Шаҳри азим – Тошкентдан 120 км узоқликда, Ғарбий Тиёншон бағрида, Чорвоқ сув омбори ёнгинасида жойлашган Боғистон қишлоғи дунёга талайгина буюк зотлар етиштириб берган макон сифатида донг таратган. Ана шу сўлим қишлоқдан етишиб чиққан илоҳиёт илми алломалари, элга машҳур маърифатпарварлар ва сиёсий арбобларнинг мамлакатимиз тарихидаги улкан ролини ким билмайди дейсиз?! Улар диний билим таратдилар, сўфийлик анъаналарини ривожлантирдилар, умумбашарий қадриятларни қарор топтирдилар.
...Бир гуруҳ тошкентлик журналистлар билан тоғ бағридаги ана шу беқиёс қишлоқда бўлганимизда хаёлимни мана бу савол банд этди: табиат бағоят ажиб гўзаллик бахш этган бу гўша дин олами пешволарини ўзига жалб этиб, улар учун ҳаётбахш манба бўлиб қолдимикин ёки юксак маънавиятнинг ана шу бетимсол маскани мўъжизавий кучи ила қишлоқнинг жозибаси, мафтункорлигини оширдимикин?
Чор атрофдаги қишлоқлар орасида муқаддас қадамжолари сонига кўра Боғистонга тенг келадигани йўқ. Шайх Умар Вали Боғистоний мақбараси улар орасида алоҳида ажралиб туради. Бу ер диёримизнинг турли жойларидан келган зиёратчилар билан ҳамиша гавжум.
Мажмуа нозири Бакриддин Амардиновнинг айтишича, шайх шажара бўйича зоти мубораклари Муҳаммад пайғамбаримизга бориб тақаладиган халифа Умарнинг аждодидир. У киши ёшлигида сўфийликка ихлос қўйиб дарвешлик қилган дейишади. Ўша кезлари у йигирма нафар маслакдоши билан ислом динини тарқатиш учун Боғистонга келган экан. Узоқ йиллик сайру саргардонликлардан кейин бу тоғ қишлоғи у кишига ёқиб қолиб, шу ерда қўним топган ва шу ерга дафн қилишларини васият қилган экан.
Шайх Умар Вали Боғистонда таваллуд топган мутафаккирлар буюк сулоласи учун авлод бошидир. Тошкентнинг муқаддас ҳомийси ҳисобланмиш шайх Ҳованди ат-Тоҳур (Шайхонтоҳур) у кишининг ўғлидир. Пойтахтимизнинг туманларидан бири XIV асрда яшаб ўтган ана шу улуғ зот номи билан аталади. Боғистонда дунёга келган ва эндиликда аҳли жаҳон табаррук зот сифатида эъзозлайдиган яна бир муқаддас зот бор. У киши шайх Умар Вали аждодларидан бўлиб, Шайхонтоҳурга набирадир. Таваллуди аввалда Убайдулло исми берилган бу бобокалонимиз кейинчалик Хўжа Аҳрор Вали деган ном билан танилдилар. Ҳам илоҳиёт илмида беназир, ҳам давлат арбоби бўлган Хўжа Аҳрор XV асрда Темурийлар давлатида улкан роль ўйнаган.
Шайх Умар Вали мақбараси сўлим боғда жойлашган. Ривоятларга қараганда боғдаги дарахтларни у кишининг ўзлари эккан эканлар. Мақбаранинг ёнгинасида арабий нақш билан безатилган қайроқтош бор. Унинг бу ерга қандай келиб қолганлигини ҳеч ким билмайди. Тошда 1189 йил санаси кўрсатилган. Зиёратга келганларнинг ҳар бири нияти ва илтижолари рўёбга чиқиши илинжида эзгу ният билан шу муқаддас тошга қўл теккизишга ҳаракат қилади.
Қишлоқ асрлар мобайнида Боғистон шайхларининг мулки бўлиб келди, улар ўз амлоклари гуллаб-яшнаши ва обод бўлиши ҳақида тинимсиз ғамхўрлик қилдилар. Қишлоқ аҳли атоқли элатлари – буюк зотлар билан фахрланадилар. Ўз қишлоқлари тарихини яхши биладилар, Боғистон янада обод бўлиши ва гўзаллашувини ўйлайдилар.
