Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 33 / Инвестор ён дафтарига

Ўзаро фойдали ҳамкорлик

«Норма маслаҳатчи»нинг аввалги сонида хабар қилинганидек, яқинда Алматида ўтказилган, Қозоғистоннинг «Атамекен» уюшмаси Миллий иқтисодий палатаси» ҳамда USAIDнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича лойиҳаси ташкил этган «Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида савдо оборотини кўпайтириш йўллари» давра суҳбатида ўзбекистонлик экспортчилар Қозоғистон Республикаси давлат органлари вакилларининг товарларни чегарадан олиб ўтиш масалалари бўйича шарҳларини
тинглашди.

 

БОЖХОНА ТОЗАЛАШИ ХУСУСИЯТЛАРИ

Товарларни Божхона иттифоқи (БИ) ва Қозоғистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ декларациялашнинг умумий қоидалари тўғрисида ҚР Молия вазирлиги БНҚ божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси эксперти Асемгул ОКАПОВА сўзлаб берди.

2009 йил 27 ноябрда Минск шаҳрида Қозоғистон, Россия ва Белоруссия давлатларининг раҳбарлари Божхона иттифоқининг Божхона кодекси тўғрисида шартномани имзоладилар, 2010 йил июлдан бошлаб ушбу уч мамлакатнинг божхона хизматлари унга мувофиқ ишлаяптилар. Божхонада декларациялаш тартиби, божхона таомилларининг шартларига мувофиқ ҳужжатлар рўйхати, декларация топшириш муддатлари, дек­ларантнинг жавобгарлиги ва вазифалари БИ Божхона кодексининг 27-бобида баён этилган.

ТИФ иштирокчиларидан товарларга декларациялар қабул қилиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштиришнинг ягона тартиби БИ комиссиясининг 20.05.2010 йилдаги 262-сон қарори билан тасдиқланган.

Экспертнинг маълум қилишича, БИ Божхона кодексининг қоидаларига мувофиқ БИ аъзоси бўлган давлатлар амалдаги божхона қонунчилигига кўра, шу жумладан товарларни декларациялаш бўйича миллий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга ҳақлилар. Чунончи, Қозоғистонда товарларнинг божхона тозалашни амалга ошириш тартиби ҚР ҳукуматининг «Божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан товарларнинг божхона тозаловини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» қарори (12.10.2010 йилдаги 1058-сон) билан тартибга солинган. Қоидалар 8 банддан иборат бўлиб, уларда товарларни декларациялаш чоғида юзага келадиган барча хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда товарларнинг божхона тозалови чоғида божхона органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари қайд этилган.

Ўзбекистонлик бизнесменларнинг саволларига жавоб бераркан, А.Окапова яна бир қонун ҳужжати – ҚР ҳукуматининг 8.10.2010 йилдаги 1039-сон қарорини айтиб ўтди, у божхона органи томонидан Белгиланган вақт даври мабайнида олиб ўтиладиган товарни йиғилмаган ёки қисмларга ажратилган тарзда, шу жумладан бутланмаган ёки тугалланмаган тарзда, ТИФ ТН бўйича битта классификация кодини кўрсатган ҳолда, дек­ларациялашга рухсатнома бериш, уни узайтириш, тўхтатиб қўйиш ва чақириб олиш қоидаларини тасдиқлаган.

Бугунги кунда Қозоғистонда божхона маъмуриятчилиги тизими асосан одатда йирик транспорт ва магистрал узеллари ҳисобланган шаҳарларда жойлашган божхона постларида товарларнинг божхона тозалови ва чиқарилиши билан боғлиқ божхона операцияларини амалга оширишга йўналтирилган. Божхонада дек­ларациялаш ва товарларнинг божхона тозалови билан боғлиқ божхона операцияларини такомиллаштириш учун улар қуйидаги аломатлар бўйича тоифалаштирилган: географик жойлашган жойи; транспорт салоҳиятининг мавжудлиги; товар оқимлари ҳажмлари ва декларацияланадиган товар номенклатураси; божхона постининг штатдаги ходимлари сони; божхона ва божхона атрофида ривожланган инфратузилманинг борлиги ва бошқа кўрсаткичлар. Шу тариқа, ҚР божхона постлари қуйидаги тоифаларга бўлинган: «Божхона тозалови маркази», «Энергетик», «Махсус иқтисодий зона», «Ишлаб чиқаришга оид», «Аэропорт»; «Чегарадаги».

