганлиги ҳам шундан далолат берар эди. Уйдан ниманидир излашганлиги аниқ. Икки пенсионер яшайдиган уйдан умр бўйи тўпланган пул-у уй бекасининг қандайдир заргарлик тақинчоқларидан бўлак нимани ҳам излаш мумкин! Ҳаёти бу йўсин хотима топганларнинг кейинчалик чақиртирилган қариндош-уруғлари чол-кампирнинг тўплаб юрган пуллари, шунингдек тилла ва кумуш тақинчоқлари йўқолганлигини тасдиқладилар. Уларнинг қизи онасига тегишли тақинчоқларнинг кўринишини тавсифлаб берди. Қаттоллар транзисторни ҳам ола кетишгани ҳам эсимда.
Даставвал бизга бўялган дераза токчасининг бир бўлаги экспертиза учун тақдим этилди. Унда чап оёқдаги пойабзал пошнасининг қонга беланган изи бор эди. Изнинг ўлчамига қараганда, у эркаклар пойабзалига тегишлидир. Пошнадаги жилокор-нақшинкор из аниқ кўриниб турарди. Уни маълумотнома йўсинидаги криминалистика адабиётларидаги мавжуд ҳар хил пойабзал пошналаридаги из намуналари билан қиёслаш қотилликка дахлдор из кирза этикка тегишли эканлигини кўрсатди. Махсус услубият ёрдамида этикнинг 43-ўлчамдаги эканлиги аниқланди. Афсуски, из бир пойники, бунинг устига у биттагина эди. Агар излар бир нечта бўлганида уларни қолдирган одамнинг бўй-бастини тақрибан бўлса ҳам аниқлаш мумкин эди.
Текшириш ишлари шуни кўрсатдики, дераза токчасида қолдирилган изда оёқ кийимининг тури ва катта-кичиклигини аниқлаш мумкин бўлган умумий белгилардан ташқари этикли жиноятчигагина хос индивидуал белгилар акс этган бўлиб, уларнинг жами мазкур изни идентификация қилишда қўл келарди. Бошқача қилиб айтганда, гумон қилинаётган шахсда тегишли пойабзал топилган тақдирда қонли из айни шу пойабзалдан қолдирилган-қолдирилмаганлигини аниқлаш мумкин эди.
Терговчи мазкур хулосани олгач, ҳам хурсанд, ҳам хафа бўлди. Пойабзалнинг тури ва катта-кичиклиги аниқланганлиги, из идентификация қилиш учун яроқли эканлигидан мамнун бўлган эса-да, ўша кезлари қишлоқда деярли барча эркаклар шундай этикда юришлари уни ўйга толдирди. 43-ўлчамдаги этик эса кўпчилик киядиган пойабзал саналарди. Бироқ тезкор йўл билан жиддий тарзда гумон қилса бўладиган одам аниқланди. У илгари ҳам талон-торож учун судланган бўлса-да, тегишли сабоқ чиқармаган, ҳеч қаерда ишламас, уззу-кун ичиб юрарди. Қонунни турли йўсинда бузганлиги учун уни бир неча марта милиция бўлинмасига ҳам олиб келишган экан. Тезкор ходимлар чол-кампир ўлдирилганидан кейин бу шахс бирдан шубҳали тарзда бойиб кетганлигини аниқладилар. Ичиб олгач, у шишадошларини ажаблантириб, ёнидан бир пачка пул олиб “зиёфат” ҳақини тўлаган. Ҳолбуки, бир кун олдин ёнида сариқ чақаси ҳам йўқ экан.
Терговчи гумон қилинаётган шахснинг уйида тинтув ўтказишга қарор қилиб янглишмабди: уйидан 43-ўлчамдаги кирза этик ва қотиллик содир бўлган жойдан ўғирлаб кетилган маркадаги транзистор топилди. Чўнтагида эса ишламаётган одам учун ҳаддан ортиқ деса бўладиган кўп миқдорда пул бор эди. Уйининг ҳолироқ жойидан пенсионерлар хонадонидан ўғирланган тақинчоқлар жуда ўхшаш бўлган тилла ва кумуш тақинчоқлар топилди.
Буларнинг ҳаммаси талаб даражасида расмийлаштирилган ҳолда олиб қўйилди.
Марҳумларнинг қизи тақинчоқларни кўриши билан онасиники эканлигини таниди, ота-онасида ҳам айни шундай транзистор бўлганлигини ҳам айтди. Айтмоқчи, криминалист эксперт транзисторнинг сиртида бир неча аниқ-тиниқ бармоқ изларини топди. Улар орасида гумон қилинувчининг бармоқ изларидан ташқари ўлдириб кетилган чолнинг ҳам бир неча бармоқ излари бор эдики, гумон қилинувчи аввалига зўр бериб ўзимники деб таъкидлаётган транзисторда чолнинг бармоқ излари бўлиши мутлақо тушунарсиз эди. Негаки, мўйсафид гумон қилинувчининг уйида ҳеч қачон бўлмаган.
Гумон қилинувчи этигининг чап пойини энди идентификация қилиш муддаоси билан, янги экспертиза ўтказиш учун бизга тақдим этишди. Ана шу этик пошнасининг нақшинкор изини бевосита, кейин эса пошнасининг эксперимент мақсадида қоғозга туширилган изи бўйича дераза токчасидаги из билан қиёслагач, умумий белгилари ҳам, хусусий белгилари ҳам батамом мос эканлигини аниқладик. Бинобарин текширилаётган из айни экспертизага тақдим этилган этик изидан қолдирилганлигини қайд этиш мумкин эди. Бу хулоса фотосуратлар орқали ҳам яққол исботини топди. Негаки, суратларда эксперимент учун олинган этик пошнаси изи ва нақшлари дераза токчасидаги изга тамоман мос эди.
Терговчи трассологик экспертиза ўтказгунимизга қадар этик пошнасидаги қон доғлари дераза токчасидаги қон доғларига тааллуқли эканлигини аниқлаш мақсадида суд-биологик экспертиза тайинлаган экан. Биолог экспертлар этик пошнасининг нақшинкор излари ўймаларидаги қотиб қолган жинслардан намуна олиб, таркибида инсон қони борлигини ва у айнан қотиллик қурбони бўлган кампир қони мансуб бўлган гуруҳга тегишли эканлигини аниқлади. Башарти ўша йиллари ДНК экспертизаси ўтказиш имконияти бўлганда борми, пойабзалдаги қон излари вафот топган аёл қони билан бир гуруҳга тегишли эканлигини аниқлашдан ташқари, индивидуал мансубликни ҳам аниқлаб берган бўлар эди.
Аслида тўпланган далиллар бусиз ҳам жиноятчини фош этарди. Уни ҳибсга олиб, судга беришди. Суд ўша кезлардаги энг оғир жазони тайинлади. Ота-онасидан бирйўла жудо бўлган қиз ҳувиллаб қолган уйни тез орада сотиб юборди: бир пачка пул ва тақинчоқлар учун ота-онаси ўлдириб кетилган уйда яшаш у ёқда турсин, киришга ҳам юраги дов бермасди унинг...
Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Республика суд экспертизаси
марказининг
давлат суд эксперти.