Биз, журналистларни қишлоқнинг ҳозирги ҳаёти ҳам қизиқтирди. Ўз хонадонида бизни очиқ чеҳра билан кутиб олган Файзулло Машуров бугунги кунда ҳамқишлоқлари қандай яшаётганлиги ҳақида завқ-шавқ билан сўзлаб берди.
Боғистон ўз номига яраша боғлар макони. Мўътадил тоғ иқлими, саховатли қуёш шарофати билан тоғликлар неча асрлардан бери бу кўҳна заминда ажойиб мевалар етиштириб келмоқда. Боғдорчилик истиқлолдан аввал ўз бағрига ана шу қишлоқни ҳам олган давлат хўжалиги фаолиятининг асосий йўналиши эди. Ҳозир боғлар хусусий мулкка айлантирилган бўлиб, улар боғистонликларнинг асосий даромад манбаи бўлиб қолди. Ўтган асрнинг 70-йилларида бу ерда ипакчилик ривожлана бошлаган. Пилла тайёрлаш қўшимча иш ҳақига эга бўлишнинг дурустгина омилига айланган. Қишлоқ аҳлига ер ажратилган – уларга ипак қурти боқиш учун тут дарахти кўчатлари ўтқазишган. Эндиликда одамлар пиллачилик билан шуғулланиш иқтисодий жиҳатдан унча наф келтирмаётир, дейишмоқда. Иши оғир, ташвиши кўп эканлиги оқибатида пилланинг таннархи ошиб кетмоқда.
Боғистон бугунги кунда ҳам ўз номига монанд – бу ерда боғлар барқ уриб яшнаб турибди. Теварак-атрофдаги қишлоқлардан фарқли равишда амалда ҳар бир боғистонликда 2–3 талаб боғ бор. Бундан ташқари ҳар бир хонадоннинг ҳовлисида – 15–20 сотих боғда мевалар ғарқ бўлиб пишиб ётибди. Аҳолининг бир қисми асаларичилик билан шуғулланмоқда. Бу жойда етиштирилган асални бозорларда жуда-жуда қадрлашар экан.
Ғарбий Тиёншоннинг этакларида жойлашган бу сўлим қишлоқ Угом–Чотқол миллий боғининг ҳудуди саналади. Бу ерда дарахт кесиш ман этилади. Умуман олганда бу борада муаммо йўқ. Зотан боғистонликлар иморатбоп дарахтларни ўзларига қарашли боғларда ўстирадилар. Хўжалик мақсадида, айтайлик уйни иситиш, ошхонада ишлатиш учун эса шох-шаббалардан фойдаланишади.
Боғдорчилик ҳамон қишлоқ аҳли учун асосий иш бўлгани боис тадбиркорлик ташаббускорлиги асосан чоғроқ дўкончалар билан кифояланади. Фермерлик эса бу ерда яхши ривож топди. Фермерлар етиштираётган узумларнинг довруғи олисларга таралган. Ёнғоқ етиштириш билан ҳам шуғулланишади. Тоғ қишлоғининг одамни мафтун этувчи манзараси дам олувчиларни оҳанрабодек тортади. Бу гўша тошкентликларни ҳам қизиқтириб қўйди – улар бу ерда «Боғистон дурдонаси» оромгоҳини барпо этдилар.
Боғистон ҳамиша бадастр қишлоқ бўлиб келган. Бу ерда ижтимоий инфратузилма дуруст шаклланган. Одамлар кўпгина масалаларни ҳамжиҳатликда, ҳашар йўли билан ҳал этадилар. «Тоғ қишлоғида муносиб ҳаёт кечириш учун шундай қилмаса бўлмайди», – деган гапни кекса отахонлардан кўп эшитдик.
Қишлоқда яшовчилар сони 2 000 нафарга яқинлашиб қолибди. Ўтган асрнинг 60-йиллари охирларида Чорвоқ сув омбори тўлдирила бошлагач, оилаларнинг учдан бир қисми юқорироққа кўчишга мажбур бўлибди. Шу зайил Боғистондан етти чақирим нарида Болодала деган янги қишлоқ пайдо бўлди.