Ўзбекистон фермерларини тез бузиладиган юкни тезкор расмийлаштириш мумкинлиги масаласи қизиқтирди. Қозоғистон божхонаси вакилининг жавоб беришича, товарларни божхона декларациясини беришгача чиқариш «Қозоғистон Респуб­ликасида божхона иши тўғрисида» ҚР Кодексининг (бундан кейин – ҚР Кодекси) 298-моддасида назарда тутилган. У ҚР кодексининг 276-моддасида кўрсатилган, БИ божхона ҳудудига олиб кириладиган (олиб кирилган) айрим тоифадаги товарларни божхона таомиллари остида жойлаштирганда (бундан божхона транзити таомиллари мустасно) амалга оширилиши мумкин. Улар жумласига тез бузилувчи маҳсулотлар ҳам киради. Шунингдек ҚР Кодекси 65-моддасининг 2-бандига мувофиқ ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан махсус соддалаштиришлар қўлланган ҳолда ҳам амалга оширилади. Бироқ, декларант томонидан қуйидагиларнинг тақдим этилиши шарти билан:

1) товарларни жўнатувчи ва олувчи, жўнатиш мамлакати ва товарларнинг вазифаси, номи, тавсифи, камида дастлабки тўрт белги даражасида товарнинг ТИФ ТН бўйича классификация коди, товарларнинг сони, брутто оғирлиги ва қиймати кўрсатилган тижорат ёки бошқа ҳужжатлар;

2) товарлар чиқарилган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай божхона декларациясини топшириш ҳамда зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш тўғрисида ёзма шаклдаги мажбурият, унда товарлардан фойдаланиш мақсадлари ва товарлар жойлаштириладиган божхона таомили тўғрисида маълумотлар берилади;

3) тақиқлар ва чеклашларга риоя этилишини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар, бундан бундай ҳужжатлар ва маълумотлар божхона декларациясини тақдим этишда мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Бу хил товарлар божхона декларациясини тақдим этишгача чиқарилганда божхона божлари, солиқлар тўланишининг таъминланиши тақдим этилади.

ҚР норезидентлари товарларнинг декларантлари бўла оладиларми деган саволга эксперт шундай жавоб берди: ҚР Кодексининг 284-моддасига кўра, агар у ҚР Кодексининг 52-бобига мувофиқ божхона имтиёзларидан фойдаланса, товарларни шахсий фойдаланиш учун олиб ўтаётган жисмоний шахс ёки тарафларидан бири бўлиб БИ аъзоси давлатининг шахси майдонга чиққан битим доирасидан ташқарида товарларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳисобланса ёхуд белгиланган тартибда БИ аъзоси бўлган давлат ҳудудида барпо этилган ваколатхонага эга бўлган ташкилот, чет эллик шахс декларант бўлиши мумкин. Мазкур ҳолда вақтинча олиб кириш, реэкспорт божхона таомиллари, шунингдек ички истеъмол учун чиқариш божхона таомили эълон қилинганда – фақат бундай ваколатхоналарнинг ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарларга нисбатан қўлланилади.

Шунингдек эксперт ҚР ҳукуматининг 20.07.2010 йилдаги 745-сон қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари реестри тасдиқланганлигини маълум қилди. Унинг 12-бўлимида божхона соҳасида кўрсатиладиган хизматлар белгиланган. ҚР ҳукуматининг 8.09.2012 йилдаги 1169-сон қарори билан ҚР Молия вазирлигининг Божхона назорати қўмитаси кўрсатадиган давлат хизматлари стандартлари тасдиқланган. Улар бизнес юритишнинг қулайлик даражасини оширишга, шунингдек товарларни божхонанинг экспорт таомилига жойлаштирган ҳолда божхонада декларациялашнинг электрон шаклини жорий этиш йўли билан товарларнинг божхона тозалови чоғида амалга ошириладиган божхона операцияларининг ўтиш вақтини қисқартиришга қаратилган.

Қозоғистон Республикаси молия вазирининг 8.10.2012 йилдаги 456-сон буйруғи билан давлат хизматлари регламентлари тасдиқланган. Автотранспорт воситаларининг божхона тозалови бўйича божхона операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматларни тақдим этиш доирасида Божхона назорати қўмитаси томонидан ихтисослаштирилган Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида ушбу хизматни кўрсатиш бўйича (божхона органлари томонидан) чоралар кўрилмоқда.

