Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 33 / Кадрлар бўлими

Ишдан «моддага асосан» бўшатамиз

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам бузганлиги ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги деганда нима тушунилишини батафсил кўриб чиқишдан аввал Меҳнат кодексининг интизомий жазоларни қўллаш таомилини белгилайдиган 182-моддасини ўрганишни таклиф қиламиз. Нима учун уни билиш шу қадар муҳим? Чунки назорат қилувчи органларнинг вакиллари ва судьялар, ходим томонидан ҳуқуқбузарлик бўлган-бўлмаганлигини аниқлашга қадар, албатта иш берувчининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган, жазо қўллаш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя қилганлигини текширадилар.

 

 

Ходимнинг ўз зиммасига юкланган меҳнат вазифаларини айбли ғайриҳуқуқий бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Мисол учун, ички меҳнат тартиби қоидалари, мансаб йўриқномалари, иш берувчининг қонуний буйруқлари, техник қоидаларни бажармаслик ва ҳоказолар шунга киради.

Масалан, ходимнинг у ноқонуний равишда ўтказилган ишни бажаришни рад этиши, агар ходим иш берувчига розилик бермаган бўлса, янги меҳнат шароитларида ишни давом эттиришни рад этиши меҳнат вазифаларини бузиш ҳисобланмайди ва интизомий жазони қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас1. Иш берувчининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бунинг учун ходимнинг розилигини олиш зарур бўлган фармойишини бажармаслик ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Чунончи, ходим таътилдан чақириб олиш ёки уни бошқа муддатга кўчиришга, иш вақтидан ташқари ишга жалб этилишга розилик билдириши керак. Ҳомиладор ёки 14 ёшгача (ногирон бўлса – 16 ёшгача) боласи бўлган аёл тунги вақтда, дам олиш кунларида ишлашдан, хизмат сафарига чиқишдан; ногирон эса тунги вақт ёки дам олиш кунлари ишлашдан бош тортишга ҳақлидир.

Интизомий жазони қўллашдан олдин ходимдан у меҳнат вазифаларини бузганлиги далили бўйича тушунтириш хати талаб қилиш лозим. Бунда содир этилган ҳуқуқбузарлик мазмуни ва уни содир этиш санасини албатта кўрсатган ҳолда унга ёзма равишда мурожаат қилиш маъқул бўлади.

Бирор-бир тушунтириш беришдан бош тортиш ҳам қайд этилиши керак. Ходим бу ҳақда ўзи ёзади ёки иш берувчи далолатнома тузади. Масалан, қуйидаги мазмунда: 2013 йил 15 июлда гувоҳлар ҳозирлигида ходим А.Б.Йўлдошевга унинг 12 июлда ишда бўлмаганлиги далили бўйича тушунтириш бериш таклиф қилинди, бироқ мазкур ҳолат бўйича А.Б.Йўлдошев тушунтириш беришдан бош тортди.

 

Умуман олганда муддатларни унутмаслик керак. Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб 2 йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.

Жазони қўллаш учун белгиланган бир ойлик муддатни ҳисоблашда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:

Ойни ҳисоблаш бошланадиган ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кун бўлиб ножўя хатти-ҳаракат корхона раҳбари, унинг ўринбосари, таркибий бўлинма раҳбари, ходим бўйсунган бошқа мансабдор шахсга, ушбу мансабдор шахс интизомий жазо қўллаш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслигидан қатъи назар, маълум бўлган кун ҳисобланади.

Қонунга кўра (МК 182-моддасининг бешинчи қисми) ушбу муддатга ходимнинг фақат касал ёки таътилда бўлган вақти ҳисобга киритилмайди. Агар ходим ишда бошқа сабабларга кўра бўлмаган бўлса (шу жумладан, масалан, ишларни ташкил этишда вахта усулида дам олиш кунларидан фойдаланган, отгуллар), ушбу давр унинг муддатидан қатъи назар, муддат ўтишини узмайди.

Ойлик муддат ўтишини узиб қўядиган таътилга ходимга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси билан берилган барча таътиллар: ҳар йилги асосий ва қўшимча таътиллар, ўқув таътиллари, иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар ва бошқаларни киритиш керак.

Умумий қоидага кўра интизомий жазо чораларининг жами уч тури мавжуд: ҳайфсан; ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима2 ва мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлик учун меҳнат шартномасини бекор қилиш.

Бошқа интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади (МКнинг 181-моддаси).

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин. Ходим ҳайфсан ва жарима жазоси олганлиги учунгина иш берувчи уни ишдан бўшатишга ҳақли эмас. Аввалги ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олган ҳолда аниқ ҳуқуқбузарлик учун меҳнат муносабатлари бекор қилинади. Шунингдек бир текшириш далили бўйича бир нечта жазо қўллаш мумкин эмас.

 

Хуллас, ножўя хатти-ҳаракат аниқланиб, ходимнинг тушунтириш хати олинганидан ёки бундай қилишни рад этганлиги расмийлаштирилганидан кейин, башарти белгиланган муддатларга риоя этилган бўлса, иш берувчи интизомий жазо (ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш) қўллаш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади, акс ҳолда иш берувчининг яна меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибини бузиш хавфи бор. Буйруқни имзолашдан бош тортилган тақдирда эса бу ҳақда далолатнома тузиш ва буйруқда тегишли белги қўйиш лозим.

Ходимга интизомий жазони қўллаш уни ана шу ножўя хатти-ҳаракат бўйича иш берувчига етказилган зарар учун моддий жавобгарликка тортиш, шунингдек айбдорга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган, интизомий жазо ҳисобланмайдиган таъсир чораларини қўллаш (мукофотлардан маҳрум қилиш, йил учун иш якунлари бўйича тақдирлашни камайтириш ёки маҳрум қилиш) имкониятини истисно этмайди.

 

1Агар бундай ўзгаришлар ходимлар сонининг ўзгариши ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар билан белгиланган бўлса, иш берувчи меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартиришга ҳақлидир. 

Прочитано: 3436 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика