Сўз солиққа оид бўлмаган текширувлар тўғрисида борганда, қолган мутасаддиларга қараганда ёнғиндан сақлаш инспекторларини кўпроқ эсга олишади. «Ўт ўчирувчилар»нинг текширувлари ҳақиқатан ҳам шунчалик серташвишми? Мақоламизда биз корхонанинг ёнғин хавфсизлигини текширишга қандай қилиб тайёрланиши тўғрисида тавсиялар беришга ҳаракат қиламиз.
НИМАНИ ТЕКШИРАДИЛАР
Текширишга келган ўт ўчириш инспекторлари қуйидагиларни текширишга ҳақлилар:
ўт ўчириш анжомларининг мавжудлиги;
ўт ўчиргичлар, ёнғинга қарши сув қувурлари, сигнализация ва ёнғинларни аниқлаш ҳамда ўчириш учун мўлжалланган бошқа асбоб-ускуналарнинг созлиги, кўрсатилган воситаларнинг тўғри жойлаштирилганлиги;
текширилаётган объект хона ва иншоотларининг ёнғин хавфсизлигининг амалдаги меъёр ва қоидаларига мувофиқлиги, уларнинг бир-бирига нисбатан жойлашиши, ёнғинга бардошлилик ва ҳоказо;
умуман корхона учун ва алоҳида унинг цехлари, лабораториялари ва бошқа жойлари учун ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳужжатлар;
ёнғинларнинг олдини олишга доир тадбирлар ва унинг ҳудудида ёнғинга қарши режим;
корхонада ёнғин хавфсизлиги хизматининг мавжудлиги ва бошқалар.
Санаб ўтилган талаблар тугал эмас. Ўт ўчириш инспекторлари ёнғин хавфсизлиги меъёр ва қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ бошқа талабларни ҳам текширишлари мумкин.
Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги кўп масалалар ташкилотнинг ички ҳужжатларига асосан ҳал қилинади. Уларнинг мавжудлигини ҳам ўт ўчириш инспекцияси ўт ўчиргичлар, ёнғин енглари, кранлар, гидрантлар ва сигнализациянинг мавжудлиги сингари жиддий тарзда назорат қилади.
ТЕКШИРУВЛАР ТУРЛИ ХИЛ БЎЛАДИ
Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш режали ва режадан ташқари бўлиши мумкин. Ўт ўчириш инспекцияси хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режали тартибда кўпи билан йилига бир марта текшириши мумкин. Белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этувчи хусусий корхоналар ва субъектларнинг фаолиятини текширишлар кўпи билан 2 йилда бир марта амалга оширилади (24.12.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги 717-I-сон Қонуннинг 10-моддаси, бундан кейин – Қонун).
Хўжалик юритувчи субъектларни текширишларнинг даврийлиги текширув объекти хатарнинг қандай гуруҳи ва кичик гуруҳига мансублигига боғлиқдир. Идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, исталган корхона, муассаса, ташкилотни текширишлари мумкин (Ўзбекистон Республикасида давлат ёнғин назорати тўғрисида низомнинг1 15-банди).
Амалиётда текшириш объектлари хатарнинг 3 гуруҳига бўлинадилар. Бу нарса қуйидагиларга боғлиқ:
ижтимоий-иқтисодий, стратегик ёки илмий-техник аҳамиятга;
технологик ва ишлаб чиқариш жараёнларининг хавфлилик даражасига;
ёнғин хавфи ва объектларда ёнғин юз бериши эҳтимолига.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган йиллик режа-жадваллар олдиндан тузилади. Шу сабабли барча ҳужжатларни тартибга келтирган ҳолда режали текширишга тайёргарлик кўриб қўйиш мумкин.
Режадан ташқари текширишлар эса огоҳлантирмасдан ўтказилади ва исталган вақтда – Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, НҚОФМРКнинг текширилаётган объект номини, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текширув ўтказиш мақсади, муддатлари ҳамда уни ўтказиш сабабларининг асослилиги кўрсатилган ҳолда, режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида чиқарган қарори, шунингдек ёнғин назорати органининг текширувни ўтказиш муддатлари мансабдор шахслар таркиби кўрсатилган буйруғига мувофиқ ўтказилиши мумкин.
«Ёнғинга қарши» текширишлар одатда огоҳлантириш тарзида ўтказилади. Шу сабабли уларнинг натижаси жиноий жавобгарликка эмас, балки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш бўлади.