 

ЧЕГАРАДА

ТРАНСПОРТ НАЗОРАТИ

ҚР Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги Транспорт назорати қўмитасининг автомобиль транспортини назорат қилиш бошқармаси раҳбари Болат СМАГУЛОВнинг тақдимоти Божхона иттифоқининг ташқи чегарасида транспорт (автомобиль) назоратини амалга ошириш тўғрисидаги битимнинг (Москва, 22.06.2011 йил) асосий қоидалари мавзусига бағишланди. Унинг маълум қилишича, Евросиё иқтисодий кенгаши Давлатлараро кенгашининг 9.06.2009 йилдаги 9-сон қарорини бажариш учун назоратнинг барча турлари, шу жумладан транспорт назорати, 2011 йил 15 июлдан бошлаб Россия – Қозоғистон чегарасидан Божхона иттифоқининг ташқи чегарасига кўчирилган.

Транспорт назорати функциялари Қозоғистон Республикасининг давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида 2010 йил январидан, Россия Федерациясида – 2011 йилдан бошлаб божхона органларига берилган. Белорусь Республикасида ушбу функцияларни божхоначиларга бериш масаласи ишлаб чиқиляпти. ҚР Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги амалдори бугунги кунда БИ ташқи чегарасининг Қозоғистон участкасида автомобилларни ўтказувчи 18 пункт, Россия участкасида – 89, Белоруссия участкасида – 23 пункт жойлашганлигини хабар қилди.

Ҳозирги вақтда БИ ички чегарасида фақат чегара назорати амалга оширил­япти.

Битимга мувофиқ БИнинг ташқи чегарасини кесиб ўтишда БИ иштирокчиси бўлган мамлакатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат амалга ошириляпти. Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар (юришга, оғир вазнли, йирик ўлчамли ва хавфли юкларни ташишга) мавжудлиги, шунингдек оғирлик ва йирик ўлчам параметрларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатилган. Қоидабузарлик аниқланган тақдирда транспорт воситасининг ҳайдовчисига йўл қўйилган ҳуқуқбузарликнинг аниқ тури кўрсатилган хабарнома берилади.

Транспорт воситасининг ташқи чегара орқали ўтиши ва аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборот ҳудудидан ўтиладиган, БИга аъзо давлатнинг транспорт вазирлигига юборилади. Хабарномада транспорт воситасининг бориш йўналиши бўйлаб жойлашган назорат пункти кўрсатилади, у ерга келгач ҳайдовчи қоидабузарлик бартараф этилганлиги исботини тақдим этиши шарт. Бунда БИ назорат пунктларида фақат қоидабузарлик билан бораётган транспорт воситаларигина текширилади. Қоидабузарликни бартараф этиш далили ички назорат пунктларида қайд этилади, бу ҳақда Божхона иттифоқи ташқи чегарасининг бутун параметри бўйича ўтказиш пунктлари хабардор қилинади.

Мисол учун, Россия божхонаси Қозоғистонга бораётган Ўзбекистон транспорт воситасини Қозоғистон қонун ҳужжатларига риоя этилиши бобида текширади. Қоидабузарлик аниқланган тақдирда Россия тарафи қоидабузарлик рўйхатини кўрсатган ҳолда энг яқин Қозоғистон назорат пунктига (транспорт назорати постига) электрон хабарнома юборади. Қозоғистон пости ушбу автотранспорт бўйича аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилганлигини текширади. Агар улар бартараф этилган бўлса, бу ҳақдаги ахборот Россия тарафига юборилади.

БИ тарафларининг назорат органлари томонидан тегишли ахборот тизимлари яратилган, Россия, Қозоғистон ва Белоруссиянинг ваколатли органлари ўртасида ўзаро ахборот ҳамкорлигининг техник шартлари тасдиқланган.

 

Ўзбекистон экспортчилари хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҚРда on-line режимда давлат рўйхатидан қандай ўтишлари, ҚР транспорт инфратузилмаси ва логистик тизимини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ахборот, шунингдек Қозоғистон ҳудудига озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилганда санитария-эпидемиологик талабларнинг, Божхона иттифоқининг божхона чегарасида фитосанитария назоратининг хусусиятлари тўғрисида тушунтиришлар ҳам олдилар.

Фермерларнинг асосий қисмини сурхондарёликлар ташкил этишини ҳисобга олиб, учрашувда Сурхондарё вилояти экспорт салоҳияти ва биргаликдаги ҳамкорлик бўйича таклифларнинг тақдимоти ўтказилди.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2047 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика