Мен янги ташкил этилган МЧЖнинг ягона муассисиман. Унинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолияти ҳозирча юритилмаяпти, чунки лицензиялаш таомили жуда мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён. Ҳозирча МЧЖ директорига иш ҳақи тўлаш учун маблағларимиз йўқ. Мен уни исталган вақтда ишга қабул қила оламанми ёки буни МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган кун қилиш лозимми?
Д.Тарханов, бошловчи бизнесмен.
Қарши шаҳри.
– Афсуски, бундай вазият амалиётда тез-тез учрайди. Мазкур масалани ҳал этишда биринчи навбатда ҳуқуқий меъёрларга, ундан кейингина эса иқтисодий мулоҳазаларга амал қилиш керак.
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – Қонун) 10-моддаси муассислар жамиятнинг ижро этувчи органларини (мазкур ҳолда янги барпо этилган жамиятнинг директори) тайинлашларини белгилайди. Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ жамиятнинг таъсис шартномасида (сизнинг ҳолатда - қарорида) жамият органларининг таркиби белгиланади. Шу сабабли МЧЖни барпо этиш тўғрисидаги қарор билан сиз директорни тайинлашингиз керак эди. Меҳнат кодекси (МК) 82-моддасининг иккинчи қисмига кўра корхона раҳбарини ишга қабул қилиш корхона мулки эгасининг ҳуқуқи ҳисобланади ва у томонидан бевосита, шунингдек ўзи вакил қилган органлар орқали ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёхуд бошқа органлар орқали амалга оширилади. Бунда ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади (МК 82-моддаси олтинчи қисми). Директорни тайинлаш уни амалда ишга қўйишни билдиради. Фақат у тайинланганидан кейин тегишли тартибда жамият рўйхатдан ўтказилади ва молия ҳужжатларини имзолаш ҳуқуқи расмийлаштирилади.
Бироқ, Фуқаролик кодексининг (ФК) 41-моддасига биноан юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва уни тугатиш якунланган пайтдан (юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига ёзув киритилгандан) эътиборан тугатилади. ФКнинг 44-моддасига мувофиқ юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Ушбу меъёрлардан келиб чиқилганда юридик шахс фақат у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлабгина барпо этилган ҳисобланади ва фақат шу пайтдан бошлабгина у барча турдаги, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузишга ҳақлидир. Шу тариқа, ташкилот раҳбари билан меҳнат шартномаси юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилиши керак.
Бундан ташқари, тегишли лицензия олингунга қадар жамият ўзининг асосий фаолиятини амалга ошира олмаслигига қарамай, директорнинг хизмат вазифалари тақозо этадиган унинг иш ҳажми барибир бўлади. Ҳар қандай ҳолда солиқ органлари ва статистика органларига ҳисобот топширилиши, лицензия олиниши лозим.
Шу сабабли янги барпо этилган корхона директори билан меҳнат шартномасини юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тузиш лозим. Мазкур ҳолда корхона мулкдорига тавсия қилиш мумкин бўлган ягона маслаҳат шуки, у билан иш ҳақи миқдорини бажариладиган иш ҳажмига мутаносиб равишда, бироқ қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақидан паст бўлмаган миқдорда бўлишини келишиб олиш мумкин.
Бундан ташқари, лицензияланадиган фаолият билан шуғулланишга қарор қилган тадбиркорларга устав фондини шакллантириш чоғида тегишли лицензия олиш ва фойда олиш бошлангунга қадар директорнинг меҳнат ҳақини тўлашнинг эҳтимолий харажатларини ҳисобга олишни маслаҳат берамиз.
Алексей НИЯЗМЕТОВ, юрист.