Муқаддас зотларни дунёга келтирган бу қишлоқ афсоналарга бой. Афсоналар реал ҳаёт билан шу даражада узвий боғланиб кетганки, ҳақиқатни уйдирмадан фарқлаш жуда қийин. Сайру саёҳатимиз асносида бир ривоятнинг ўзини бир неча талқинда эшитган пайтларимиз ҳам бўлди. Файзулло ака яхши ҳамроҳ ва сўзамол ровий экан. Ундан Боғистон қишлоғи билан боғлиқ афсона ва ривоятларни алламаҳалгача тинглар эканмиз, беихтиёр «Минг бир кеча» эртаклари ёдга тушади...
Файзулло аканинг айтишича, бир сафар шайхнинг ҳузурига ўзга юртлардан келган бир неча киши ишга ёлланиш учун келган. У киши бу дарбадарларга тоғ қияликларини бегона ўтлардан тозалашни буюрган. Маҳзун чеҳрали дарбадарлар қандайдир дуо ўқишган экан, ёввойи ўт-ўланлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолибди. Шайх эса эрта тонгдан қош қорайгунча тиним билмай ишлабди. Баъзи дарбадарлар Умар Валининг илоҳий кучи борасида шубҳага боришибди. Ана шунда шайх ҳазратлари тафаккур кучи билан иккита улкан тут дарахтини илдиз-пилдизи билан суғуриб, яна жойига ўрнатган эканлар. Шу зайил у киши қалб Аллоҳда, қўл меҳнатда бўлсин деган ақидани эслатган эканлар. Бошқа бир афсонага кўра ҳазрат бир коса қатиқ ва битта нон билан дарбадарларни тўйдирган эканлар. Ёки бошқа бир кечмиш воқеага кўра, шайх ҳазратлари меҳмонга кетаётганлар бемалол ўтиб олсин, дея ўкириб ётган тоғ дарёсини музлатиб қўйган эканлар. Бошқа бир афсонада айтилишича, у кишининг боғларида қаҳратон қишда ҳам токлар барқ уриб яшнаб, узум шундоққина пишиб ётган. Бу ривоятнинг бир жиҳати шайх ҳазратларининг ажойиб боғбон, соҳибкор эканликларига ишорадир.
Саёҳатимиз охирида Чиллахона ғорига йўл олдик. Тоғ бағридаги аллақандай ғаройиб ўйиқни эслатувчи дарадаги шовуллаб ётган сойлар, олисда ярқираб, жилоси кўзни олаётган Чорвоқ сув омбори ҳар қандай одамни ўзига мафтун этарди. Гўзал манзараларга аланглаб, йўлбошчимиз Даврон Файзуллаевга базўр етиб оламиз. Сўлим тоғ манзараси шамоллар ўз таъсирини ўтказган ҳайбатли чўққилар билан алмашди. Тоғ қишлоғи нақадар машаққатли меҳнат билан бунёд этилганлигига ич-ичингдан тасанно ўқийсан киши.
Ғор қадим-қадим пайтлардан буён мавжуд. Ўз вақтида зоҳидлар қўним топган бу мағорада ёзнинг авжи иссиқ кунлари кўпгина боғистонликлар қирқ кун макон тутганлар. Дуои фотиҳалар ўқилган, қалб мусаффолиги, маънавий камолот ҳақида тафаккур юритилган, диний маърифат босқичига эришилган. Даврон аканинг сўзларига қараганда, қишлоқ аҳли орасида ҳозирги кунда ҳам ана шу анъана тарафдорлари бор экан. Улар «вақт ҳақида, ҳаёт ҳақида, ўзлари ҳақида» ўйлаш учун хилватга чекинганлар. Шуларни ўйлаб ғорга кўтарила бордик. Йўлнинг ўзи бизни синовдан ўтказди.
Йўл ниҳоятда тор экан. Баъзи ҳамроҳларимиз у ёғига бормай қўя қолишди. Тош қопчиқни тезроқ тарк этишни истаб қолишди улар. Бошқаларни кутмай орқага қайтишга қарор қилдик, бироқ йўлдан чалғиб қош қорайгунча адашиб юрдик. Бу орада ўртоқларимиз ғорни бориб кўришибди – «зафарлари»дан беҳад қувончда эканликлари чеҳраларидан кўриниб турар эди. Тун ўз пардасини ёйган пайтда тоғдан пастга тушиш жуда хатарли бўлса-да, ҳаммаси хайрли тугади. Хуллас, бир олам тасаввур билан, ўлканинг буюк тарихига яна бир бор дахл этиш истагида қайтдик.
Ирина ГРЕБЕНЮК,
ўз мухбиримиз.
Муаллиф фотолари.