ИЖАРАЧИЛАР ҲАМ ЖАВОБ БЕРАДИЛАР
Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қоидабузарликлар тўғрисида гапирганда жавобгарлик субъекти ким эканлиги, яъни жарима солиниши ёки бошқа санкцияларга тортилиши мумкин бўлган шахс ким бўлишини тушуниш муҳимдир.
Бизнес юритиш учун ажратилган жойларнинг кўпчилик қисми ижарага олиниши сир эмас. Бундай биноларда ёнғин хавфсизлиги чораларига риоя этилиши учун ким жавоб бериши керак? Қонун ҳужжатларида ушбу саволга аниқ жавоб бор. Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун, агар ижара шартномасида бошқача қоида бевосита белгиланмаган бўлса, мол-мулк эгаси жавобгар бўлади (30.09.2009 йилдаги «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-226-сон Қонун 12-моддасининг учинчи қисми).
Одатда ижара шартномаларида ижарачилар ижарага олинган жойларнинг ичида ёнғин хавфсизлигига риоя этилиши учун жавоб берадилар деб кўрсатилади, бунда бинонинг ёнғин хавфсизлиги бўйича масъулият умуман мулкдор зиммасида бўлади. Шу сабабли ҳатто агар ташкилот жойни ижарага олганда у ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариши ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак.
ҲАММАГА КЕРАК ҲУЖЖАТЛАР
Аввало, булар: ёнғин хавфсизлиги чоралари тўғрисида (ёнғинга қарши режимни ўрнатиш тўғрисида); ёнғин чиққанда кишиларни тезда эвакуация қилиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича; ёнғин ўчириш ва ёнғин сигнализацияси қурилмаларига хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар, шунингдек ёнғинга қарши режимни ўрнатиш тўғрисида; айрим участкаларда (бўлимлар, секциялар, цехлар, устахоналар, савдо дўконлари, чодирлари, павильонлари, буфетлар, омборлар ва бошқа жойларда) ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар шахсларни тайинлаш тўғрисида иш берувчининг буйруқларидир.
Корхонада ёнғин бўлганда кишиларни эвакуация қилиш чизмаси; ёнғинга қарши машғулотлар ўтказиш, ходимларга ўт ўчиришнинг техник минимумини ўргатиш ва уларнинг билимларини текширишнинг режа ва жадваллари; корхонадаги ички назорат натижалари бўйича тузиладиган ҳужжатлар (ёнғиндан муҳофаза қилиш қурилмаларини синаш далолатномалари (баённомалари); ёнғин кранларининг ишга қобиллигини текшириш далолатномалари) бўлиши керак.
Шунингдек бирламчи (кириш), такрорий ва режадан ташқари ёнғинга қарши йўл-йўриқлар берилишини ҳисобга олиш журналлари; ўт ўчиришнинг техник минимуми бўйича ходимлардан синов қабул қилиш қайдномалари; электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиш натижалари журналлари, ёнғинга қарши қурилмалар ва ёнғин ўчириш воситаларига доир техник ҳужжатлар ҳамда хўжалик шартномалари (ижара шартномалари – корхонанинг маъмурий ва (ёки) ишлаб чиқариш жойлари ижарага берилганда; пудрат шартномалари – технологик ускуналар таъмирлаш, монтаж қилиш ва бошқа ташкилотга берилганда) бўлиши шарт.
Мазкур рўйхат батафсил эмас, чунки корхоналар учун фаолият тури ва ходимлар сонига боғлиқ ҳолда назарда тутилган ёнғин хавфсизлиги бўйича бошқа ҳужжатлар ҳам бор. Улар билан Ўзбекистон Республикасининг автомобиль транспорти корхоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари2, Энергетик корхоналар учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари3 сингари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда танишиш мумкин.
Ушбу ҳужжатларнинг мавжудлиги ташкилотнинг ёнғин назорати инспектори билан ўзаро муносабатларини анчагина соддалаштириш ва жарималар қўллаш хатарларини камайтиришга қодирки, булар ҳақида биз кейинги материалда ҳикоя қиламиз.
1ВМнинг 17.05.1993 йилдаги 227-сон қарори билан тасдиқланган.
2Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда ИИВнинг Ёнғиндан сақлаш бошқармаси томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 22.01.2000 йилда 878-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
3Ўздавэнергоназорат ва ИИВ ЁХББнинг АВ томонидан 22.04.2004 йилда 1341-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.