Бизнинг корхона билан экспресс-почта хизмати кўрсатувчи корхона ўртасида қиймати валютада кўрсатилган шартнома имзоланди. Ушбу шартномага асосан бизга хизматларни кўрсатувчи корхона АҚШ доллари миқдорида, унинг сўмдаги эквивалентини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради. Биз хизматлар учун тўловни тўлов амалга оширилган кундаги Марказий банк курси бўйича сўмдаги эквивалентда ўтказиб берамиз.
2013 йилнинг январь ойида биз хизмат кўрсатувчи корхонага 5 000 минг сўм ўтказиб бердик, июль ойида эса бизнинг сўров хатимизга асосан улар бизга 3 000 минг сўмни қайтарди.
1. Қайд этилган олдиндан тўлов суммаси ва бизга сўмда қайтарилган маблағлар суммаси Марказий банкнинг қайси кундаги курси бўйича ҳисобга олинади?
2. Бизда ҳосил бўлган олдиндан тўловнинг қолдиқ суммаси ойнинг охирги кунида қайси кундаги курс бўйича қайта ҳисоблаб чиқилади?
– 1. Хорижий валютада амалга ошириладиган операциялар бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш «Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби» 22-сон БҲМС ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Чет эл валютасидаги операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 1411-сон Низом) асосан чет эл валютасида ифодаланган хўжалик операциялари, активлар ва мажбуриятларни сўмга қайта ҳисоблашда Марказий банк томонидан ўрнатилган чет эл валютасининг сўмга нисбатан курсининг ўзгаришига қараб ижобий ёки салбий курс фарқи юзага келади. Шундан келиб чиқиб, чет эл валютасидаги операциялар ушбу валютанинг сўмга нисбатан Марказий банкнинг операция амалга оширилган санасидаги курси бўйича сўмда қайта ҳисобланиши лозим.
Курс фарқларини олиб боришда қўлланиладиган усуллар хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.
Жамғариш усулини қўллаш натижасида жамғарилган курс фарқлари молиявий-хўжалик фаолият натижаларига қуйидаги тартибда олиб борилади:
а) чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича - уларнинг тўланиши (ёки ҳисобдан чиқарилиши) бўйича;
б) бошқа ҳолларда – баланснинг тегишли валюта моддалари билан хўжалик операциялари амалга оширилиши бўйича.
Курс фарқларидан вужудга келган узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар ва харажатларнинг жорий қисмини ўтказиш бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) ижобий курс фарқи бўйича вужудга келган узоқ муддатли кечиктирилган даромадларнинг жорий қисми ўтказилганда:
дебет 7230 "Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар" счёти;
кредит 6230 "Бошқа кечиктирилган даромадлар" счёти;
б) салбий курс фарқи бўйича вужудга келган узоқ муддатли кечиктирилган харажатларнинг жорий қисми ўтказилганда:
дебет 3290 "Бошқа кечиктирилган харажатлар" счёти;
кредит 0990 "Бошқа узоқ муддатли кечиктирилган харажатлар" счёти.
Сизнинг ҳолатингизда қайд этилган олдиндан тўлов суммаси ва сизга сўмда қайтарилган маблағлар суммаси Марказий банкнинг операция амалга оширилган санасидаги курси бўйича ҳисобга олинади.
2. Маҳсулот (иш, хизмат)ларга чет эл валютаси эквивалентида баҳо белгилайдиган, тўловларни эса, миллий валюта – сўмда оладиган хўжалик юритувчи субъектлар, маҳсулот (иш, хизмат)ларни сотиш санасидан тўлов келиб тушган (амалга оширилган) санасигача бўлган даврда Марказий банк курсининг ўзгариши сабабли вужудга келган ижобий курс фарқини 9540 "Валюталар курслари фарқидан даромадлар" счётида, салбий курс фарқини эса 9620 "Валюталар курслари фарқидан зарарлар" счётида акс эттиради (1411-сон Низомнинг 13-банди). Хўжалик юритувчи субъектлар баланснинг валюта моддаларини ҳар ой ҳисобот ойининг охирги санаси ва хўжалик операцияларини амалга ошириш санасида Марказий банк курси бўйича қайта баҳолашни амалга оширади (1411-сон Низомнинг 17-банди).
Қайта баҳолаш ва курс фарқларини аниқлаш мақсадида баланснинг валюта моддаларига қуйидагилар киради:
а) кассадаги, банкдаги депозит ва ссуда счётларидаги валюта маблағлари, шу жумладан аккредитивлар;
б) чет эл валютасидаги пул ҳужжатлари;
в) чет эл валютасида ифодаланган қисқа муддатли ва узоқ муддатли инвестициялар;
г) чет эл валютасида ифодаланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари, кредитлар ва пул қарзлар.
Демак, сизнинг ҳолатингизда сизда ҳосил бўлган олдиндан тўловнинг қолдиқ суммаси ҳар ойдаги ҳисобот ойининг охирги санасида Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Баланснинг валюта моддаларини ҳар ой қайта баҳолаш натижасида вужудга келадиган курс фарқлари тўғри олиб бориш усули қўлланилганда молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига ҳисобдан чиқарилади ва бухгалтерия ҳисобида қуйидаги счётларда акс эттирилади:
а) ижобий курс фарқи – 9540 "Валюталар курслари фарқидан даромадлар" счётининг кредити бўйича;
б) салбий курс фарқи – 9620 "Валюталар курслари фарқидан зарарлар" счётининг дебети бўйича.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.