Қонунга кўра байрам кунлари арафасида кундалик иш вақти муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Агар корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси бўлиб, байрам эса якшанбага тўғри келса, нима қилиш керак? Айтайлик, 2013 йил 1 сентябрь якшанбага тўғри келди. Корхонамиз ходимларга 30 август жумада эртароқ ишдан жавоб бериши шартми?
Б.Имомхўжаева,
касаба уюшмаси қўмитаси раиси.
Наманган вилояти.
– Агар байрам куни якшанбага тўғри келса, 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган корхона ходимларига жумада иш (смена) муддатини 1 соатга қисқартиришга мажбур эмас.
Меҳнат кодексининг 121-моддасига кўра айни байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Ушбу кунлар Кодекснинг 131-моддасида саналган. Улар мамлакатимизда тўққизта:
1 январь – Янги йил;
8 март – Хотин-қизлар куни;
21 март – Наврўз байрами;
9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
1 сентябрь – Мустақиллик куни;
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
8 декабрь – Конституция куни;
Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.
Агар корхонада 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса, шанбада иш (смена) муддатини камида бир соатга қисқартириш мажбурий бўлар эди. Ҳатто шанбада одатда иш куни шундоқ ҳам ҳафтанинг қолган иш кунларидан қисқароқ бўлишига қарамай, ушбу қоида амал қилади.
Масалан, корхонада 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Яъни 5 кун ходимлар 7 соатдан, шанбада эса 5 соат ишлашади (7 х 5 + 5 = 40 соат)1. 2013 йил 1 сентябрь якшанбага тўғри келди. Шу муносабат билан иш (смена) муддати 31 август шанбада ушбу корхонада бор-йўғи 4 соат бўлди.
Ахтам ҲИКМАТОВ,
адвокат.