Ушбу сонда биз Қозоғистон Республикаси давлат органлари вакилларининг «Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги савдо оборотини кўпайтириш йўллари» деб номланган давра суҳбатида экспортчиларимизнинг саволларига жавобларини чоп этяпмиз. Давра суҳбати, Қозоғистон Миллий иқтисодий палатаси «Атамекен» уюшмаси» билан USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги бўйича лойиҳаси томонидан ташкил этилганлиги ва Алматида ўтказилганлигини эслатиб ўтамиз.
Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Фитосанитария хавфсизлиги департаменти директори Ажар ҚАЖИБЕКОВА жавоб беради:
Қозоғистон ҳудудига олиб кириладиган ўсимлик маҳсулоти устидан фитосанитария назорати қаерда амалга оширилади?
– Божхона иттифоқининг (БИ) божхона ҳудудини карантин объектларини олиб келиш ва тарқатишдан қўриқлаш ҳамда улар етказадиган талафотларни камайтириш 11.12.2009 йилдаги Божхона иттифоқининг ўсимликлар карантини тўғрисидаги битимига (бундан кейин – Битим) мувофиқ таъминланади.
Олиб киришда бирламчи карантин фитосанитария назорати, агар божхона расмийлаштируви карантин маҳсулотини етказиб бериш жойида якунланса, уни келтириш жойида ўтказилади. Иккиламчи назорат божхона расмийлаштируви якунланган жойда ўтказилади. Агар юқори фитосанитария хатарига эга бўлган карантин маҳсулоти импорт қилинса (булар, мисол учун, янги узилган ва совутилган – картошка, томатлар, пиёз, бошли ва рангли карам, сабзи, шолғом, лавлаги, бодринг ва корнишонлар, бошқа сабзавотлар, шунингдек туваклардаги ўсимликлар, игнабаргли турлардаги пўсти шилиб олинмаган ёғоч материаллар, экиш материали), ҳужжатларни текшириш ва транспорт воситаларини кўрикдан ўтказишдан ташқари, карантин маҳсулоти кўздан кечирилади ёки кўрикдан ўтказилади (танлаб олиб, фитосанитария хатарини ҳисобга олган ҳолда). Зарурат туғилса, экспертиза учун намуналар (пробалар) танлаб олинади. Унинг натижалари олингунча юк ушлаб турилмайди. Ваколатли орган мансабдор шахсининг кўрсатишига кўра маҳсулот зарарсизлантирилган тақдирда қайтадан кўрикдан ўтказилади.
Фитосанитария назорати натижалари бўйича, агар қўйилаётган фитосанитария талабларига риоя этилган ва етказиб бериш жойига олиб киришга рухсат берилган бўлса, олиб кириш ёки божхона назоратининг божхона таомилида (божхона режимида) жойлаштиришга сертификат берилади. Акс ҳолда олиб киришни тақиқлаш ёки божхона таомилида жойлаштириш далолатномаси тузилади.
Экспортчи Ўзбекистонда фитосанитария сертификатини расмийлаштириши мажбурийми?
– Битимга кўра, Карантин маҳсулотлари рўйхатига мувофиқ юқори фитосанитария хатарига эга карантин маҳсулоти гуруҳига киритилган карантин маҳсулотининг ҳар бир туркуми Божхона иттифоқининг божхона ҳудудига экспортчи (реэкспортчи) мамлакатнинг ваколатли давлат органи томонидан бериладиган экспорт ёки реэкспорт фитосанитария сертификати кузатувида олиб кирилади. У Ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенция (Рим, 1951 йил, 1997 йилги таҳрирда) билан белгиланган шаклда расмийлаштирилади.