Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 35 / Хўжалик ҳуқуқи

Пеня ҳам, жарима ҳам тўлашга тўғри келадими?

Масъулияти чекланган жамиятимизга нисбатан асосий қарз, тўлов бўйича мажбурият ижросини кечиктирганимиз учун пеня ва тўлашдан бош тортганлик учун қарз суммасининг 15%и миқдорида жарима ундириш тўғрисида даъво тақдим этилди. Бунда шартномада жарима ундириш назарда тутилмаган, фақат харидорнинг ўз мажбуриятини бажармаганлик учун пеня тўлаш тарзидаги жавобгарлик қайд этилган. Даъвогар жарима тўлаш тўғрисидаги талаб­ларни «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси билан асослаяпти.

Даъвогарнинг талаблари асосланганми? Бир шартнома бўйича пеня ҳам, жарима ҳам ундирса бўладими?

МЧЖ раҳбари ва бухгалтери.

Жиззах вилояти.

 

– Фуқаролик кодекси (бундан кейин – ФК) 260-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган неустойка жарима ҳисобланади. У одатда қатъий пул суммасида ҳисобланади.

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади (ФКнинг 261-моддаси).

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 24-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25–32-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади. Ушбу қоида шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик хўжалик шартномасида назарда тутилган бўлса, шартнома бўйича жавобгарлик қўлланилишини англатади. Бундан ташқари, агар шартномада унинг фақат айрим ҳолатларини бажармаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, фақат шу ҳолатлар учун жавобгарлик шартномага асосан қўлланилади1.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун 24-моддасининг қоидаларини амалга ошириш учун Олий хўжалик суди Пленумининг «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисида фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори (15.06.2007 йилдаги 163-сон) 3-банди билан хўжалик судлари учун янада аниқ қоидалар мустаҳкамланган. Уларга асосан, агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган бўлса, судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қонунчиликда бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, даъвогар фақатгина бир шаклдаги неустойка қўллашни талаб қилишга ҳақли.

Шу тариқа, сизнинг ҳолатда суд фақат тўлов бўйича мажбурият ижросини кечиктирганлик учун пеня ундиришга ҳақлидир. Айни вақтда шуни ҳисобга олиш лозимки, агар қарздорнинг товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлашдан бош тортганлиги исботланса, суд унга нисбатан пеня қўлланилган ёки қўлланилмаганлигидан қатъи назар, ҳақи тўланмаган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли бўлади2.

Тўлаш имконияти бўла туриб, тўловни амалга оширмаганлик, қарзини асоссиз равишда тан олмаслик, кредиторлик-дебиторлик қарзлари ҳақида солиштириш далолатномалари тузишдан бўйин товлаганлик, ўзини атайлаб тўловга қобилиятсиз қилиб кўрсатганлик ва ҳоказолар тўлашдан бош тортиш деб топилади. Агар қарздорда товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаш учун молиявий имкон бўлмаса, бироқ у қарзни тан олиб, уни тўлашга ҳаракат қилаётган бўлса, ушбу хатти-ҳаракатларни тўловдан бош тортиш деб баҳоламаслик зарур.

 

1Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон) 10-банди.

2Олий хўжалик суди Пленумининг 4.03.2002 йилдаги 103-сон қарори 12-банди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

 

Прочитано: 2809 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика