Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 44 / Хўжалик ҳуқуқи

Ҳаммасини шартномада қайд этиш керак

Хўжалик шартномасида тарафларнинг шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолда жавобгарлигини қайд этиш мажбурийми? Унда айни вақтда жазо чоралари – жарима ва пеняни кўрсатиш мумкинми? Қандай ҳолларда жаримани, қандай ҳолларда пеняни кўрсатиш лозим?

М.Курязова, МЧЖ бош бухгалтери.

 

 

 

        – Хўжалик шартномасида шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги назарда тутилиши керак. Ушбу талаб “Хўжалик юритувчи субъектлар фао­лиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон, бундан кейин – Қонун) 10-моддасидан келиб чиқади.

Шартномага неустойка шартини киритишнинг муҳимлигини бир қатор омиллар тақозо этади. Биринчидан, бу ҳол кредиторни мажбуриятларни бажармаслик келтирган зарарларни исботлаш заҳматидан халос этади, зеро Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) 260-моддасининг иккинчи қисмига кўра неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни исботлашга мажбур эмас. Иккинчидан, шартномада белгиланган неустойка мажбуриятларни бажаришни таъминлаш усули ҳисобланади ва уларнинг тарафлар томонидан лозим даражада бажарилишига таъсир кўрсатади.

Жарима санкцияларида жаримани ҳам, пеняни ҳам бир вақтнинг ўзида кўрсатиш мумкин, бироқ ҳар бир мажбуриятларни бузишлар алоҳида бўлиши керак. Масалан, товарлар етказиб бериш муддатларини кечиктирганлик учун етказиб берувчи пеня, бутланмаган товарларни етказиб берганлик учун эса жарима тўлайди. Мажбуриятни биргина бузганлик учун жарима ёки пеня тарзида неустойка тўлаш назарда тутилиши керак. Яъни шартномада, масалан, товарларни етказиб бериш муддатини кечиктирганлик учун кечиктиришнинг ҳар бир куни учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5%и миқдорида пеня ва, бундан ташқари, яна жарима ҳам кўрсатилмаслиги керак.

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади (ФКнинг 261-моддаси). Шу тариқа, жарима деганда шартнома неустойкаси тури сифатида шартнома мажбуриятларини бузган шахс тўлайдиган бир марталик пулли тўловни тушуниш мумкин. У одатда қуйидаги ҳолларда солинади:

агар етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар, техник шартлар, намуналарга (эталонларга) қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса;

бутланмаган товарларни етказиб бериш учун;

марка белгиси қўйилмаган ёки лозим даражада маркировка қилинмаган товарларни, шунингдек идишсиз ёки ўралмаган товарларни ёхуд тегишли идишга жойланмаган ёки лозим даражада ўралмаган товарларни етказиб берганлик учун;

жўнатилган товарларга оид тўлов ёки товар-транспорт ҳужжатларининг нусхасини белгиланган муддатда юбормаганлик учун;

товарларни танлаб олмаслик, шунингдек етказиб берувчи шартномада белгиланган муддатда (даврда) уларни етказиб берганда товарларни олишни асоссиз равишда рад этганлик учун (Қонуннинг 31-моддаси).

Пеня деб қарздор томонидан мажбуриятларни бажариш кечиктириб юборилганда тўланадиган ва муддатни кечиктиришнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига фоизли нисбатда ҳисоблаб чиқариладиган неустойка эътироф этилади. У одатда қуйидаги ҳолларда ҳисоблаб ёзилади:

товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда;

товарларга ҳақ ўз вақтида тўланмаганлиги учун (Қонуннинг 25-моддаси).

Прочитано: 2264 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика